Конституция бўйича референдум “Наврўздан кейинга” режаланмоқда

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритилиши кутилаётган референдум 2023 йилнинг баҳорида ўтказилиши айтилмоқда.

Озодликка бир-биридан мустақил икки манбанинг билдиришича, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Ғарбдаги дипломатик каналлар орқали бу тадбирга нуфузли меҳмонларни таклиф қилиш устида ишламоқда.

20 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаат қилади ва унда референдум муддатини эълон қилиши кутилмоқда.

Янгиланган Конституция қабул қилинса, расмийларга кўра, амалдаги президентининг икки муддати “ноллаштирилиб”, унга учинчи муддат президентликка номзодини қўйишга йўл очилади.

Озодликнинг Ўзбекистон Сенатига яқин манбаси ҳукумат конституцион референдумни келаси йил баҳорида ўтказишга ҳозирлик кўраётганини билдирди.

"Конституция бўйича референдум 2023 йил март ойи охири - апрель бошида бўлади. Наврўздан кейин бўлади. Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ҳамда АҚШдан кузатувчилар таклиф қилиняпти”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган манба.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси референдум санасини тасдиқлагани йўқ, аммо ҳозирликлардан хабардор Тошкентдаги мулозим референдум Наврўздан кейинга режаланаётгани ҳақидаги маълумотга “ҳақиқатга яқин” дея муносабат билдирди.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси вакили, Озодлик мурожаатига жавобан: “Ҳозир бу ҳақда бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Бунинг учун президент қарор чиқариши ёки Олий Мажлис бу таклифни тасдиқлаши лозим”, деб маълумот берди.

Қонунчиликка биноан, Ўзбекистонда референдум ўтказиш ташаббуси билан республика фуқаролари, Олий Мажлисининг палаталари ва президент чиқиши мумкин.

“Ўзбекистон республикаси референдуми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига биноан:​

“Референдум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тайинланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти референдум ўтказиш ташаббускори бўлган тақдирда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин”.

Яъни, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, 20 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлисига қиладиган мурожаатида референдум муддатини эълон қилиши мумкин.

Ўзбекистон давлат телевидениеси президентнинг парламентга мурожаатида “мамлакат тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари” эълон қилинишини билдирди, аммо бу устувор йўналишлар нимадан иборат экани ҳақида маълумот берилмади.

Аммо, Ўзбекистон Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг Телеграм тармоғида қолдирган пости бу хабарга баъзи билвосита тафсилотларни қўшди.

Депутатга кўра, депутатлар қўлига 2022 йил бюджетидан 224 ярим миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини шошилинч тасдиқлаб бериш сўралмоқда.

Бу лойиҳада, жумладан “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 404,7 млрд сўмга”, “Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 224,5 млрд сўмга” ошириш сўралмоқда. ​

"Энг қизиғи утилизация йиғими кимларга ва қандай мақсадларда ишлатилаётгани, монополист "UzavtoMotors" утилизация йиғимини тўлаяптими йўқми, бу яширилаётган бир вақтда давлат бюджетидан утилизация йиғими ҳаражатларига 224,5 млрд сўм ажратиш сўралиши мантиқсизлик. Катта эҳтимол билан халқнинг ғазнасидаги бу пуллар монополист компаниянинг ҳисобига ўтказилади. Албатта кўплаб саволларга жавоблар махфий қолаётган бир вақтда бу лойиҳанинг қабул қилинишига тўлиқ қаршиман”.

Монопол ширкатларга бюджетдан ажратиладиган ҳақнинг оширилишию бундан депутатнинг норозилиги алоҳида масала. Аммо, ҳозирданоқ эътироз билан қарши олинган бу лойиҳа, 20 декабрь куни президент қиладиган таклифлардан фақат бири бўлиши аниқ.

Ўзбекистонлик таҳлилчиларга кўра, бу чиқишида президент қатор масалалар - шу жумладан, шу кунда ҳар бир ўзбекистонлик совуғини ўз танасида ҳис қилаётган энергетик инқироз ва қатор иқтисодий, конституцияга ўзгариш киритиши кутилган референдумни ўтказиш зарурати ҳақида гапиради.

Тахминларга, Ўзбекистон президентининг 8 декабрь куни қилган чиқиши ҳам асос бўлмоқда. Ўша кунги чиқишида президент асосан Ўзбекистон Конституциясини ўзгартириш зарурати ҳақида гапирди:​

“Ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу сабабли ҳозирги вақтда „Инсон — жамият — давлат“ деган тамойилни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз зарур".

