Франция ҳукумати ўтган ой Ўзбекистонга депортация қилинган Муҳсинжон Аҳмедовни Францияга қайтариши керак бўлади.
Франция Конституциявий суди фарғоналик Аҳмедовнинг Ўзбекистонга қайтарилишини ноқонуний деб топган.
Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциациясига кўра, шу йилнинг 14 ноябрида ватанига юборилган Муҳсинжон Аҳмедов Фарғонадаги ҳибсда қолаётир.
Аҳмедов, диний мотивлардаги жиноятларда айблангач, Ўзбекистондан қочиб чиққан ва 2019 йилдан буён Францияда бошпана олишга уринаётган эди.
Президентлар Макрон ва Мирзиёевнинг Тошкентда ўтган учрашувидан ҳеч қанча ўтмай, унинг ҳануз қийноқ қўлланадиган Ўзбекистонга бериб юборилишини ҳуқуқ ҳимоячилари кескин танқид қилаётганди.
Озодлик Аҳмедов ишига биринчи бўлиб эътибор қаратган ва ҳозир асосий савол - Аҳмедовни ўзбек қамоғидан Францияга қандай қайтариш мумкин, деган савол билан ҳуқуқ фаолларига юзланди.
"Айбловни тан олмайман"
“Мен айбловни бўйнимга олмайман, мен ҳеч нарса қилмаганман. Ҳунарманд, ишчи бўлсам. Мен устидан ёзганимга террорчи қилиб қўйишди. Ҳаводан олиб ёзаверасизларми? Одамнинг ҳаёти ўйинчоқми?” деганди Муҳсинжон Аҳмедов, 2022 йилда Озодликка берган интервьюсида.
Бу интервьюни Францияда туриб берганди. Ўша пайтда у бошпана изловчи шахс мақомида эди.
Аҳмедов Ўзбекистонда терроризм ва диний радикализмда айбланиб 2016 йилда қидирувга берилган.
Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева ва бошқа фаоллар уни юртига қайтармасликни сўраётганди.
Ўзбекистон қийноқ қўлланадиган давлат, деган такрор-такрор огоҳлантирувга қарамай, 14 ноябрь куни Франция уни Ўзбекистонга депортация қилди.
"Аҳмедов Францияга қайтарилсин"
Орадан қарийб бир ой ўтиб эса, Франция суди депортация қарорини бекор қилди. Бундан ташқари, Франция ташқи ишлар вазирлигига Аҳмедовни қайтариш мажбурияти юкланди.
Франция Конституциявий суди кенгашининг N° 489817 иш бўйича қарори:
- 1- банд: Париж Маъмурий судининг 2023 йил, 16 ноябрдаги қарори бекор қилинсин;
- 2-банд: Ички ишлар вазирлиги ва Европа ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Аҳмедовни имкон қадар тез давлат ҳисобидан Францияга қайтариш учун зарур барча чора-тадбирларни кўриш буюрилсин;
- 3-банд: Маъмурий юстиция кодексининг L.761-1 моддаси асосида, жаноб Аҳмедовга 3 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбурияти давлат зиммасига юклансин;
- 4-банд: Талабномадаги бошқа сўровлар рад этилсин;
- 5-банд: Бу қарор жаноб Муҳсинжон Аҳмедовга етказилсин;
- Париж, 7 декабрь, 2023 йил.
Давлат хатоси тан олинди
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева Францияда суд давлат хатосини тан олди, дейди:
"Франция Конституциявий суднинг бу қарори Франция республикасининг, ўз фуқароси ёки хорижликка нисбатан бўлишидан қатъий назар, давлатнинг хатосини тан олиш маҳоратини ҳам намойиш қилди. Унинг Ўзбекистондан қандай қилиб Францияга қайтарилишини тасаввур қилиш қийин. Аммо, ҳозирча аниқ кўриган битта йўл бор - икки давлат дипломатларининг ўзаро фаол мулоқоти”.
Айни пайтда, Аҳмедов ҳозир Фарғона ҳибсхонасида, уни яқинларига кўрсатишмаяпти.
Оиласига кўра, Муҳсинжон билан фақат адвокати кўришмоқда. Онаси Ҳакимахон Юнусалиева, депортациядан сўнг ўғлини фақат бир бор - 15 ноябрь куни Қўқон шаҳар ИИБ биноси ёнида кўрганини айтади.
Муҳсинжон Аҳмедов - Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Франциядан депортация қилингани Озодликка маълум илк ўзбек.
Агар Франция Конституциявий суди қарори бажарилса, у ўзбек қамоғидан Францияга қайтарилган илк ўзбек бўлади.
Фаоллар француз судининг бу қарорини, нафақат Ўзбекистон ва Франция, балки Европада мисли кўрилмаган уникал ҳодиса, демоқда.
“Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аҳмедов иши жамоатчилик диққатига молик, чунки бундай эътибор унга нисбатан адолат суд ва қийноқлардан ҳимояни таъминлаши мумкин. Агар Ўзбекистонда Аҳмедовга нисбатан адолат тикланса, Каримов даврида ёлғонлар билан илинган айбловлар бекор қилинса, у ҳолда Францияга қайтиб нима қилади? Зеро, у доим болалари ва онасининг ёнида бўлишни орзу қилган”, дейди Атаева.
Қайтариш учун қонуний процедура йўқ
Муҳсинжоннинг ҳуқуқларини Ўзбекистонда ҳимоя қилаётган адвокат Шавкат Эргашев Франция суди қарорига изоҳ беришга қийналди.
Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда мавжуд қонунчилик доирасида бу қарор ижроси қарийб имконсиз.
“Бунинг имкони борми? Аҳмедов - Ўзбекистон фуқароси, бунинг устига унга нисбатан ўз давлатида ўта оғир жиноятлар бўйича айблов эълон қилинган ва уни суд кутяпти. Умид қиламанки, суд уни оқлайди. Лекин, нима бўлганда ҳам, ўзбек қонунчилигида, бошқа бир давлатнинг ўз юртида жиноий жавобгарлиги бўлган Ўзбекистон фуқаросини қайтариб олишига йўл берадиган процедуранинг ўзи йўқ ва Аҳмедовдан ҳали айбловлар олиб ташлангани йўқ”, деди Шавкат Эргашев, Аҳмедовнинг адвокати.
Айни пайтда, Франция ҳуқуқий майдонида ҳам Аҳмедовни қайтариш учун тайёр механизм йўқ.
Яъни Аҳмедов иши - бу давлатда ҳам прецедент яратмоқда.
“Менга маълум бўлишича, ўзбек қонунчилиги жиноий айбловлар билан айбланган Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатдан чиқишига изн бермайди ва Аҳмедов ҳозирча айбловлардан озод бўлгани йўқ. Биз унинг аҳволидан ҳамда Ўзбекистонда ноқонуний муносабат ва қийноқларга тутилиши мумкинлигидан жиддий хавотирдамиз”, дейди Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлик ташкилотининг Марказий Осиё бўйича дастур раҳбари Рэйчел Газовски.
Айблов ўзгарди
Муҳсинжон Аҳмедов 2019 йилдан буён Францияда сиёсий бошпана кутаётган эди.
Озодликка берган интервьюсида асоссиз айбловлар билан 2016 йилда қидирувга берилганини даъво қилган.
Мавзуга алоқадор Франциядан депортация қилинган ўзбек Фарғона ИИБда тергов қилинмоқдаЎзбекистон бўйлаб тарқатилган варақаларда, унинг Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-модда 3-қисми, 244-1-моддаси 1-қисми, 244-2-моддаси, 246-модда 1-қисми ва 246-модда 2-қисми билан терроризм, тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик ва контрабанда билан боғлиқ ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилиниб, қидирувга берилгани айтилганди.
Ҳозир ноқонуний, деб топилган депортация сабаб Аҳмедов яна Фарғона ҳибсхонасида - ўзининг даъвосича, уни террорчига чиқарганлар қўлига тушди.
Адвокати Шавкат Эргашевга кўра, Аҳмедов билан кўришувига монелик йўқ, ҳимояланувчисининг аҳволи яхши ва унга нисбатан қийноқ қўлланилмаётир.
Ҳозир Аҳмедовга нисбатан айблов қисман ўзгарган. У Ўзбекистон ЖКнинг 159-моддаси, 1-қисми, 244-1 ва 246-моддаларида гумон қилиниб, тергов қилинмоқда:
- 159-модданинг 1-қисми - Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдоридаги жаримадан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- 244-1- модда - Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдоридаги жаримадан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
- 246-модда - Контрабанда - 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Озодликда Аҳмедовга нисбатан илгари сурилган бу айбловларни мустақил равишда тасдиқловчи ёки инкор қилувчи маълумотлар йўқ.
Дастлабки жиноят иши топилмаяпти
Адвокатдан олинган яна бир муҳим маълумотга кўра, шу кунда Фарғона ИИБда Аҳмедовга нисбатан 2016 йилда очилган жиноят иши ҳужжатлари ҳам топилмаяпти.
“Жиноят иши ғойиб бўлиб қолиши мумкин эмас. Агар бу ишни адвокат ололмаётган бўлса, демак бунинг сабаблари бор: ё янги ҳолат сабабли прокуратура ёки ДХХ бу ишни олган, зотан у терроризм билан боғлиқ. Ёки, бу иш ғойиб бўлгани юзасидан прокуратурага арз қилиб, уни ким йўқотди ва ҳозир бу иш ҳозир қаерда эканини аниқлаш керак бўлади. Аслида, жиноят ишининг йўқолиб қолиши - далилларнинг йўқ қилиниши бўлиши мумкин. Айни ҳолатда, бу - айбловларга Аҳмедов алоқадор эмаслигидан далолат бўлиши мумкин”, дейди Надежда Атаева.
Муҳожиратдаги "қаҳрамон уста"
Муҳсинжон Аҳмедов Францияда ҳам устачилик қилган. Оиласи унинг иш вақтида олинган видеоларини Озодликка тақдим қилди.
