Беларус Ташқи ишлар вазири Владимир Макей вафот этди

Макей шу ҳафтанинг ўзидаёқ у Беларус делегацияси таркибида Ереванда бўлиб ўтган КХШТ саммитида иштирок этгани, бир кун аввал эса Ватикан вакили билан учрашгани хабар қилинганди.

Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макей вафот этди. Бу ҳақда дастлаб "БелТА" агентлиги хабар берди.

Кейинроқ Беларус ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анатолий Глаз бу хабарни тасдиқлади.

Хабарларга кўра, Макей тўсатдан вафот этган. Ҳозирча бошқа тафсилотлар йўқ.

Владимир Макей 64 ёшда эди. Унинг касаллиги ҳақида хабар берилмаган.

Шу ҳафтанинг ўзидаёқ у Беларус делегацияси таркибида Ереванда бўлиб ўтган КХШТ саммитида иштирок этгани, бир кун аввал эса Ватикан вакили билан учрашгани хабар қилинганди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “Москва Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг ўлими ҳақидаги хабарлардан ҳайратда” эканини айтди.

2020 йилгача россиялик кремлпараст ОАВ ва Телеграм каналлари Макейни Беларус ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни Россия манфаатларига зиён етказишга уринаётганликда бир неча бор айблаган.

Шу билан бирга, Макей ва унинг бўлими Александр Лукашенко сиёсатига амал қилдилар - шу жумладан Россия Украинага бостириб кирганидан кейин, Беларус раҳбари Москвани қўллаб-қувватлаган.