ССВ сотуви тўхтатилган дорилар рўйхатини эълон қилди

Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қўшимча текширувдан ўтказиш мақсадида эҳтиёт чора сифатида “Quramax Medical” МЧЖ томонидан олиб кирилган барча препаратлар сотуви тўхтатилди. Бу ҳақда расмий хабар тарқатган соғлиқни сақлаш вазирлиги сотувдан олинган дорилар рўйхатини ҳам илова қилган.

Рўйхатда оммавий ахборот воситалари орқали реклама қилинган “Анасеп гель”, “Травамакс”, “Нолгрипп”, “Цинепар” каби дорилар номини кўриш мумкин.

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” ҳамда “Амбронол” дориларини ичган ўнлаб болалар ҳаётдан кўз юмди.

Чуқурлаштирилган текширув натижасига кўра, “Quramax Medical” томонидан импорт қилинган ушбу препаратларда норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлик аниқланган.

ДХХ мазкур фирма ҳамда Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази масъул шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатган.

Болаларнинг бевақт ўлими ортидан мамлакатда дори-дармон рекламасини буткул тақиқлаш таклиф этилмоқда.