Уйидан қочиб умид қувганлар: Қочқин ва муҳожирлар қисмати

Уруш. Можаро. Иқлим ўзгариши. Иқтисодиёт. Таъқиб. Сиёсат.

Сабаблар турфа, аммо халқаро миграция оқимида сузаётганларнинг бир муштарак жиҳати бор: Улар хафвсизлик, ўзлари ва оилалари учун фаровон ҳаёт излаб, ўзлари истамаган ҳолда уйларини тарк этади.

БМТ халқаро мигрантлар сонини 300 миллионга етишини айтади. Ҳар саккиз муҳожирдан бири боладир.

Яъники, дунё аҳолисининг 3.6 фоизи кўчиб, ўз умиди кетидан қувиб юради.
18 декабр – Халқаро муҳожирлар куни муносабати билан Озод Европа/Озодлик радиосининг турли тиллардаги хизматлари биз хабар узатадиган 23 та давлатга дахлдор муҳожирлик ва қочқинлик масалаларига эътибор қаратди.

2023 йил учун бу украиналиклар Россия босқинидан қочганини; Тоғли Қорабоғни ташлаб чиққан этник арманларни; 6 миллиондан ортиқ афғон зўравонликлар ва табиий офатлар туфайли мамлакат ичида сарсон кўчиб юрганини; Ғазодаги урушнинг минтақавий оқибатларини; Покистоннинг 1 ноябргача ҳужжатсиз юз минглаб афғонларни мамлакатдан чиқариб юбориш қарорини англатади.

“Икки ой ичида 375-400 минг киши [Покистондан Афғонистонга] кўчиб ўтишини эсласак, бу мутлақо ақл бовар қилмас ҳодиса”, дейди Озодлик билан суҳбатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) сўзчиси Итайи Вирири. "Асосий хавотирли масала шуки, бу қайтиб келаётган одамларга Афғонистонда қандай ёрдам берилади."

Афғонистонга қайтган ва чегарадаги муваққат лагерда яшовчи Сардор ўтган ой Озодлик мухбири билан суҳбатда: “Муаммоларимиз кўп. Пул йўқ. Ҳатто ҳожатхона йўқ” дейди.

Аввалроқ Озодлик ижодий жамоаси Мексика орқали АҚШга йўл олган ўзбек ва бошқа марказий осиёлик муҳожирлар тақдирини ўрганиш учун Америкага сафар қилган.

Европа Иттифоқи Украина можароси ва қочқинлардан "чарчади"ми?

Европа Иккинчи Жаҳон урушидан бери энг йирик қочқинлар оқимига дуч келди. Россия Украинага бостириб кирганидан бери 6 миллиондан ортиқ одам – асосан аёллар, болалар ва қариялар Европанинг турли давлатларига кўчиб ўтди.

Брюссель Украинага ёрдам давом этишини айтаётган бўлса-да, сиёсатчилар ва Евроиттифоқ аҳолиси “Украина можаросидан чарчагани” ҳақида гапира бошлади. Уларнинг аксарияти CОVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодий тикланишнинг сустлиги шароитида қийналаётганини айтмоқда.

Украинани қўллаб-қувватлаш тобора сусайиб бораётганидан хавотирлар кучайди. Киев ўзининг қарши ҳужумида боши берк кўчага кириб қолди.

Бироқ, кўплаб экспертлар “Украина инқирозидан безиш" ҳақидаги хабарларга скептик қарайди ва буни Россия дезинформацияси сифатида кўрмоқда.

Эвакуация қилинганлар 2022 йил 7 март куни.

Қочқинлар инқирози

БМТ қочқинлар агентлиги маълумотларига кўра, 21 ноябрь ҳолатига кўра, 2022 йил февралидан бери 6,3 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этган. Биргина Европа 5,9 миллион украиналик қочқинни қабул қилган.

Европа Иттифоқи Россия босқинидан 10 кун ўтиб, украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тўғрисида қонунни қабул қилди ҳамда 2001 йилда қабул қилинган Вақтинчалик Ҳимоя Директивини илк бор ишга туширди. Ушбу тизим бўйича украиналик қочқинлар рўйхатдан ўтиш учун фақат шахсий гувоҳнома ёки паспортни кўрсатиши етарли бўлади. Кузда Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари 2024 йил мартда тугайдиган енгиллаштирилган тартибни яна бир йилга узайтирди.

Россиянинг кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери ҳозирда 6 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этган.

Сўнгги ўн йил ичида миграция масаласи ЕИда мунозарали ва бўлинувчи масалага айланди. Бу 2016 йилдаги Брехит референдумининг ҳал қилувчи омили бўлди, натижада Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетди ва Европа сиёсий ўнг қанотининг яшаришига сабаб бўлди.

2015 йилда рекорд даражада, 1,3 миллион одам қуруқлик ва денгиз орқали хавфли йўлларни босиб ўтиб Европага кирган ва бошпана сўраган. Европага келган қочқинларнинг аксарияти Суриядаги фуқаролар уруши ва «ИШИД» экстремистик гуруҳидан қочганлар. Қочқинларни қабул қилиш борасида Европа Иттифоқи 2 қутбга бўлинди: блокнинг баъзи давлатлари қочқинларни қабул қилиш блокнинг маънавий бурчи эканлигини билдирди, бошқалар эса аксинча ўз чегараларини ёпишни афзал кўрди.

