14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов депутат Дониёр Ғаниевнинг “Док-1 Макс” иши бўйича саволига жавоб берар экан, жорий йил сентябрь ойида бир қатор ҳудудларда болалар йод препаратидан заҳарланганига ҳам тўхталди.
Вазир, хусусан, йод препаратини беришда доза меъёрдан ошириб юборилганини тан олди.
“Яқинда бўлиб ўтган “Антиструмин” воқеасида ҳам вазирлик бунинг передозировка эканини 100 фоиз тан оляпти. Бу билан боғлиқ бўлган барча масъул ходимлар қонун олдида жавоб беришни бошламоқда”, деган вазир.
Депутат ўз саволида болалар ўлимига олиб келган ҳолатларда вазирлик юқори мартабали мулозимларининг сиёсий жавобгарлиги масаласини кўтарган.
“Тиббиёт жуда оғир йўналиш” эканини урғулаган А.Иноятов эндиликда бундай ҳолатга йўл қўйишга тизим вакилларининг ҳақи йўқлигини айтган.
“Кеч билганимиз бизнинг хатомиз эканини ва такрорланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, деган ҳукумат мулозими.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
2023 йил 20 сентябрдан Ўзбекистондаги боғча ва мактабларда болаларни йод етишмовчилигидан ҳимоя қилиш мақсадида профилактик дозада йод таблеткаси ичирила бошланган. Орадан бир неча кун ўтиб, Наманган вилояти Чуст туманидаги боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари – жами 70 дан ортиқ бола заҳарланиш аломати билан шифохонага ётқизилган.
ССВ таркибида йод бўлган “Антиструмин” маҳаллий дори воситасидан фойдаланишга тақиқ жорий этгани ҳолда, болалар доридан заҳарланганини инкор этган. Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова болаларнинг соғлиғи ёмонлашишига ЎРВИ сабаб бўлганини иддао қилган.
Кейинроқ президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманганга бориб, оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Бош прокуратура маҳаллий матбуотга ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) асосида жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Бу орада ССВ “Samo” компаниясидан 3,55 млн қути “Антиструмин” препаратини қарийб 22 млрд сўмга тендерсиз сотиб олгани, ширкат таъсисчиси Нодир Юнусов эса АҚШда қидирувда экани ошкор бўлди.
“Gazeta.uz” нашрининг эслатишича, куни кеча парламентда доридан заҳарланишни “100 фоиз тан олган” вазир Иноятов 26 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга “Антиструмин” мавзусига “чуқур кирмаслик”ни маслаҳат берган эди.