Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябрь оқшомида 96 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Букингем саройи маълум қилди.
Қиролича 1952 йилда тахтга ўтирган бўлиб, Буюк Британия ва Англия тарихидаги энг узоқ ҳукмронлик қилган монарх ҳисобланади.
Елизавета II роппа-роса 70 йил тахтда ўтирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Қиролича бугун Балморалда тинчгина жон берди”, дейилади 8 сентябрь кунги қироллик оиласи хабарида.
Елизавета II нинг тўнғич ўғли – собиқ Уэльс шаҳзодаси Чарльз янги қирол сифатида мотам маросимига бошчилик қилади.
Врачлар назорати остида бўлган Елизавета II аҳволи кескин ёмонлашгани ҳақида 8 сентябрь куни кундузи маълум бўлганди.
Сўнгги бир неча ой мобайнида Елизавета II соғлиғида муаммолар кузатилган, 2021 йил октябрида у охирги 8 йил ичида илк бор Лондондаги касалхоналардан бирига ётқизилган ва ўша ерда бир кеча-кундуз қолган.
Шундан сўнг қиролича врачлар тавсияси билан узоқ жойларга сафар қилишдан бош тортган ва омма олдига ҳассага таянган ҳолда чиқа бошлаган.
Аввалроқ қироличанинг барча фарзандлари ҳамда қироллик оиласининг бошқа аъзолари Шотландиядаги Балморал қасрига етиб боришган.
Қиролича тож кийганига 70 йил тўлгани муносабати билан июнь ойи бошида ташкил қилинган тантаналарда деярли иштирок этмади.
Июль ойида эса, гарчи олдиндан режалаштирилган бўлса-да, Бирмингемдаги Ҳамдўстлик ўйинларининг очилиш маросимида қатнашишдан воз кечди.
Ўтган ҳафтада ҳам Елизавета II Шотландия шимоли-шарқидаги Бремор қишлоғида ўтказилган анъанавий Тоғликлар ўйинларига бормади.
Елизавета II 6 сентябрь куни собиқ ташқи ишлар вазири Лиз Трассни бош вазир лавозимига тайинлаган эди. У Трассга кейинги ҳукуматни тузишни топширган.
Мазкур учрашув қироличанинг Шотландиядаги қароргоҳида – Балморал саройида бўлиб ўтди. Бундан аввалроқ Елизавета II бу саройда Борис Жонсоннинг истеъфосини қабул қилган.
Одатда Британия монархи бош вазирларни Букингем саройи ёки Виндзор қасрида тайинлар эди, бироқ бу сафар қиролича соғлиги сабаб шу қарорга келинган.
Мавзуга алоқадор Британия қироличаси Лиз Трассга янги ҳукуматни тузиш вазифасини топширдиЕлизавета II бундан 70 йил аввал – 1952 йилнинг 6 февралида тахтга ўтирган. У Британия ҳамда Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳисобланадиган қатор давлатлар, жумладан, Канада, Австралия ва Янги Зеландиянинг қироличаси ҳисобланади.
Шу куни унинг отаси қирол Георг VI вафот этган эди. Ўшанда 25 ёшли малика Елизавета Британия мустамлакаси ҳисобланган Кенияда сафарда эди. Лондонга у қиролича сифатида қайтди. Бироқ унга расман тож кийдириш маросими 1953 йилнинг 2 июнида ўтказилди.
Елизавета II Британия тарихида энг узоқ муддат тахтда ўтирган шахс сифатида тарихга кирди. Унинг қироличалик даврида мамлакатда 14 та бош вазир алмашди, Британиянинг кўплаб мустамлакалари мустақилликка эришди ва Ҳамдўстлик иттифоқига кирган қатор давлатлар ўзларини Республика деб эълон қилди.
Қиролича Елизаветанинг ўғли Чарльз тахт вориси ҳисобланади. Елизавета ўзининг тахтга ўтирганининг 70 йиллик юбилейи муносабати билан халққа қилган мурожаатида, вақти келиб Чарльз тахтга ўтиргач, унинг рафиқаси Камилла Паркер-Боулзни қиролича-консорт деб ҳисоблашни илтимос қилди. Корнуол герцогиняси бўлган Камилла Паркер-Боулзга белгиланган тартибга кўра, қиролича мақоми берилмайди.
Бироқ у қиролича-консорт сифатида Чарльз билан тенг ижтимоий мақомга эга бўлади, лекин сиёсий ваколатлар ва тахт вориси бўлиш ҳуқуқи унда мавжуд эмас.