Ҳатто барча қийинчилик ва ноаниқликларга қарамай, украиналиклар бошқа қочқин гуруҳлари билан солиштирганда яхши мослашяпти, дейди Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича ҳукуматлараро ташкилот (ОECD) халқаро миграция бўлими раҳбари Жан-Кристоф Дюмонт.

Март ойидаги статистик маълумотларга кўра, аллақачон мустаҳкам украин ҳамжамиятига эга бўлган Полшада қўшни Украинадан келган қочқинларнинг 71 фоизи иш топиб улгурган. Германияда иш билан бандлик даражаси пастроқ бўлган, июнь ойида сўровда қатнашган қочқинларнинг фақат 24 фоизи иш топганини билдирган.

"Украиналикларнинг иш билан бандлик кўрсаткичлари ажойиб, уларнинг аксарияти бир йил олдин келган. Бунинг сабаблари кўп. Масалан, биринчи кундан бошлаб уларга меҳнат бозорига кириш имкони берилди; қолаверса уларнинг кўпи юқори малакали. Ишчи кучининг танқислиги ва улар таяниши мумкин бўлган украин жамоаларининг мавжудлиги ҳам асосий омиллардан ҳисобланади” дейди Дюмонт.

Украиналик қочқин Кишинёвда ўғли билан Германияга кетаётган автобусни кутмоқда. 2022 йил 13 апрель.

2022 йилги босқиндан кейинги дастлабки ойларда Полша бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ украиналик қочқинларни қабул қилди. Яқинлик, ташкил этилган муҳожирлар жамоаларининг мавжудлиги, тил ва маданият ўхшашлиги Полшани украиналиклар учун энг мақбул манзилга айлантирди. Ҳозир эса кўплаб қочқинлар Германияни танламоқда.

Европа Иттифоқи статистик маълумотларига кўра, центябр ойи охирида Германияда деярли 1,2 миллион украиналик рўйхатга олинган, Полшада бу кўрсаткич 958 мингга яқин.

Нега Германия? Варшава университети қошидаги Европа маркази билан тадқиқот олиб борган Полшада жойлашган бандлик агентлиги ЭWЛнинг яқинда эълон қилган ҳисоботида украиналиклар полшаликларга қараганда немис жамиятига яхшироқ интеграциялашган деган хулосага келди.

Ҳисоботга кўра, бунда Германияда янги ўрнашган украин жамияти асосий омил бўлган. Улар янги келган дўстлари ва танишларига мослашишда кўмак бериб келмоқда.

Германия юқори иш ҳақи, мажбурий тил курслари, қочқинлар учун имтиёзлар ва сифатли соғлиқни сақлаш тизими билан жозибали кўринади.

Украиналиклар янги давлатда муваффақиятли мослаша олган бўлсада, иқтисоднинг қисқариши ўсиб бораётган инфляция ва иқтисодий турғунлик, коронавирус пандемиясининг узоқ давом этаётган оқибатлари билан курашаётган Европа Иттифоқи бўйлаб намоён бўла бошлади.

Инфляция рекорд даражага етган ва 27 миллиондан ортиқ ишсиз мавжуд Европа Иттифоқида мигрантлар учун имтиёзлар, уй-жой ва янги иш ўринлари билан таъминлаш тобора қийинлашиб бормоқда. Европа Иттифоқининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида украиналик қочқинларга нисбатан «бирдамликнинг сусайиши» блокдаги иқтисодий тушкунликнинг натижаси эканлиги айтилади.

Европа Комиссиясининг Украина бўйича маслаҳатчиси Лодевейк Асшер шундай ёзади:

«Яшаш нархининг ошиши мезбон жамиятлардаги кам ва ўрта даромадли оилаларни қамраб олди.»

Биргина Берлинда шу йилнинг ўзида бошпана сўраб мурожаат қилган 10 мингдан ортиқ муҳожир учун бошпана етарли эмас. «Ҳозирда вазият унчалик яхши эмас», деди Берлиндаги қочқинлар бўйича давлат идораси матбуот котиби Саша Лангенбах сентябрь ойи охирида АПга берган интервьюсида.

«Бу биз ўтган йил кутганимиздан анча юқори». Йил охиригача Берлин қабул қилган 11 минг украиналик қочқиндан ташқари яна 5500 муҳожирни қабул қилишни кутмоқда.

Германиянинг бошқа шаҳарлари ҳам қочқинларни пул ва уй-жой билан таъминлашда қийналмоқда. Жорий йилнинг январь ва август ойларида Германиядан бошпана сўраб 220 мингдан ортиқ одам мурожаат қилган, уларнинг аксарияти Сурия, Афғонистон, Туркия, Молдова ва Грузиядан, бир йил аввал эса 240 мингга яқин одам мурожаат қилган. Бироқ, бу рақам 2015-16 йиллар оралиғида Германияга келган 1 миллион қочқин билан солиштирганда паст кўрсаткич.

