Бухоро вилояти суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.
Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, 11 январь куни давлат айбловчиси судланувчиларга тегишли моддалар бўйича уларнинг айбини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда қонунда белгиланган тартибда жазо тайинлашни сўраган.
“Gazeta.uz” нашрининг суд залидаги манбасига таяниб ёзишича, прокурор Нукус воқеаларидаги асосий айбланувчилар Даўлетмурат Тажимуратов ва Лолагул Қаллихановага 18 ва 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлашни сўраган.
Дастлабки айблов хулосасига кўра, асосий айбланувчилар Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244 (оммавий тартибсизликлар) ҳамда 244−1-моддаларида (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланган.
Айблов томони қолган судланувчиларга қуйидагича жазо тайинлашни мақсадга мувофиқ деб топган:
- Даулетмурат Жиемуратов ва Аллабай Токимбетов – 9 йил,
- Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев, Бахтияр Кадирбергенов, Разбек Бекмуратов ва Султанбек Каипов – 8 йил,
- Байрам Сейтниязов, Азамат Нуратдинов, Саидабулла Медетов, Нурлан Найипов, Полат Шамшетов, Саиипназар Калимов, Арислан Темирханов ва Амирбек Адилбеков – 7 йил,
- Кахарман Сейтимов ва Полат Нурниязов – 6 йил,
- Нурлан Султамуратов – 5 йил,
- Судланувчилар Саламат Калилаев ва Бердах Генжебаевга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаш сўралган.
Бугун, 12 январь куни судланувчиларнинг адвокатлари сўзлаши кўзда тутилган.
Қорақалпоғистонда 2022 йил 1-2 июль кунлари рўй берган воқеалар бўйича биринчи бўлиб очилган ишда айбланувчилар 22 нафарни ташкил этади. Улар ЖКнинг 10 га яқин моддаси, жумладан, оммавий тартибсизликлар ва конституциявий тузумга тажовузда айбланмоқда.
Нукус воқеаларида жами 171 киши айбланмоқда. 39 нафар судланувчига доир яна бир иш алоҳида кўриб чиқиш учун ажратилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди