“Росавиация” Тверь вилоятида қулаб тушган хусусий учоқда Евгений Пригожин бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда ТАСС хабар агентлиги маълум қилди.
“Бугун кечки пайт Тверь вилоятида юз берган Embraer учоғи ҳалокати бўйича текширув бошланди. Йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин исми ва фамилияси ҳам бор”, дея "Росавиация"дан иқтибос келтирди ТАСС агентлиги.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Тверь вилоятида Москвадан Санкт-Петербургга парвоз қилган хусусий учоқ ҳалокатга учраган.
“Тверь вилоятининг Куженкино аҳоли пункти яқинида Москва-Санкт Петербург парвозини амалга ошираётган Embraer Legacy хусусий учоғи қулаб тушди”, дейилади расмий хабарда
Россия ФВВ маълумотига кўра, учоқ бортида уч нафар экипаж аъзоси дохил 10 киши бўлган. Уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган.
“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига яқин Grey Zone Телеграм-канали регистрация рақами RA – 02795 бўлган “Embraer Legacy 600” учоғи “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга тегишли эканини ёзди.
Хабарда айтилишича, учоқ Тверь вилоятининг Бологовск туманида ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган.
Россиянинг бошқа қатор Телеграм-каналлари ҳам учоқ Пригожинга тегишли эканини ёзмоқда.