Европа Иттифоқидаги иқтисодий вазият аъзо давлатларни украиналик қочқинлар учун ажратадиган давлат маблағларини қисқартиришга олиб келди. Рейтерс Германия Молия вазирлиги расмийсидан иқтибос келтирган ҳолда Берлин келаси йили қочқинларни қабул қилиш ва интеграция қилиш билан боғлиқ федерал харажатларни икки баравар камайтиришни режалаштираётганини ёзди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Украинага босқин: 25-кун | Шакар учун жанглар ва каркидон Киев

Муҳожирлар учун Германиядан кўпроқ пул сарфлаган ягона мамлакат Полша бўлиб турибди. Полша таълим, соғлиқни сақлаш ва оилавий имтиёзлардан бепул фойдаланиш учун 15,4 миллиард евро (16,6 миллиард доллар) ажратган.

Аммо Германия сингари, Полша ҳам келаси йили украиналик қочқинлар учун харажатларни қисқартириши мумкинлигини эълон қилди. Полша ҳукумати матбуот котиби Пётр Мюллер қочқинларга ёрдам 2024 йилгача узайтирилмаслиги ва камида ҳозирги даражада сақланиб қолиши мумкинлигини айтди.

«Қонун ва адолат» партиясидан сайланган Полшанинг янги бош вазири Доналд Туск билан вазият ўзгариши мумкин. Туск парламентга мурожаатида «Ғарб дунёсидан Украинага бу урушда тўлиқ ёрдам беришни қатъий талаб қилишини» айтди.

Украиналик қочқинлар Прагада рухсатнома учун навбатда турибди. 2022 йил 2 март.

Чехия украиналик қочқинларга 3,9 миллиард евро сарфлади.

2022 йил июнь ойида чех парламенти янги келганлар учун ижтимоий нафақаларни қисқартирди Июль ойида эса Чехиядаги украиналик қочқинлар учун уй-жой имтиёзлари кескин қисқартирилди.

Ажабланарлиси шундаки, қочқинларга ёрдамнинг қисқариши Европа Иттифоқига келаётган украиналиклар сони сезиларли камайиши билан бир вақтда юзага келмоқда, дейди ОECD вакили Дюмон.

Евростат томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларида ойлик вақтинчалик ҳимоя грантлари 2022 йил июль ва центябр ойлари орасида 200,000 дан 2023 йилнинг худди шу даври учун 80,000 гача камайган.

«Сўнгги 12 ойда Украинадан Европага миграция оқими нолга яқин бўлди. Демак, украиналикларнинг катта гуруҳларини қўллаб-қувватлаш зарурати актуаллигини йўқотди », дейди Дюмонт.

Украиналиклар Европада янги ҳаётга мослашаётган бир пайтда, кўпчилик қочқинлар бошидан кечирадиган экзистенциал муаммо билан курашмоқда: уйга қайтиш истаги.

Урушнинг охири кўринмаса ҳам, кўплаб қочқинлар қачондир Украинага қайтишларига қатъий ишонмоқда.

БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг яқинда ўтказган сўрови шуни кўрсатдики, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва ЕИга номзод Молдовадаги қочқинларнинг 67 фоизи Украинага қайтишга умид қилмоқда, улардан 14 фоизи кейинги уч ой ичида қайтишни режалаштирмоқда.

Мавзуга алоқадор "Бу ер – ўз юртимиз". Урушга қарамай Украинада қолаётган марказий осиёликлар

"Бизнинг 2021 йилги тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, 1980 йилдан бери дунё бўйлаб барча қочқинларнинг атиги учдан бир қисми ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин ўн йил ўтиб ўз ватанларига қайтган. Украинага қайтиш даражаси ҳам паст бўлиши мумкин дейди АҚШда жойлашган РЭНД институти таҳлилчилари

Европа Иттифоқи бўйлаб жамоатчилик фикрини кузатувчи Эвробарометер томонидан яқинда ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, европаликларнинг 86 фоизи урушдан жабр кўрган одамларга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишни маъқуллайди; 77 фоизи урушдан қочганларни кутиб олишга тайёр; 71 фоизи эса Россияга қарши иқтисодий санкцияларни қўллаб-қувватлайди.

Кремль дезинформацияси

Европа Иттифоқи расмийлари Кремлни Иттифоқ ичида, хусусан, ижтимоий тармоқларда Украинага қарши кайфиятни авж олдирганликда айблади.

«Россия дезинформацияси Европа Иттифоқига аъзо давлатлардаги жамоатчилик кайфиятида шубҳалар, чалкашликлар, норозиликларни уйғотиш ва маҳаллий ҳокимиятларга ишончни йўқотиш ҳаракат қилмоқда», деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар бўйича вакили Питер Стано.

Мазакнинг сўзларига кўра, украиналик қочқинларга ҳар қандай ёрдам кўрсатишга қарши бўлган 40 фоиздан «тахминан 15 фоизи» россияпараст қарашларга эга. «Улар урушни НАТО қўзғатмоқда ва Россия шунчаки жавоб қайтармоқда. Украина эса душман” деб ҳисоблайди.»,

Россиянинг дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналари ўша мамлакатларидаги ижтимоий тармоқларни ёлғон хабарлар билан тўлдирмоқда, дея қўшимча қилди у.

«Украинага кенг миқёсли босқин бошланганидан бери Россия ва кремлпараст инсонлар Украинадан келган қочқинларга қарши кўплаб ёлғон ва чалғитувчи маълумотларни тарқатишмоқда», деди Стратегик мулоқот институте таҳлилчиси Юлия Смирнова.

Институт Телеграмда қочқинлар ҳақидаги рус тилидаги баҳс-мунозараларни кўриб чиқди ва дезинформациялар мақсадли гуруҳга қараб фарқланишини аниқлади.

