2022: Мирзиёев vs. Блогерлар. Таёқ, таҳдид ва таъма

Ўзбекистон президенти блогерлар билан, 26 август, 2019, Самарқанд

Блогерлар - бугунга келиб Ўзбекистоннинг янги сўзи ва юзига айланди. Ҳар ҳолда ҳокимият уни шундай тақдим этади.

Гарчи блогерлар Каримов даврида майдонга чиқишни бошлаган эса-да, сўз эркинлигининг кўриниши сифатида Мирзиёев ҳокимиятга келгач эътироф этилди ва кенгроқ йўл берилди.

Мирзиёевнинг ўзи уларни ёрдамчиларим, деб атайди... Аммо блогерларнинг ўзларининг эътирофича, бу эркинлик нисбий.

Аввало, блогерлар ва блогинг ҳақида.

Блог сўзи инглизча blog сўзидан, инглизча блог сўзи эса web log сўзларининг қисқартмаси — ҳозирда интернет-кундалик ёки онлайн-кундалик маъносида қўлланади.

Блогер - блог юритувчи шахс. Блогосфера - блогерлар туну-кун яшаб ижод қилаётган виртуал олам. Блогерлик - мутлақо Интернет ҳодисаси ва нисбатан янги ҳодиса.

Илк блоглар - бир неча жумлалик матн ва фотосуратлардан иборат хабар шаклида - Интернет тармоғидаги сайтларда, 1990 йилларда пайдо бўлган. Яъни, блогерликнинг асли - хабарчиликдан бошланган, дейиш мумкин.

Аммо, кейинчалик блог ёзаётганлар - яъни, блогерлар хабарчиликдан ташқари ўзаро фикр алмашиш, шахсий кечинмаларини улашиш, ўзини таништириш, мулоқот қилиш ва олиш-сотиш каби йўналишларни синай бошладилар. Тез орада, шахсий блоглар ёнига, жамоавий ва корпоратив блоглар қўшилди.

Блог терминининг ўзи, орадан қарийб 10 йил ўтиб - 2000 йилларда кенг истеъмолга кирди. Айнан шу йиллардан аввалига АҚШда, кейин дунёнинг бошқа мамлакатларида сиёсат ва жамоат арбоблари юрита бошлаган сиёсий блоглар кўзга ташлана бошлади.

Ўзбекистонда блогерлик қандай ва қачон оммалаша бошлади?

Ҳозирга келиб блогинг дунёда ва шу жумладан Ўзбекистонда ҳам шитоб билан фаоллашиб бормоқда. Айниқса, YouTube, Instagram, Facebook, Twitter ва Tik tok каби ижтимоий тармоқларида миллионлаб аудиторияга эга бўлган фойдаланувчилар бор.

Улар ўз навбатида блогер ва влогерларга ажралиб қолди. Яъни, воқеликка ўз шахсий позициясини матн шаклида ёзиб ёки фото-видеохабар улашиб ўқувчи қозонаётган анъанавий веб-блогерлар.

Влогерлар видеошарҳ ёки видеоконтент улашади, томошабин қозонаётган. Уларнинг сафи Интернетнинг ўзбек сегментида ҳам фавқулодда кенгаймоқда.

Бундан ташқари, таҳлиллари ва тақдим қилаётган эксклюзив маълумотлар боис, блогерлар соҳаларига кўра ҳам ажралиб қолди:

  • сиёсат;
  • инсон ҳуқуқлари;
  • иқтисодиёт ва банкинг;
  • ҳуқуқшунослик;
  • давлатчилик ва жамият,
  • тиббиёт;
  • таълим;
  • дин;
  • ижтимоий муаммолар,
  • маиший ҳаёт,
  • Шоу-бизнес

ва ҳоказо, ўнлаб йўналишда номи чиққан блогерлар кўзга ташланмоқда.

Берилган эркинликнинг чегараси борми ва у қаерда?

Шавкат Мирзиёев, 2016 йилда Ислом Каримов вафот этиши билан ҳокимиятга келди ва илк кунларидан катта-катта ислоҳотлар ваъдасини бера бошлади.

Ўзбекистоннинг диктаторлик режими остида кечган қарийб 30 йиллик ҳаётидан сўнг - ўзини ислоҳотчи президент сифатида тақдим қилган Шавкат Мирзиёевнинг бу гапларидан жамоатчилик - ўзбек матбуотига узоқ кутилган эркинлик берилишини кутган эди.