Бундан ташқари, у Францияда қаҳрамон сифатида ҳам матбуот тилига тушган.
2020 йил апрелида Франциянинг Монтеро шаҳридаги ёнғинда, яна 3 қочқин билан бирга, бир кексанинг ҳаётини сақлаб қолганди.
Бу воқеа ўша пайтда Франция матбуотида катта шов-шув бўлди. 4 қаҳрамонга шаҳар мэри “Монтеро фахрий медали”ни ҳам тақдим қилган.
Бу 4 қочқинга сиёсий бошпана бериш сўралган петицияни қарийб 30 минг одам имзолаган.
Бундан ташқари, Европа суди уни турмасида қийноқ қўлланадиган Ўзбекистонга қайтармаслик ҳақида 2 та қарор чиқарган.
Шунга қарамай, уни депортация қилишди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги йилларда Франция ҳукумати постсовет давлатлари, Осиё ва Африкадан борган муҳожирларга кескин муносабатда.
Булар орасида бошпана сўрови қондирилганлар йилдан-йилга озаймоқда. Аксинча ими-жимида юртига депортация қилинганлар сони кўпаймоқда.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, Конституциявий суд қарори - Франция ва умуман Европадаги вазиятни тубдан ўзгартиришига ҳам умид бор.
Оқланмаган диндорлар
Зотан, фаолларга кўра, сўнгги йилларда хориждан ҳимоя излаган ўзбекларни қайтариш амалиёти Европанинг бошқа давлатларида ҳам кузатилмоқда.
Қайтарилганлар, айниқса диндор ва мухолиф муҳожирларнинг аксари, аэропортданоқ ҳибсга олиниши кузатилади.
Ўзбекистонни қарийб 30 йил бошқарган Ислом Каримов даврида, диний-сиёсий мотивларда айбланиб, қидирувга берилган ўзбекистонлик кўп бўлди.
Уларнинг аксари ҳануз хорижда, кўпроқ Европа давлатларида.
Бундай фуқаролар одатан, терроризм, давлат тузумини ағдариш, тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик каби ўта оғир жиноятларда гумон қилинади.
Шавкат Мирзиёев, 2016 йилда ҳокимиятга келганидан кейин 16 минг кишини “қора рўйхат”дан чиқарганини айтган. Аммо, рўйхатдан чиққанлар оқланмади.
Минглаб кишига нисбатан очилган жиноят ишлари ҳануз маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари столларида турибди.
Яъни, аввалига ўзини ислоҳотчи сифатида дунёга тақдим қилган президент Шавкат Мирзиёев ваъдалари Ғарбда ҳам олқишлар билан қарши олинди.
Хусусан, Франция билан Ўзбекистон ўртасида борди-келди қуюқлашди. Шавкат Мирзиёев 2018, 2023 йилларда Францияга борди. Эммануэль Макрон эса шу йилнинг ноябрь ойида Тошкентда бўлди.
Геосиёсат оқибатлари
Аммо, фаолларга кўра, бундай геосиёсий ва иқтисодий мулоқотлар илиқлашуви фонида қатор Ғарб ҳукуматлари фундаментал муаммоларни унутмоқда.
Ўзбекистонда сўз эркинлигининг чеклангани, турмалардаги қийноқлар, ҳокимиятдаги коррупция каби жиддий муаммолар шулар жумласидандир.
2022 йилнинг февралида Россия Украинага уруш очгач, Ўзбекистон-Европа муносабатларидаги бу аҳвол янада оғирлашди.
Уруш бутун дунё, хусусан Марказий Осиёда ҳам геосиёсий муҳитни тамомила ўзгартириб юборди.
“Франция халқаро ҳуқуқ билан зиддиятга киришмоқда, бир тарафдан. Бошқа тарафдан, бу ўринда Франциянинг Ўзбекистон томони берган ахборотга қанчалик ишониши ҳам муҳим. Айнан Аҳмедов ишида французлар Ўзбекистон берган ҳар бир далил-исботга ишонади, деган фикрдан йироқман. Лекин, бу ерда ҳозир Франция ва умуман бутун Европани хавотирга солатган ташқи омиллар бор. Яъни Ўзбекистон Москва ва Хитойнинг қаттиқ таъсири остида қолиши мумкин, деган хавотир. Яъни, Ўзбекистонга нисбатан геосиёсий манфаатлар, инсон ҳуқуқлари борасидаги Европа стандартларининг пасайишига туртки бўлмоқда. Узоқ муддатда эса бу Европанинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида эришган нуфузига албатта путур етказади”, дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази раҳбари Алишер Илҳомов.
Фаоллар, кетма-кет икки урушга гувоҳ бўлаётган дунёдаги вазият қанчалик таранглашмасин, Ғарб ҳукуматлари Ўзбекистон каби давлатлар билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги принципларидан тоймаслиги керак, демоқдалар.
Акс ҳолда бу айнан Ўзбекистон мисолида, мавжуд вазиятни янада оғирлаштириши мумкин, деб огоҳлантирмоқдалар.