Россияда тақиқланган “Финист-Сарлочин” “Илҳом” театрида ўқилди

"Финист-Сарлочин" спектакли

Тошкентдаги “Илҳом” театрида Россияда тақиқланган, муаллифлари “терроризмни ёқлаш”да айбланиб қамалган “Финист-Сарлочин” спектакли мутолааси бўлиб ўтди.

“Исломий давлат” жангариларига турмушга чиққан россиялик аёллар ҳақидаги бу спектакль Россияда тақиқлаб қўйилган.

Уни саҳналаштирган драматург Светлана Петрийчук ва режиссёр Евгения Берковичлар 5 май куни Москва шаҳар Замоскворецк суди томонидан “терроризмни ёқлашда” айбланди ва икки ойга ҳибсга олинганди.

Драматург Светлана Петрийчук Москванинг Замоскварецкий тумани судида.

“Илҳом” театри режиссёри Максим Фадеевнинг айтишича, бу спектаклни у Светлана Петрийчук ва режиссёр Евгения Беркович билан бирдамлик рамзи сифатида саҳналаштирган.

“Женя ва Светанинг иккита “Олтин ниқоб” мукофотини олган спектакли учун терроризмни ёқлаганликда айбланиб, ҳибсга олинганини эшитиб шокка тушдим. Умуман Россияда сўнгги пайтларда бўлаётган воқеалар манзарасида икки истеъдодли аёлнинг санъат асари учун қамалиши менимча қонунсизликни бир кўриниши”, - дейди Фадеев.

“Илҳом” театри россиялик режиссёр Евгения Беркович билан азалий дўстлик ришталарига эга.

Тошкентлик режиссёр Беркович билан ҳамкорликда “Геркулеснинг тўртинчи жасорати” спектаклини саҳналаштирган.

“Биз шу спектаклни бу ерда томошабинларга намойиш этишга қарор қилдик Мақсад Женя ва Светани қўллаб- қувватлаш эди”, - дейди Фадеев.

Спектакль мутолааси - бу театр томошасининг бир тури. Саҳнада декорациялар бўлмайди, актёрлар ролига мос либос киймайди. Актёрлар спектаклни ўқиб, томошабинга етказади.

“Мақсад бу ерда иложи борича кўпроқ томошабин спектаклни кўриб ўзи хулоса чиқарсин, икки аёл режиссёрга нисбатан илгари сурилаган айблов қанчалик абсурд эканини тушунсин. Биринчи навбатда биз инсонмиз. Ҳар биримиз шу қизларни ўрнида бўлиб қолишимиз мумкин. Эшигимизни қачон таққилатишини кутиб ўтирмайсизку. Биз бу ҳақда бонг урмоқчи эмасмиз, шунчаки одамларга кўринг мана спектакль, қанақа қилиб бунинг учун уни муаллифларини қамаш мумкин”, - дейди "Илҳом" театри актёри Глеб Голендер.

"Финист-Сарлочин" спектакли "СОСО қизлари" мустақил театрининг лойиҳаси бўлиб, у тарғиботга берилиб, "радикал исломий жангариларга турмушга чиқишга" ва Сурияга кетишга қарор қилган аёллар ҳақида.

Режиссер Евгения Беркович.

Светлана Петрийчук спектакли ижтимоий тармоқлар орқали жиҳодчилар билан танишиб Сурияга кетган рус аёлларининг ҳақиқий ҳикояларига асосланган.

2019 йилда премьераси бўлган спектакль 2022 йилда “Олтин ниқоб”нинг икки номинацияси бўйича мукофот олди.

Беркович энг яхши режиссёр номинациясида ғолиб бўлди.

Икки режиссёрнинг ҳибсга олиниши таниқли санъаткорлар ва маданият арбоблари томонидан қораланмоқда.

Улар фикрича, икки россиялик санъатчига қарши очилган иш "жоҳиллик намунаси”.

"Сукут сақлаб бўлмайдиган нарсалар ҳақида гапириш керак"

“Илҳом” театри актрисаси Клавдия Безматернихнинг айтишича, спекталь аслида терроризмни қоралайди.

“Менимча театр сукут сақлаб бўлмайдиган нарсалар ҳақида гапириши керак. Менимча бу айнан жим қараб туриб бўлмайдиган нарсалар ҳақида гапириш керак бўлган мавзу.