Орадан қарийб 7 йил ўтди. Расмий матбуот эркинлашмади. Буни нафақат халқаро ташкилотлар, ҳатто президентнинг ўзи ҳам куни-кеча қилган чиқишида тан олди:

«Шахсан ўзим ОАВда чиққан таклифларни мунтазам кузатиб боряпман. Давлат телевидениесида кўп нарса йўқ. Хусусий ОАВ, телеканаллар фаол ишлаяпти. Халқимизнинг эркин фикри, яхши таклифларини ошкора беришяпти. Бу ҳам очиқлик сари қилган ҳаракатларимиз белгиси, бу ислоҳотларда давом этамиз».

Аммо, Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Янги Ўзбекистонда, президент ваъда қилганидек, умумиятла матбуот эркинлашмади.

Ижитмоий тармоқларда, матбуот ёзмаган мавзуларни ёзиб, жиддий таҳлил қилаётган ҳамда бунинг учун турли даражадаги ҳокимият органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушаётган блогерларнинг аксари - сўз эркинлиги чекланганини эътироф этадилар. Гарчи бу ҳақда Озодликка очиқ айтишга рози бўлган блогерлар кўпчилик эмас.

Шу ҳолатнинг ўзи ҳам расмий ва хусусий оммавий ахборот воситалари учун ўта чекланган ва ҳатто, қарийб кўринмаётган сўз эркинлиги - аслида блогерлар учун ҳам кескин чегараланганидан далолатдир.

Блогерлар тегмаётган мавзулар эса талай - президент ва унинг оиласи, Бош вазир, Тошкент ва бошқа вилоятлар ҳокимларидан айримлари ва оиласига алоқадор танқидий, коррупцион иддаоларга оид мавзулар, давлат харидларига оид коррупцион иддаолар, газ-нефть соҳасида ҳукумат даражасидаги мулозимлар аралшгани даъво қилинаётган катта кўламдаги ўғриликлар ва ҳоказо.

Бундан ташқари, жойларда ҳокимият, куч ишлатар тузилмалари қилаётган қонунбузарликлар.

Бу каби, норасмий табу қўйилган мавзуларни ёритган ёки тилга олишга уринган блогерларга нисбатан жиддий босим бўлаётган, ҳибс ва қамоқ жазолари қўлланганига оид мисоллар тобора кўпайиб бормоқда.

- Маҳаллий ҳокимият органларини коррупция учун кескин танқид қилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 6 ярим йилга қамалган,

- Ҳокимият идораларидаги коррупцияни танқид қилган, сўз эркинлиги ва ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимоясига чиқиш қилган тошкентлик блогер Миразиз Бозоров аввалига калтаклаб кетилди, сўнгра 3 йилга уй қамоғига ташланган,

- Ўзбекистон расмийларининг дин бўйича сиёсатини танқид қилган тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалган.

- 2022 йил якунига келиб эса, энергетик инқироз учун ҳукуматни кескин танқид қилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров қисқа муддат ҳибс қилинди ва 21 миллион жаримага тортилди.

- Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда оиласини непотизм ҳамда коррупцияда айблаган тошкентлик тармоқ фаоли Шоҳида Саломова аввалига ғойиб бўлди, сўнгра ҳибсга олингани маълум бўлди.

- Ўзбекистонда коррупция, хусусан президент куёвларини кескин танқид қила бошлаган Youtube тармоғидаги Ko'zgu канали муаллифи журналист Абдуқодир Мўминов уйи яқинида калтаклаб кетилди, унинг ўзи буни “суиқасд” деб даъво аризаси киритди.

Ўзбекистонда блогерларга нисбатан босим ва тазйиқлар Human Right Watch, "Чегарасиз мухбирлар" ташкилоти, Халқаро Журналистлар қўмитаси, АҚШ Давлат департаменти, Amnesty International каби ташкилотлар томонидан муттасил қораланмоқда.

  • “Блогерлар таҳдид қилинмоқда ёки ҳибсга олинмоқда. “Халқ фикри” канали асосчиси Отабек Сатторий қисмати бунга мисол. Унинг суд жараёнини ёритишга уринган журналистлар ҳужумга ёки асоссиз жиноий таъқибга учради”. “Чегарасиз мухбирлар” ташкилоти, 2021
  • “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича ислоҳотлар суръати 2021 йилда, айниқса, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган октябрдаги президент сайлови арафасида тўхтаб қолди ва айрим жиҳатларда орқага чекинди”. Human Rights Watch ташкилоти, 2022
  • “Халқаро майдондаги блогерлар мамлакатда туризм ва маиший ҳаёт ҳақида оммавий ҳамда енгил мавзуларни ёритишга рағбатлантирилар экан, ҳукуматнинг маҳаллий фаоллар томонидан танқид қилиниши ҳануз имконсиздир, бу эса мамлакатда сўз эркинлиги қаттиқ чекланганича қолаётганини англатади”. Amnesty International, 2022

Аммо, Ўзбекистонда ҳокимият ва халқ ўртасида кўприк бўлган 4-ҳокимият вакилларидан кўра таъсири кучлироқ бўлиб бораётган ўнлаб нисбатан мустақил ва нисбатан эркин фикрловчи блогерлар ҳам бор.

