ТИВ Ўзбекистон зилзиладан жабр кўрган афғон халқига ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди

Пактика вилоятида вайрон бўлган уйлар, 2022 йил 22 июни

Афғонистоннинг Пактика ва Хўст вилоятларида рўй берган зилзила оқибатида кўплаб инсон қурбон бўлгани ва жароҳатлангани, шунингдек, жиддий вайронгарчиликлар келиб чиққанига оид хабарлар Ўзбекистонда чуқур қайғу билан қабул қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 22 июнь куни тарқатилган баёнотда айтилган.

ТИВ қўшни мамлакатдаги табиий офат чоғида ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.

“Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр”, дейилган ТИВ баёнотида.

Афғонистон шарқидаги Пактика ва Хўст вилоятларида 22 июнга ўтар кечаси юз берган зилзилада, Толибон ҳукумати вакиллари маълумотига кўра, камида 920 киши нобуд бўлган, йўқ деганда 600 киши тан жароҳати олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.