Кремль россияликлар орасида украиналик қочқинлар мамлакатни бошқараётган «нацистлар»дан қочиб кетмоқда, дея маълумот тарқатган бўлса, европалик ва россиялик бўлмаган қатлам орасида қочқинлар хавфли, ношукур, зўравонлик ва жиноятга мойил экани ҳақида дезинформация тарқатилган дейди Смирнова.

Украина ва Россияда меҳнат қилган ўзбекистонлик ва бошқа марказий осиёлик ўнлаб мигрантлар Россия бошлаган асоссиз тажовузнинг тасодифий қурбонларига айланганлар.

Россия ишғолининг илк кунлари Бучада бедарак кетган 9 нафар сурхондарёлик меҳнат муҳожирлари шулар жумласидан. Шу йил сентябрида Украинага сафар қилган Озодлик мухбири Барно Анвар Бучада бедарак кетган ўзбек муҳожирларининг изини топишга уринган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Озодлик Бучада: Бедарак кетган ўзбеклар изидан

Украина уруши: Москва марказий осиёлик мигрантларга босимни кучайтирмоқда

Россия полицияси яқинда Москва яқинидаги савдо марказида меҳнат муҳожирларини нишонга олинган рейд ўтказди.

Объект қарашли бўлган Wildberries компанияси дарҳол бутун дунё бўйлаб юз минглаб товарларни етказиш кечикиши ҳақида огоҳлантирди.

Жамоатчиликнинг Украинадаги уруш йўналишидан норозилиги ва март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари яқинлашаётган бир пайтда, экспертларнинг фикрига кўра, Кремль катта ва ҳимоясиз муҳожирлар эвазига урушни давом эттиришни кўзламоқда.

«Ҳукумат жамиятнинг ғалабаси ёки муваффақияти сифатида кўрсата оладиган кўп нарса йўқлигини ҳисобга олсак, ҳозир Россия сиёсий машинаси учун мураккаб давр», - дейди Москвадаги Карнеги жамғармаси ходими Темур Умаров.

Урушга ёлланишни тарғиб қилувчи варақa

“Россия ҳукумати ишлари яхши кетмаётган вақтда ҳар доим «миллатчилик картаси»дан фойдаланиб келган. Сайлов арафасида муҳожирларга босим ортиши мумкин.

Айниқса, икки фуқароликка эга бўлганлар учун Россияда бўлиш тобора қийинлашиб боради”, дейди Умаров.

Бунинг сабаби, Россиянинг Украинадаги йўқотишларидан норозиликни «гибрид сафарбарлик» билан бартараф этишга интилаётгани билан изоҳланади, дейди таҳлилчи.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Россия-Украина: Урушнинг тасодифий қурбонлари - мигрантлар

Масжидлардаги рейдлар

Россия матбуоти хабарларига кўра, 24 ноябрь куни Москвадан 60 километр узоқликда жойлашган Электростал шаҳридаги Wildberries омборига уюштирилган рейдда 100 дан ортиқ одам қўлга олинган ва яқинда рус паспортини олган бир қатор Россия фуқаролари мажбуран ҳарбий хизматга чақириш марказларига олиб борилган.

18 ноябрь куни Латвияда жойлашган сургундаги рус нашри «Новая газета - Европа» полиция, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Бош прокуратура ходимлари иштирокида Балашихадаги масжидда рейд ўтказилгани ҳақида хабар берди.

Икки кун аввал полиция миллатчи кўнгиллилар билан Балашиха яқинидаги Реутов посёлкасидаги бозор ва заводда ҳам йирик рейд уюштирган.

Ўтган ой Хабаровск вилояти полицияси спорт клубига бостириб кириб, ММА турнирини тўхтатиб, мусобақада қатнашаётган бир неча муҳожирни ҳибсга олган.

Уруш сабабли Россия паспортини олган муҳожирлар мажбуран ҳарбий хизматга тортилиши борасида таҳдидлар кучайди.

Муҳожирларни ёллаш ҳаракати тобора кучайиб бормоқда. Негаки, Кремль 2022 йил сентябрида ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейинги норозилик ҳаракатлари такрорланишидан эҳтиёт бўлмоқда.

Душманона риторика

Муҳожирлар ўз ватанларига тобутда жўнатилгани ҳақидаги хабарлар оқими кўплаб марказий осиёликлар аллақачон Россиянинг Украинадаги урушида қатнашаётганидан далолат беради.

Ўтган ой Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россия фуқаролигини олган муҳожирлар, агар Украинада жанг қилишдан бош тортса, ундан маҳрум қилиниши кераклигини айтган.

Аввалроқ Бастрикин муҳожирлар томонидан содир этилган жиноятлар кўпайганини даъво қилиб, шундай деган:

«Руслар фронтда вақти, муҳожирлар бизнинг орқамиздан ҳужум қилмоқда, деяпти одамлар»

Шу ой бошида Дума раиси ўринбосари Пётр Толстой Россиянинг «муҳожирларга нисбатан пассив позициясидан» норозилигини билдириб, айрим собиқ совет давлатларидан келган мигрантларнинг курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашини тақиқлашни таклиф қилди.

У, шунингдек, муҳожирлар ватанига юборган пулдан русийзабон мактаблар қуриш учун солиқ ундиришни таклиф қилди.

«Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг мулки эмас. У ўз мамлакати ва фуқароларининг муаммолари билан шуғуллансин», - деб жавоб қайтарди ўзбекистонлик депутат Бобур Бекмуродов.

Бекмуродов Ўзбекистонда рус тилида эркин сўзлашилаётганини, қўшимча қилди.

Россияда энг кўп муҳожир Ўзбекситондан. У ерда бир неча миллион ўзбеклар истиқомат қилади.

Ишчи кучи етишмаслиги

Россиянинг узоқ муддатли демографик муаммоларидан келиб чиққан ва уруш туфайли кучайган ишчи кучи танқислиги сабаб Россия иқтисодиёти муҳожирларга ҳар доимгиданда муҳтож.

Москвадаги Гайдар Иқтисодий сиёсат институти томонидан олиб борилган ва Россиянинг РБК ахборот сайти томонидан таҳлил қилинган мониторинг шуни кўрсатдики, кадрлар етишмаслиги ҳақида билдирган саноат корхоналари сони июль ойида 42 фоизга етган, бу кўрсаткич 2022 йил январида тахминан 25 фоиз бўлган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қамоқ ёки “Вагнер”: Мигрантлар Украина урушига мажбуран ёлланмоқда

Москва давлат университети қошидаги Иқтисодий сиёсатни ўрганиш маркази директори Олег Буклемишев ўтган ҳафта «Московский комсомолец» (МК) газетасига берган интервьюсида Россия рублнинг заифлашуви сабабли ҳозирда мавжуд бўлган муҳожирлар меҳнатини йўқотиш хавфи борлигини билдирди.

«Уларда ҳар доим танлов бор - Россияга ёки бошқа жойга бориш. Валюта курси уларга ёқмаса, бормайди. Ҳеч ким рублда "копейка" эвазига ишлашга қизиқмайди.”

Россия ҳукумати ҳам бу муаммони яхши билади, шунга қарамай, миграция сиёсати «жуда баҳсли». Чунки ҳукуматлар «мигрантларга қарши қонунчиликни аҳолини жамиятдаги бошқа муаммолардан чалғитиш учун популистик восита» сифатида ишлатмоқда, дейди Евроосиё миграцияси бўйича мустақил эксперт Ян Матусевич.

«Россия депутатлари муҳожирларни фақат ресурс сифатида, яъни, камайиб бораётган ишчи кучи ва армияга чақирилувчилар ўрнини тўлдириш учун бир восита ўлароқ кўради», дейди Матусевич.

Германия муҳожирларга муносабатини ўзгартирди, аммо қабул қилиш ва интеграция ҳамон қийин

Сима Станикзиянинг турмуш ўртоғи Жон Муҳаммад Ҳабиби фарзандлари билан.

“Толибон ҳокимиятни қўлга киритган биринчи куни-ёқ уйимга келиб, машинам ва биздаги қурол-яроғларни олиб кетишди”, дейди 30 ёшлардаги афғон аёл Сима Станикзия.

У Нюрнбергдаги Реннвег мавзесидаги квартираси ошхонасида ўтириб суҳбатлашарди. Бу ерда у эри ва тўрт нафар фарзанди билан яшайди.

“[Толибон] мени ватанни тарк этишга мажбур қилди”, дейди икки қиз ва икки ўғилнинг онаси, қизлари мактабда ўқишини истаган Станикзия.

2021 йил август ойида Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтганидан бери аксар қизлар ўрта мактаблари ёпилди, аёлларнинг университетларда ўқиши ва баъзиларига ишлаши тақиқланди.

Ҳозирда кўплаб жамоат жойлари, жумладан, спорт заллари ва боғлар аёллар учун ёпиқ. Толибон менга ёки оиламга тўғридан-тўғри таҳдид қилмаган бўлса ҳам, уларнинг аёлларга нисбатан қаттиқ чекловлари бизни мамлакатни тарк этишга мажбур қилди, дейди Станикзия.

Станикзия ватанини соғинмоқда, аммо оиласи ҳозир Германияда сиёсий бошпана ва доимий яшаш ҳуқуқини олди. Унинг айтишича, улар бу ерга етиб келганларида катта муаммоларга дуч келишмаган; аксинча, Германиядаги биринчи куни-ёқ, улар аэропортдан турар жойигача бепул транспорт, шунингдек, озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар учун пул олишган.

"Бутун жараён жуда яхши ташкил этилган эди", дейди у.

Станикзияни янада хурсанд қилаётган нарса унинг қизлари мактабга бориши мумкинлигидир.

1990-йилларда вазият бутунлай бошқача эди. Мехо Травлянин биринчи марта 9 ёшида Германияга келишга уринган. Бу 1992 йил, Босния ва Герцеговинадаги уруш бошланганда эди. Травлянин онаси ва икки укаси билан бирга Словения ва Австрия ўртасидаги чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган, бироқ полиция томонидан ушланиб, қайтариб юборилган. Орадан бир йил ўтиб, Травлянинга яшил чироқ ёқилган ва Германияда яшашга рухсат берилган.

Ҳозир Берлинда истиқомат қилаётган Травлянин 1990-йиллардаги 130 мингдан ортиқ одамнинг бошига етган, миллионлаб одамни уй-жойини ташлаб кетишга мажбур қилган Болқон уруши пайтида Германияга келган 350 мингдан ортиқ қочоқдан бири эди.