Бундай блогерларнинг аксари, саводли ва профессионал матн ёзадиган таҳлилчи, шарҳловчи ва хабарчилик қилаётган турли касб эгалари. Қуйида улардан баъзилари:

  • Davletov.uz - Қобилжон Ҳидиров, журналист
  • Bakiroo - Отабек Бакиров, иқтисодчи
  • Xushnudbek.uz - Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос
  • TROLL.UZ - Ғофур Ибрагимов,
  • TentakMinds
  • Zafarbek Solijonov ҳуқуқшунос
  • Диёр Имомхўжаев спорт шарҳловчиси
  • Muxbir Daliev журналист
  • Эффект Макаренко
  • Муҳрим,
  • Aqida Hanum
  • Aziza Umar kundaligi
  • Sanjar Xo'ja
  • Alter Ego

Бундан ташқари, шу кунда нисбатан эркинлашган ижтимоий тармоқлар - айниқса, YouTube, Telegram ва Facebook тармоғида саҳифа очиб, каттагина аудитория йиғишга улгурган инфлюенсерларнинг каттагина жамоаси бор.

Аммо, кузатувчилар ва блогерларнинг ўзлари, Ўзбекистонда аудиторияси катта ва кун сайин ўсиб бораётган блогерлар бир неча тоифага ажралиб бораётганини қайд этмоқда:

  • Ҳокимиятга мойил ёки ҳокимиятга яқин блогерлар,
  • Пул топиш мақсадида ўзи учун ишлаётган блогерлар,
  • Ўз фуқаролик позициясини холис билдириб давлат ва жамият равнақи учун ишлаётган мустақил блогерлар.

ОАВ ўрнига қўйилаётган блогерлар фаолияти қандай тартибга солинади?

Яна бир жиддий масала - Ўзбекистонда блогерлик фаолиятининг ҳозирча қонунчилик билан тартибга солинмаганидир. Яъни, блогерлик фаолияти, мажбурияти ва ҳимоясини белгиловчи ҳуқуқий асос йўқ.

Жамиятдаги жиддий муаммолар ва бир учи ҳукумат ва ҳатто президент оиласига бориб тақаладиган жиддий коррупцион муаммолар ҳақида чиқиш қилаётган блогерларнинг эрки ҳукумат томонидан чекланаётганига оид жиддий иддаолар бор.

Жумладан, ҳокимият органларида “сарой жавоҳирлари” деб номланаётган блогерлар гуруҳи пайдо бўлгани ва АОКА махсус назоратга олгани, цензура қилаётганига оид иддаолар шулар жумласидандир.

АОКА - президент ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва оммавий коммуникация агентлиги. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олувчи ва уларнинг фаолиятини регуляция қилувчи давлат органидир.

Озодлик мана бу саволларни АОКАга йўллади ва ташкилот ёзма жавоб берди:

1. АОКА блогерлар фаолиятини регуляция қиладими ва агар қилса, қандай ҳуқуқий асосда ва тартибда регуляция қилади?

ЖАВОБ:

“Блогерлар фаолиятини АОКА ҳеч қачон регуляция қилмаган, чунки бундай қонуний норманинг ўзи йўқ, уларнинг фаолиятига ҳеч қачон аралашмайди. Фақат қонун(лар)ни бузишса, хабарнома жўнатилади (ВМҚ-707 ва ВМҚ-807 асосида).

"Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида таъриф бериб ўтилган ҳамда ушбу қонуннинг 121-моддасида ахборот тарқатишда қонунга зид қандай ахборотлар олиб ташланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Ахборот манбасини танлашда ва уни тарқатишда блогерлар буткул эркин фаолият юритишмоқда. АОКА қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда блогерларни фаолиятини тартибга солиш, назорат қилиш, рўйхатга олиш, уларни алоҳида рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ишларини олиб бормайди.”

2. АОКА Ўзбекистонда аудиторияси ошаётган ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатаётган блогерларни цензура қилади, деган иддаолар бор, бу тўғрими?

“Нотўғри. Фақат ёлғон ахборот беришса, хабарномалар жўнатилади (ВМҚ-707 ва ВМҚ-807 асосида).

