Ўзбекистондаги туман ва шаҳар ҳокимларидан 152 нафари қишки таътилда маҳаллий санаторийларда, 46 нафари эса хорижда дам олиши белгиланган.
“Kun.uz” нашри хабарига кўра, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб қайтган.
Ҳокимлар Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон ва 2-сон шифохоналари, “Қибрай”, “Чинобод Плаза”, “Турон” ва “Оқтош” санаторийлари ҳамда Россиядаги Ўзбекистон санаторийларида соғлиғини тиклаши, шунингдек, бошқа хорижий давлатларда таътилга чиқиши кўзда тутилган.
Администрация топшириғига кўра, вилоят прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари – ИИВ марказий ҳоспиталида, вилоят солиқ бошқармалари бошлиқлари – “Хумсон” санаторийсида, туман ва шаҳар прокурорлари, ИИБ ва солиқ инспекцияси бошлиқлари – Касаба уюшмасининг ҳудудлардаги санаторийлари ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида соғлиғини тиклайди.
Таътил вақтида мансабдорларга санъаткорлар хизматда бўлади. Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековга санаторий ва тиббиёт масканларида таниқли санъаткорлар иштирокида маданий тадбирлар ташкил этиш юкланган.
Аввалроқ “Рост24” нашри Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш тарғиб қилинаётган бир вақтда амалдорларнинг Туркия, Таиланд, Мальдив ва Россиядаги сиҳатгоҳларида дам олишини савол остига олган эди.