Наврўз байрами нишонланган 21 март оқшомида Афғонистонда 6,6 балли зилзила содир бўлди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, ер силкиниши Тошкент вақти билан соат 21:47 да содир бўлган, зилзила маркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича Ўзбекистон пойтахтидан 307 километр олисликда бўлган.
Ер силкиниши кучи Сурхондарё вилоятида 5-6 баллга, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллга, Хоразм вилоятида 4-5 баллга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4 баллга тенг бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар ва видеоларда ер силкиниши ортидан мамлакатнинг турли ҳудудларида кўплаб одам уйларидан ташқарига чиқиб олганини кўриш мумкин. Содир бўлган зилзила талафотларга сабаб бўлиб-бўлмагани ҳақида ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ.
Бу орада Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ваҳимага ўрин йўқлиги, чунки зилзила физик геологик асосларига кўра кучли зилзиладан сўнг ундан кучли зилзила юз бермаслигини билдирган.
Маркази Афғонистонда бўлган зилзила таъсири Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилмоқда.