Тошкентда аномал совуқ сабаб 5 кун давомида бепул ош тарқатиш йўлга қўйиляпти.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 16 январгача пойтахтдаги тўйхоналарда аҳолига текин ош тарқатиш ҳокимлик томонидан амалга оширилади.
Ҳокимликнинг Телеграм каналида қайси тўйхонада соат неччида бепул ош тарқатилиши рўйхати эълон қилинди.
Хабарда айтилишича, бугуннинг ўзида 5та тўйхонада текин ош тарқатилган.
Бепул ошга егуликка муҳтож аҳоли қатлами, кам таъминланган оилалар, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси, ободонлаштириш бошқармаси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари келишлари мумкин.
Ҳокимлик хабарида битта тўйхонада неча кишига ош тайёрланиши ва ош ейишга келувчиларни қай тартибда ажратиб олиш ҳақида айтилмаган.
Шунингдек, ҳокимлик томонидан дея тақдим этилаётган 5 кунлик ошга кетадиган ҳаражат очиқланмаган.