Орадан 30 йил ўтиб, Германия миллионлаб украиналикларни, сурияликларни ва афғонларни кутиб олди. Бу мамлакатда муҳожирларни қабул қилиш ва интеграция усули тубдан ўзгарган эди. Аммо Германияда ўн йиллар давомида яшаб келаётган боснияликлар, шунингдек, Афғонистон ёки Украинадан янги келганлар учун айрим нарсалар ҳамон ўзгармаган: интеграция ва қабул қилиш ҳали ҳам узоқ ва қийин жараён.

Фариба Арам Толибон Кобулда ҳокимиятни босиб олгунича Ҳеротдаги Tolo News телеканали журналисти бўлган.

'Duldung' ва 'Ҳажам'

Хотини ва икки фарзанди билан квартираси яқинидаги боғда сайр қилиб юриб, Травлянин Германияга келишга биринчи уриниши қандай бўлганини эслайди.

“Оёғимда жун пайпоқ... ҳамма нарса ифлос эди, мен, акаларим ва онам Трбовлега қайтадиган поездни кутаётган эдик”, дейди Травлянин, улар қайтариб юборилган Словениядаги шаҳарга ишора қилиб.

Ўша биринчи омадсиз уринишдан сўнг, оила Германияда бир муддат яшаган қариндошидан кафолат хати олди. Улар мамлакат шимолидаги урушдан вайрон бўлган шаҳарлари Сански Мостни ташлаб кетганларидан кейин яна бир йил ўтиб, ниҳоят Боснияни тарк этишди.

Ўша кунларда ҳамма нарса «duldung» ва «ҳажам»га тушди. Немисча «duldung» сўзи "нимагадир тоқат қилиш"ни англатади, дейди Травлянин. Бу, шунингдек, ҳар олти ойда янгиланиши керак бўлган қочқинлар визасининг расмий номи эди.

«Ҳажам» немис тилидаги «heim» сўзининг боснияча ифодаси бўлиб, уй маъносини англатади. "Бу, албатта, ёмон сўз эмас, – дейди Травлянин, – лекин ўшанда у бироз истеҳзоли ёки камситувчи маъно англатарди.»

Яна бир босниялик Ҳасан Меҳмедович 1996 йил февралида Германияга қочгунга қадар мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри Тузла атрофидаги ўрмонларда 80 кун яшаган. Ҳасан босниялик мусулмон, у 1992 йилда уруш бошланганда мамлакат шарқида жойлашган Дринжака шаҳридан қочишга мажбур бўлган. Германияга келишидан олдин у асосан Сребреница шаҳрида яшаган. У ерда Босния серблари қўшинлари асосан мусулмонлар бўлган 8000 дан ортиқ эркак ва ўғил болаларни қирғин қилган ва бу ҳодиса судлар томонидан геноцид деб таърифланган эди.

Меҳмедовичнинг Германияга келиши мавҳумликка барҳам бермади. Ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар туфайли у тўққиз йил давомида немис бюрократияси билан курашишига тўғри келди ва ниҳоят у яшаш учун рухсатнома олди. 1992 йилдан бери Германияда бўлган ва ҳозирда беш фарзанди бор Меҳмедовичнинг рафиқаси ҳали ҳам доимий яшаш жойига эга эмас.

Мамлакатдаги ҳуқуқий мақоми ноаниқ бўлган Меҳмедовичга 1999 йилда отасининг дафн маросимида қатнашиш учун Германиядан чиқишга рухсат берилмаган.

Бироқ, аксарият ҳолларда босниялик қочқинлар шикоят қилишмайди.

“Ҳамма нарсамиз етарли эди, квартирамиз ижара ҳақлари тўланарди. Улар ҳатто экскурциялар учун ҳам пул тўлашарди”, дейди Травлянин.

Босниялик Меҳмедович ҳам пули тўланган квартира ва ижтимоий ёрдам олган.

“Агар биз шу жамиятнинг бир бўлаги бўлганимизда, ижтимоий ёрдам олмаганимизда, ҳажамда яшамаганимизда, онам ишлашини истардим, – дейди Травлянин. – Ишлашга, коллежга, касб-ҳунар мактабига боришга рухсат берилмаган. Вояга етмаганлар қилиши керак бўлган ягона нарса бошланғич мактабга бориш эди.”

Толерантликдан интеграциягача

Германия Федерал Статистика Бюроси маълумотига кўра, 2023 йил июнь ҳолатида Германиянинг 83 миллион фуқаросининг 13 миллиони чет элликдир. Охирги келганларга шароитлар аввалгилардан кўра яхшироқ яратилган. Германия чет эллик муҳожирлар ва қочқинларни интеграциялашда, айниқса таълим соҳасида катта ютуқларга эришди. 2005 йилда Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идора немис тилида ўқитишни ўз ичига олган интеграция курсларини очди.

Миграция хизмати матбуот котиби Саскиа Гелтенпот Озодлик билан суҳбатда 2019 йилга келиб дастурда 2 миллиондан ортиқ одам қатнашганини айтади. "Интеграция курсининг мақсади – иштирокчилар немис тилида бемалол сўзлаша олишлари ва турмуш кечиришларига эришишдир", дейди Гелтенпот.

Ушбу дастур Станикзия оиласи учун ҳам шундай ёрдам берди.