Президент ва расмий матбуотнинг конституцион ислоҳотлар ҳақидаги чиқишлари, шу кунда мамлакатда авжига чиққан энергетик инқироз фонида, жамоатчиликнинг кескин танқидига учрамоқда.

Шу кунда, ижтимоий тармоқларда фаоллар ва оддий ўзбекистонликларнинг бу йил янада кескинлашган свет-газ муаммосидан норозилиги кескин ортиб бормоқда.

Бу норозиликни бостириш учун, ҳукумат расмийлари кетма-кет баёнотлар берди, ҳатто йиллар давомида расмий мурожаатларига жавоб бермаган Энергетика вазирлиги раҳбарининг Озодликка эксклюзив маълумот берди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Энергетика вазири: метан газ, свет ўчиши ва АЭС ҳақида

Бундан ташқари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тайинлаган масжид имомлари ҳам ўз маърузаларида асосий эътиборни аҳолининг норозилиги бостириш ва айниқса, ижтимоий тармоқларда норозиликни ифода қилишдан қайтаришга қаратмоқда.

Ижтимоий кайфият таранг бўлиб турган бир вақтда Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддинов аҳолини шукр ва сабрга чорлаб маъруза қилди. У “ота-боболар ҳам чироқ ва газсиз яшагани”ни таъкидлар экан, мусулмонларни ижтимоий тармоқларда бу муаммони кўтариб, “мамлакатни бутун дунёга шарманда қилмаслик”ка даъват этди. Айни чоқда, ваҳима, тўполон, қўзғолон билан иш битмаслигини уқтирди.

Расмий баёнотлару имомлар ваъз-насиҳатлари аҳолини тинчлантириш ўрнига, айрим ҳудудларда янги баҳсларни уйғотаётгани кузатилмоқда.

Имом-хатибнинг маърузасига ижтимоий тармоқда кўп минг сонли аудиторияга эга Ақида Хоним ҳам муносабат билдирди.

“Ношукр ва бесабр эканмиз ўйлаб қарасам. 2007-2008 йил эди адашмасам. Қаттиқ совуқ бўлган. Кечаси харорат -28С* га тушиб кетар, газ паст, свет хира, электр печь ёқса, счётчик отворарди. Ухлайдиган хонамизни деразалари муз билан қопланган, овқатни ўчоқда қилардик. Кечаси яхлаб қолмаслик учун баклашкаларга иссиқ сув қилиб, ўшани қучоқлаб ётардик. Хозир духовкани ёқиб, оғзини очиб оёғимни милтиллаб турган оловида иситиб ўтириб шу постни ёзяпман. Биз бесабр ва ношукрларни кечиринглар, домла!” деб ёзди у.

“Боболаримиз электрсиз, газсиз яшади, ўлмади”, деган маърузани ўқиди. Кейин жипга миниб кетди. Туя ёки отга эмас!” дея киноя қилди бошқа бир блогер Санжар Хўжа.

2022 йилининг 26 июнида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.

100дан ортиқ ўзгаришлар орасида, Бош қомуснинг Қорақалпоғистонга оид 5 модда ҳам борлиги, норозиликлар асносида жамоатчиликка маълум бўлди.

Аксар таҳлилчилар, ҳукумат Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид референдумни аввалига Нукус воқеалари сабаб қолдирган бўлса, кейинчалик айнан энергетик тақчиллик боис аҳолида фавқулодда кучайган норозилик кайфияти сабаб яна суришга мажбур бўлди, деган хулосада.

Аксар таҳлилчилар, бу референдумдан сўнг Мирзиёев учинчи муддат президентликда қолишини кутмоқда.

Зотан, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев янги конституция қабул қилинса, Мирзиёевнинг президентлик муддатлари ноллашади, деб баёнот берган:

"Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради…"

Мавзуга алоқадор Ўзбекистонда санаси эълон қилинмаган референдумга тайёргарлик авжида

Яъни, кутилаётган референдумдан сўнг, жорий президент Шавкат Мирзиёев яна бир муддат - қонундан белгиланган икки муддатлик чекловдан ташқари - учинчи муддат президентликка номзодини илгари суриши, ва агар илгари сурса, катта эҳтимол билан президентликда қолиши мумкин.

Агар шундай бўлса, бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси учун ҳам келаси йилнинг энг муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлади.