Ўзбекистонда рўмол ва соқолга қарши кампания яна кучайган.
Озодликка 13 сентябрь куни жўнатилган видеотасвирларда Андижон шаҳридаги банк коллежи олдида рўмолни ҳижоб сифатида ëпиниб олган талабалардан уни орқадан ўраш талаб қилинаётганини кўриш мумкин.
Талабга бўйсунмаганлар коллеж остонасидан ортга қайтариляпти.
“Андижон шаҳридаги банк коллежидан мурожаат қиляпмиз. Рўмол ўраган талаба қизлардан рўмолини орқа тарафдан ўраш талаб қилиняпти. Бу талаб қонунийми?”, деб ёзди видеони жўнатган талаба.
Ўзбекистон "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги қонунининг (янги таҳрир) 14-моддасида фуқароларга жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги айтилган.
Андижон шаҳридаги банк коллежи олдидаги бу манзарани шу кунларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлардаги билим даргоҳларида ҳам кузатиш мумкин.
Бухоро муҳандислик-технология институтининг 3-курс талабаси Фотима Абдуллоҳ қизи эса ҳижоби мажбурлаб ечтирилгани ҳақида Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёевага мурожаат қилди.
“Институт проректори, унинг маслаҳатчиси, замдеканим, тюторим мени мажбурлаб ҳижобимни ечтиришга мажбурлашди. Ҳурматли Саида Шавкатовна! Ҳижоб билан ўқишга бориш қизлар учун тақиқланмаганлигини ва биз қизларни ҳимоя қилишингизни илтимос қиламан. Институт раҳбарияти ҳижоб ечтиришни эмас, умуман дарс ўта олмайдиган ўқитувчиларини текширсин....”, - деб ёзди талаба ўз мурожаатида.
Бундан олдин Чирчиқ Давлат педагогика университети раҳбарияти ушбу университетнинг ўзбек тили ва адабиёти учинчи босқич талабаси Каромат Муқимовага университет ётоқхонасидан жой олиши учун ҳижобини ечиш талаби қўйилгани ҳақида хабарлар олинганди.
Соқол ва ҳижобга қарши кампания Олий Мажлис жамоат жойларида юриш-туришга доир Кодексга ўзгартиришларни қабул қилгани манзарасида кузатилмоқда.
Ўтган жума Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбари, муфтий Нуриддин Холиқназаров ислом динида қандай либос кийишга оид қатъий қоида йўқлигини айтган. Муфтий Олий Мажлис қабул қилган жамоат жойларида юриш-туришга оид Кодексга тузатишларга шу тариқа муносабат билдирган.
13 сентябрь куни Озодлик Ўзбекистон масжидларида азон кучайтиргичларни пасайтиришга кўрсатма берилгани ҳақида хабар қилганди.
Озодлик манбаларига кўра, 10 сентябрь куни ўтган ҳукумат йиғилишида Бош вазир Арипов давлат хизматчиларини масжидга бормаслик ҳақида “огоҳлантирган”.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистон масжидларида азон овози пасайтирилмоқда, Арипов давлат хизматчиларини "огоҳлантирди"
Ҳукумат матбуот хизмати шундай мажлис бўлганини тасдиқлади, лекин Ўзбекистон бош вазирининг амалдорларга ё динни, ёки давлат ишини танлаш талабини қўйгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Тошкентдаги рейдлар
Алихонтўра Шокиржон ўғли исмли Фейсбук фойдаланувчиси, шу кунларда Сергели бозорида "антисоқол" рейди ўтказилгани, соқолли 10 киши ушланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилингани" ҳақида ёзди.
Бошқа бир Фейсбук фойдаланувчисининг ёзишича, 13 сентябрь куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманида 4 кишининг соқоли мажбуран қириб ташланган. Қаршилик кўрсатган 1 киши 15 суткага қамоққа олинган.
“Бугун, Аср ва Шом оралиғида Зангиота, Янги-Йўл туманларида рўмол ўраган фуқаролар уйларига қора маскалилар бостириб кириб тинтув ўтказишди. Дини ва эътиқодини яшириб яшайдиган пайтлар келди”.
11-12 сентябрь кунлари Тошкент шаҳар прокуратураси қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси ва Давлат санитария эпидемиология станцияси ходимлари томонидан ўтказилган қўшма рейдлар давомида пойтахтдаги 10 дан ортиқ йирик кафе ва ошхоналар ёпилди.
Улар орасида Ал-фажр, Lagmon House, Тарновбоши, Бурса, Ниҳол ва Жўжа сингари йирик емакхоналар бор. Уларнинг барчаси гўё санитария қоидаларига амал қилмасликда айбланган ва уларнинг эшиги СЭС томонидан муҳрланган.
Шунингдек, Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасидаги диний адабиётлар, атторлик ашёлари ва диний либослар сотувчи бир қанча дўконлар назоратга олинган.
Дўконларнинг номларидан исломий ибораларни олиб ташлаш, дўкон пешлавҳаларидан араб имлосидаги таблоларни олиб қўйиш тавсия қилинмоқда.
Бироқ мазкур емакхоналарнинг ёпилиши мамлакатда бошланган диний таъқиблар билан боғлиқ бўлиб, емакхоналарнинг барчасида ҳижоб кийган, соқол қўйган шахслар фаолият олиб боришган. Бундан ташқари мазкур емакхоналар қошида намозхоналар ҳам бўлган.
Озодлик сўзлашган кафелар эгалари уларнинг барча ишчи-ходимлари Шайхонтоҳур ва Олмазор тумани ИИБларнинг терроризм бўлимига олиб борилганини, эркаклар соқолини олдиришга, аёллар эса ҳижобларини ечишга мажбурланганини айтишди.
“Емакхоналар номаълум муддатларга ёпилди. Соқолларини олишга қаршилик қилган ишчиларимизнинг айримлари жаримага тортилди, айримларини 3 суткага ёпишди. Жойнамозларни йиғиштириб кетишди. Биз намозхоналарни ёпиб, кафеларимиздан ҲАЛОЛ тамғасини олиб ташлашимиз, кафеларимизнинг номларини ўзгартирганимиздан сўнг уларни очиб беришни ўйлаб кўришармиш”, деди емакхона эгаларидан бир.
Президент Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал Ўзбекистонда аёлларнинг рўмол ўрашига ҳеч ким қарши бўлмаслигини айтган эди.
Мавзуга алоқадор Президент Мирзиёев: Ўзбекистонда ҳеч ким¸ ҳеч қачон рўмолга қарши бўлмаган!
Президентнинг бу гапи Фарғонада вилоят ҳокими мажлисда рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса, рўмолни ўша туман ҳокимининг оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилгани ҳақидаги аудиоёзув тармоқда тарқалганидан саноқли кун ўтиб айтилди.
Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган.
Айни пайтда 13 август куни тармоқларда Тошкентнинг Зангиота туманидаги “Ал-Имон” масжиди имоми вояга етмаган болаларга ноқонуний тарзда диний таълим берганликда айбланиб, 330 минг сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар тарқалди.
Туман суди қарорида айтилишича, 16 август куни Зангиота тумани ИИБсининг терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари ўтказган тадбирда имом қарийб бир йилдан буён ўзи ишлаётган “Ал-Имон” номли масжидида вояга етмаган 2 нафар болага “Муаллими Соний” ва “Қуръони Карим” китобидан кичик суралардан ноқонуний равишда диний сабоқ бериб келганлиги аниқланган.
46 яшар масжид ходимининг хатти-ҳаракати ҳуқуқбузарлик дея малакаланган.
Ўзбекистонда мактабни битирмаган болаларга хусусий тартибда ёки масжид ва бошқа ибодатхоналар қошида диний таълим бериш ёки Қуръон ўқитиш қонунан ман қилинган.
"Ўзбекистон яна эски тафаккурга оғишмоқда"
Ўзбекистоннинг дунёвий ҳукумати кўп йиллар давомида ҳижоб ва соқолни диний радикализм белгиси сифатида кўриб келган.
Жамоат жойлари, жумладан таълим муассасалари ва ҳукумат ташкилотларида ҳижобда юриш ҳукумат қарори билан тақиқланган эса-да, охирги йилларда расмийлар бу ҳолатга кўз юмиб келаётганди.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, "Ўзбекистонда дин ва виждон эркинлиги, нормал таъминланмасдан туриб, тўлиқ демонтаж қилиниш томон кетаётгандек тасаввур шаклланмоқда".
“Минг афсуски, Ўзбекистон яна эски тафаккурга оғишмоқда. Яна жамиятнинг диндорлик даражаси билан курашишга мойил бўлмоқда. Албатта бу гапларим ёқмайди. Умуман, муаммолар ҳақида нима учун гапирилади? Чунки, бу йўналишнинг охири фақат муаммо яратади. Давлатни банкрот қилади. Жамиятни орқага ташлайди. Афсуски, давлат ҳалқаро стандартлардаги виждон ва дин эркинлигини тушунишни ва жорий қилишни истамаяпти”.
“Ҳалига қадар давлат сиёсати очиқ мулоқот асосида эмас, ёпиқ ёки норасмий директивалар асосида амалга оширилмоқда. Ҳуқуқий доирада эмас, сиёсий кайфият асосида қилинмоқда. Бир қараса – соқол олиш, румол ечиш кампаниялари... Бир қараса – рухсат берилиб, тегиниш таъқиқлари. Яна бир қараса бир кунда ўнлаб диний стандартдаги ресторанлар ёпилган, диний ахборот билан курашилган...
Бу – одамлар тафаккурида “давлат дин билан курашаяпти” деган хулосани кучайтиради... Бу – давлатни ўзини кучсизлантиради. Аниқ қоида – бу виждон ва дин эркинлиги бўлиши керак, шу ўйин қоидасини тушуниш, тушунтириш ва мустаҳкамлаш керак. Ҳуқуқий давлатлар бошқа йўл топа олмаган. Ўзбекистон ҳам бошқа йўл топа олмайди”, - деб фикр билдирди Раббимов Фейсбук саҳифасида.
2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.
2018 йилда ҳудди шу ташкилот Ўзбекистон диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришганиин қайд этиб, мазкур рейтингдан чиқарган ва уни “алоҳида назоратга муҳтож давлатлар” рўйхатига киритган эди.
Ҳуқуқ фаоллари шундан сўнг БМТ махсус маърузачиси ва АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси билан Ўзбекистон расмийлари ўртасида ўзаро мулоқот деярли узилиб қолганини айтишади.
Ўтган йилларда Ўзбекистонга келмоқчи бўлган БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга уч марта ташрифи белгиланиб, сўнг бекор қилинган.
Ўзбекистон расмийлари мамлакат диний эркинликлар соҳасида илгарилаб бораётганини даъво қилишади. Расмийлар БМТ Махсус маърузачи тавсияси билан қийноқлар билан ном чиқарган "Жаслиқ" қамоқхонаси ёпилгани, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун сўнгги халқаро талаблар даражасида ислоҳ қилинганини таъкидлайдилар.
Адлия вазирлиги диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ва ҳисобот талаблари соддалаштирилганини айтган.
Жумладан, рўйхатдан ўтиш учун тўловлар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 20 тагача, яъни 18,4 миллиондан 3,6 миллион сўмгача камайтирилган.
Фаолият юзасидан ҳисобот даврийлиги йилига 4 дан 1 мартагача туширилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаги чиқишларидан бирида қарийб 18 минг нафар шахс “қора рўйхат”лардан чиқарилганини айтган эди.
Шунга қарамай, халқаро ташкилотларнинг сўнгги мониторинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон диний эркинликлар учун хавфли мамлакатлар сирасига киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, 2021 йилнинг 1 август ҳолатига мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2 285 та диний ташкилотлар мавжуд.
Шуларнинг 2098 таси исломий, 188 таси бошқа диний оқимларга мансуб ташкилотлардир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган. Диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.