Москвадаги "яланғоч базм" иштирокчиси рэпер Vacio яна 10 суткага ҳибсга олинди

Vacio

Москванинг "Мутабор" клубидаги яланғоч базмда иштирок этган рэпер Vacio (Николай Василев) яна майда безориликда айбланиб, яна 10 суткага ҳибсга олинди.

Бу ҳақдаги қарор Москвадаги Лефортово суди томонидан олинган.

Ўтган ой у худди шу айблов бўйича 15 кунга қамалганди. У шанба куни озод этилиши керак эди.

Рэпернинг қайта-қайта таъқиб қилинишига айнан нима сабаб бўлгани номаълум.

Қариндошлари ва дўстлари уни махсус тергов изоляторидан чиқишини кутишган, лекин у чиқмаган.

Мутабордаги зиёфатда иштирок этган журналист Ксения Собчак яланғоч базмни ташкил қилган блогер Настя Ивлеева "оқибатларидан қўрқиб" Россияни тарк этгани ҳақда хабар қилди.

Ивлееванинг ўзи эса Санкт-Петербургда оиласи билан вақт ўтказаётганини айтган видеони эълон қилди. Видеода Санкт-Петербург акс этган, бироқ тасвирлар айнан қачон суратга олингани номаълум.

Собчакнинг таъкидлашича, у Ивлееванинг "икки адвокат"идан унинг кетгани ҳақида маълумот олган. Аввалроқ расмийлар блогер устидан солиқ текширувини бошлагани ҳақда хабар қилинганди.

Москванинг “Мутабор” клубида 20 декабр куни бўлиб ўтган кеча Playboy журнали учун чоп этилмаган фотосуратлар кўргазмасининг очилишига бағишланди, деб хабар бермоқда Россия ахборот воситалари.

Меҳмонлар учун деярли яланғоч кийиниш коди тавсия этилганди. Кўплаб юлдузлар шаффоф либосларда ёки ярим яланғоч ҳолда келишди.

Базмдан олинган видеолар Интернетда пайдо бўлди ва Россия блогосферасида жанжалга сабаб бўлди, кейин эса расмий қораланди.

Кўплаб "ватанпарвар" блоггерлар Украинада рус аскарлари ҳалок бўлаётган бир пайтда, чексиз ўйин-кулги учун базм иштирокчиларини хоинларга тенглаштирди ва уларни энг қаттиқ репрессияга дучор қилишни талаб қилди.

Кўплаб зиёфатчилар кечирим сўрашди. Байрам меҳмонлари иштирокидаги нутқлар бир қатор Янги йил теледастурларидан узилди, гарчи бу ҳаммага таъсир қилмаса ҳам. "Иван Василиевич ҳамма нарсани ўзгартиради" филмидаги Филипп Киркоров иштирокидаги эпизод филмда пайдо бўлмаслиги учун у қайта суратга олинди.

Базм меҳмонларидан бири, рэпер Vacio майда безорилик моддаси билан 15 кунга ҳибсга олинган, шунингдек, ЛГБТ ташвиқоти бўйича 200 минг рубл жаримага тортилган.

Бир қатор телеграм каналлари, шунингдек, The Moscow Times ҳукуматдаги, Давлат думасидаги ва Россия президенти маъмуриятидаги манбаларга таяниб, "яланғоч базм" меҳмонларини таъқиб қилиш Владимир Путин маъмуриятининг бевосита буйруғи билан бошланганини ёзишган, Кремл эса буни рад этган.