"Синглим мактабга боради, ўғилларим ҳам. Улар немис тилини ўрганишди ва ҳозир бемалол дарсларга қатнашишмоқда, – дейди Станикзия ва у ҳали ҳам тил ўрганаётганини қўшимча қилади. – Бу ерда қонунга кўра, инсон аввало тилни ўрганиши керак – бу асосий талаб. Кўпроқ ўрганмоқчи бўлганлар учун қўшимча тил курслари бор”.

Миграция ва қочқинлар бўйича Федерал бошқарма тадқиқот маркази томонидан 2013 йилдан буён ҳар йили олиб борилаётган ўрганишлар кўрсатишича, қочқинлар орасида немис тилини билиш даражаси, шунингдек, маҳаллий аҳоли билан мулоқотлари ортган. 2020 йилда биринчи марта 2013-2016 йилларда Германияга келган қочқинларнинг ярмидан кўпи немис тилини «яхши» ёки “жуда яхши” билишини айтди.

Миграция ва қочқинлар бўйича федерал бошқарма сўзчиси Гелтенпотнинг айтишича, тилни билиш интеграция дастурининг асосий унсури ҳисобланади.

"Кўплаб эмпирик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мезбон мамлакат тилини билиш ва тушуниш ижтимоий алоқалар, таълим ёки меҳнат бозорига киришни яхшилайди", дейди Гелтенпот.

Умрининг кўп қисмини Германияда ўтказганидан сўнг, бу тилда гапириш Травлянин учун одатий ҳолга айланган. Аммо у 1990-йилларда вазият бошқача бўлганини айтади.

"Улар сизни шунчаки дарсга киргазиб юборишарди, – дейди у. – Мен бошланғич мактабни бешинчи синфда бошлаганман ва саккизинчи синфга келибгина немис тилини анча яхши ўзлаштирганман."

Меҳмедович ҳам ўшанда ҳаммаси бошқача бўлганда яхши бўлар эди дейди. Ҳозир у 60 ёшда, рафиқаси ва беш фарзанди билан Берлинда истиқомат қилади.

"Менда ишлаш истаги бор эди, лекин ўшанда имконият йўқ эди", дейди у.

Сима Станикзия собиқ журналист ва Шибирғон вилояти ҳокимининг ўринбосаридир.

Ишчи кучи етишмаслиги

Германиянинг муҳожирларни кутиб олиш ва интеграциялаштиришга муносабатини ўзгартириши қисман мамлакатда ишчи кучи қисқариши ва аҳолининг қариши билан боғлиқ. Сўнгги бир неча йил ичида Германия ва бутун Европа Иттифоқидаги муҳожирлар бу бўшлиқни тўлдиришга ёрдам бермоқда.

“Немислар ва хорижликлар, мигрантлар ва қочқинлар учун кўпроқ имкониятлар мавжуд. Ҳозирда бизда 2 миллионга яқин бўш иш ўринлари бор”, дейди Германияга келган муҳожирларга ёрдам берувчи Pro Asyl ташкилотининг Европа бўйича раҳбари Карл Копп.

Коппнинг айтишича, ишчилар кичик корхоналардан тортиб новвойхоналаргача, юқори малакали ишчиларга муҳтож бўлган компанияларгача, ҳаммага керак. Немислар эса ҳамма нарсани режалаштиришади, дейди Травлянин, жумладан, мамлакат ишчи кучини тўлдириш учун қанча меҳнат муҳожири кераклигигача.

Саккиз йиллик бюрократик сарсонликлардан сўнг Меҳмедович 2005 йил ноябрида яшаш учун рухсатнома олди ва унга Германияда ишлаш ҳуқуқи берилди. Йиллар давомида турли ишларда ишлаб, ҳозир у нафақага чиққан ва давлат пенсиясини олмоқда. Унинг айтишича, вазият 1990-йиллардагига қараганда анча яхши, чунки мамлакатга кўпроқ ишчи кучи керак.

Немис парламентида ҳозир Босниядан келган қочқинлар ҳам ишлайди, дейди Копп.

Муҳожирлар доим ҳам хуш қаршиланавермайди

Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел мамлакатни муҳожирлар учун очиш сиёсатини олиб борган эди.

2015 йилда миллионлаб одамлар Суриядаги фуқаролар урушидан қочиб, Европада миграция инқирозини келтириб чиқарган вақтда сиёсатчилар ва жамоатчилик иккига бўлиниб қолди, ўта ўнг сиёсий етакчилар мавқеи ошди. Ўшанда биргина Германия 1 миллиондан ортиқ суриялик қочқинни қабул қилган эди.

Интеграция ва миграция бўйича Берлин экспертлар кенгаши тадқиқотига кўра, Германия аҳолисининг аксарияти қочқинларга хайрихоҳ.

“Тўрт кишидан учтаси хайрия қилишга тайёр”, дейди кенгаш тадқиқотчиси Нора Штоц.

Жорий йил февраль ва март ойларида сўровда қатнашган 4000 кишининг қарийб учдан икки қисми қочқинларга ёрдам беришга тайёр эканлиги, расмиятчиликларда ёрдам беришларини айтган.

Аммо бу қочқинлар ҳеч қачон нишонга олинмайди, дегани эмас.