Мазкур тарақатилаётган кунлик ахборотлар блогерларнинг шахсий фикри ёки вазиятга шахсий қараши сифатида қаралади ва улардан оммавий ахборот воситаларига бўлгани каби маълумотни текшириш, холисликни талаб этиш шартлари сўралмайди.

Баъзан бу каби эркин ахборот тарқатиш жараёнларида вазиятдан жумбушга келган блогерлар томонидан ахборотда ёлғон, камситувчи, сўкиниш ва бошқа қонунчиликка зид сўзлар ифодаланган бўлса, комментларда жамоатчиликка таҳдид солувчи сўзлар, ҳақоратлар ёзилган бўлса, жойлаштирилган постини ўзгартириш ёки қонунчиликка асосан модерация қилиш талаб этилади”.

3. АОКА воситачилигида, ҳукумат ва айрим конкрет амалдорларга хизмат қиладиган, давлат ва лобби гуруҳлари сиёсатини тарғиб қилувчи блогерлар гуруҳи борлиги иддао қилинади, бу тўғрими?

“Нотўғри. АОКАга ундай ваколат берилмаган. Ахборот технологияларининг ривожланиши реал фойдаланувчиларни махсус ботлардан ёки буюртма асосида ёлланган шахслардан ажратиб олиш қийинчилигини кўрсатмоқда.

Бу ишлар платформа эгалари томонидан истеъмолчиларга, фойдаланувчиларга, гуруҳ раҳбарлари ва админларига бериладиган техник имкониятларни, уларга ўрнатилган тартибда шу ижтимоий тармоқларни барча функцияларидан, шикоятлар бериш орқали модерация функцияларидан, ўзини-ўзи бошқариш функцияларидан фойдаланишни жорий қилиш керак бўлади. Бу билан барчага сўз эркинлиги берилишини таъминлаган ҳолда, иккинчи томонидан юқоридаги каби ёлланма махсус тор, мақсадли доирадаги манфаатларга хизмат қилувчи блогерларни оддий фуқароларнинг фикридан устун келмаслигига эришиш мумкин бўлади”.

Аммо, АОКА ва шу каби расмий давлат органларининг бу каби баёнотларидан жамоатчилик ўртага ташлаган саволларга жавоб топилмайди.

Жумладан, аксар тармоқ фаоллари ва кузатувчилар ҳануз Мирзиёев ва ҳукумати нега матбуотга эмас, танланган блогерларга чекланган эркинликни берди, деган саволни бот-бот ўртага ташлайди.

Зотан, президент ахборот олувчи манба сифатида блогерларга кўпроқ ишонишини бир неча бор айтган. Президент, бундай блогерлардан айримларини, ҳатто халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўлган "Тўртинчи ҳокимият" - ОАВ ва уларнинг журналистларидан устун қўйиб, ёнига олган.

Бундан ташқари, Озодликнинг "Шоввозсой" мажмуаси ҳақидаги суриштирувидан сўнг, Шавкат Мирзиёев ОАВга эмас, айнан блогер Азиза Қурбоновага изоҳ берганди.

Аксар таҳлилчилар, жумладан Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомов, бу савол-жавоб саҳналаштирилган, деб баҳолаган:

"Блогер Азиза Қурбонова “Шоввозсой” ҳақида савол берганини олайлик. Бу блогерлар тоифасига бир оз ён босиш, уларга қандайдир савол бериш имкониятини яратиш эди, холос. Айни чоғда, агар шу савол кескинроқ тарзда журналистлар томонидан берилганида жавоб бунчалик жиддий, шаффоф ва ишончли чиқмаган бўларди. Табиийки, журналистларнинг ўзи ҳам профессионаллик даражаси ва қанчалик мустақил эканига кўра, бир-биридан фарқ қилади. Менинг фикримча, агар Мирзиёев фикр билдириш ва ахборот эркинлигини чеклашни хоҳлаб қолса, бундан блогерлардан кўра оммавий ахборот воситалари кўпроқ зарар кўради, чунки блогерларни жиловлаш режим учун анча осон кечади".

Таҳлилчилар, расмий ва давлат матбуотига, худди танланган блогер ва хусусий нашрларига берилгани каби эркинлик бериш – айнан ҳукуматнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолаётганини қайд этмоқда.

Матбуот эркинлиги аҳволини кузатаётган халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистон ҳукуматини сўз эркинлиги борасида берилган ваъдалар ва эълон қилинган ислоҳотларни тилда такрорлаш эмас, амалда бажаришга чақириб келмоқдалар.