Унинг қаҳрамонлари буюк ва соф севги учун ҳамма нарсага тайёр аёллардир. Муаммо шундаки, улар ҳаётларида ҳеч қачон бундай туйғуни, шунингдек, ғамхўрлик, меҳрибонликни ҳис қилмаганлар”, - дейди актриса Клавдия Безматерних.

Ўтган йили Россия қуролли кучлари Украинага бостириб кирганидан кейин Москва сўз эркинлигига босимни кучайтирди.

“Финист- Сарлочин” спектаклининг мутолааси қўшни Қозоғистонда, Олмаотадаги “АРТ ва ШОК” театрида ҳам намойиш этилмоқда.

Театр репертуарда Светлана Петрийчукнинг "Финист-Сарлочин" спектаклидан ташқари "Мушкетёрлар" ва “Ҳамма нарсага Вайнштейн айбдор” спектаклллари ҳам бор.

Ўзбекистондаги ўзига хос маданият ва ҳурфикрлилик маркази бўлган театр халқаро фестивалларда Ўзбекистон санъатини тақдим қилиб келади.

Ўтган йил сентябрь ойида “Илҳом” театрида “Хилватдаги қизлар” спектакли уни бекор қилиш уринишларига қарамай кечикиш билан бўлса ҳам намойиш этилди.

“Илҳом” театрида “Ер ости қизлари” спектакли кечикиш билан бўлса ҳам намойиш этилди.

Спектаклда Афғонистонда 2021 йил августида ҳукумат Толибон қўлига ўтганидан кейин даҳшатли аҳволга тушган аëллар қисмати ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси спектакль Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларга путур етказиши мумкинлигини айтиб, ИИБ ва Миллий гвардияга сценарийни ўрганиб чиқишни сўраб хат ёзган эди.

Ушбу хат ортидан спектаклнинг 10 сентябрь кунига белгиланган премьераси қолдирилди.

Cпектаклнинг тақиққа учраши тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлгач масалага Ўзбекистон Адлия вазирлиги аралашди.

Вазирлик Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг хатини қонуний кучга эга эмас деб топди, уюшма қонунчиликни бузди дея, давлат ташкилотларига юборган хатини ижродан чақириб олиш ҳақида кўрсатма берди.

Театр жамоаси буни жаҳолат устидан эришилган ғалаба деб атаган. "Илҳом" театри ходимларига кўра, Россияда тақиқланган "Финист-Сарлочин" спектакли ўқилишига "тепадан эътироз бўлмаган".

#LepsKerakmas

Айни пайтда Украинадаги урушни дастакловчи, путинпараст россиялик ашулачи Григорий Лепснинг Тошкентда концерт ўтказиш режаси тармоқларда норозиликка сабаб бўлди.

Кўплаб фойдаланувчилар Украинадаги урушни дастаклаётган россиялик артистнинг ташрифига ўз норозиликларини билдирмоқда.

Лепс шу йилнинг 23 октябрида Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” саройида концерт бериши ҳақида хабар қилган. Эълонга ишонилса, Украина танкларига қарши сафарбарлик эълон қилган хонанданинг концерти учун чипталар 4 миллион сўмгача (тақрибан 350 АҚШ доллари) сотилмоқда.

Ўзбекистонлик блогер Мирзо Зомини кремлпараст россиялик қўшиқчи Григорий Лепснинг 23 октябр куни Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган концертини бекор қилиш кампаниясини бошлади.

Ўзининг Телеграм каналида у #LepsKerakmas хештеги ташаббуси билан чиқди.

"Ўзбекистон сенларнинг ота-бобонгдан қолган мулк ёки жангчиларингни мукофотлаш учун пул йиғиладиган жой эмас. Тошкентдаги концерти учун чипталар 150 000 сўмдан 4 миллион сўмгача экан.

Ор-номуси бор ўзбекистонликлар, максимум бўлишинг. Қонхўр машина ёқилғи билан таъминланишига йўл қўйманг“, деб ёзди блогер.

Украинанинг танкларини портлатганлик учун пул мукофоти беришни ваъда қилган хонанда Лепснинг Қозоғистондаги концерти ижтимоий тармоқлардаги норозилик тўлқини ортидан бекор қилинган эди.

Концерт шу йилнинг июль ойида Олмаота вилоятидаги Конаев шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди.

Аввалроқ хонандалар Григорий Лепс ва Николай Басков Украина Қуролли кучларига оид танкларни йўқ қилган ҳар бир кишига бир миллион рублдан мукофот беришларини эълон қилишган эди.