"Бу ердаги баъзи одамлар кўчага чиққанда афғонча кийимини киймайди, – дейди Станикзия, – чунки немислар доимо уларга бошқача қарайди, дейишади". Унинг айтишича, улар ўз маданияти билан фахрланишлари керак, чунки бу уларнинг ўзлиги.

Афғонистонда журналист бўлиб ишлаган 33 ёшли қочқин Нурулла Арян учун бу шунчаки одамларнинг қараши эмас эди. Унинг айтишича, у Афғонистондан Германияга кетаётганда калтакланган, жумладан, Беларусда полициячилар ҳужумига учраган. Унинг баъзи дўстлари йўлда вафот этган; бошқалар ярадор бўлган, аммо тиббий суғуртаси ёки даволаниш учун пули йўқ эди, шунинг учун улар Афғонистонга қайтишга мажбур бўлишган. Инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар, жумладан, Amnesty International ташкилоти Польша-Беларус чегарасидаги муҳожирларга бўлган муомаладан, улар кўпинча Афғонистонга мажбуран қайтарилаётганидан хавотир билдирган.

"Ҳеч ким ҳақорат ёки калтакланишга лойиқ эмас", дейди Арян. Ўшанда ҳаёт, шунчаки яшашга арзимас эди, дея қўшимча қилади у.

Европа Иттифоқининг Фундаментал Ҳуқуқлар бўйича Агентлиги томонидан октябрь ойи охирида чоп этилган тадқиқотга кўра, Германияда ҳам оқ танли бўлмаганларга нисбатан ирқчилик кучаймоқда. Австрия ва Финляндия билан бир қаторда Германия сўровда қатнашган 13 мамлакат ичида энг юқори дескриминация даражасига эга. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Infomigrants веб-сайтига кўра, 2023 йилнинг дастлабки уч ойида бошпана изловчилар ва уларнинг уйларига ҳужумлар кўпайган. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида одатда ўта ўнг экстремистлар томонидан муҳожирларга қарши 1515 та ҳужум бўлган. Бутун 2022 йил давомида улар сони 1371 эди.

Муҳожирлар марказларига ҳужумлар матбуот бош сарлавҳаларига чиқса ҳам, қочқинлар бошқа томондан ҳам ўзларини бегонадек ҳис қилишади. Шунча йил Германияда яшаб, тил ўрганиб, сўнг фуқаролик олган Травлянин нега кўпчиликнинг назарида ҳалигача муҳожир саналишини тушунмайди.

Қайсидир маънода сиёсат жамоатчилик фикрига ҳам таъсир қиляпти, Германиядаги ҳамма сиёсатчи ҳам Меркелдек миграцияга хайрихоҳлик билан қарамайди.

Германиянинг Меркел бошқарган ўнг-марказ мухолифат партияси Христиан Демократик Иттифоқи (ХДИ) яқинда бошпана бериш қоидаларини бутунлай қайта кўриб чиқишга чақирди. Германиянинг Тюрингия штатидаги ХДИ раҳбари Марио Фойгт 11 декабрь куни шундай деди: “Биз космополит ва меҳмондўст мамлакатмиз. Аммо меҳмондўстлик дарвозаларни олиб ташлаш дегани эмас. Меҳмондўстлик ўз уйингга кимни таклиф қилишда танлай олишингдир”.

Немис сиёсати кузатувчилари фикрича, ХДИ томонидан таклиф қилинган муҳожирларга муносабатни қаттиқлаштириш асосий сайловчилари собиқ Шарқий Германияда бўлган ўта ўнг, иммиграцияга қарши “Германия учун муқобил” партиясидан овозларни тортиб олишга уринишдир.

Ҳатто 2021 йил декабрида Меркел ўрнига келган канцлер, сўл марказчи социал-демократик партия аъзоси Олаф Шолц ҳам Германияга жуда кўп муҳожирлар келаётгани ва энди уларни саралаб қабул қилиш вақти эканини айтди.

Шолц, шунингдек, Германия ҳукумати кенг кўламли депортацияларни бошлаши кераклигини таъкидлаб, мамлакатда қолганлар нафақат "ишлаши, балки яшаши ва интеграциялашиши" кераклигини айтди.

Мамлакат сифатида, дея қўшимча қилди Шолц, Германия кимни қабул қилишни ўзи ҳал этиш ҳуқуқига эга.

Станикзиянинг айтишича, у баъзида афғонлар ва украинларга бошқача муносабатда бўлишганини ҳис қилади. Копп 1 миллион украиналик қочқинни қабул қилиш муваффақиятли бўлганини айтса ҳам, Интеграция ва миграция бўйича экспертлар кенгаши маълумотлари Станикзиянинг барча қочқинларга тенг муносабат қилинмаётгани ҳақидаги фикрини тасдиқлайди.

Июль ойида Миграция бошқармаси томонидан ўтказилган сўровда респондентлар келиб чиқиши ва динлари турлича бўлган одамларни ажратишини аниқладилар.

"Масалан, респондентларнинг 67 фоизи украиналик қочқинларга [бюрократик югур-югурларда ёрдам бериш учун] ҳамроҳлик қилишга тайёр ва 63 фоизи суриялик ёки нигериялик қочқинлар билан ҳам худди шундай қилади, – дейди Шторц. – Худди шу нарса динга ҳам тегишли: иштирокчиларнинг 66 фоизи насронийларни, 63 фоизи мусулмон қочқинларга ёрдам беришини айтган."