Қатор араб давлатлари ва Туркия Қўшма Штатлар билан ҳамкорликда ¬Ғазони тиклашга, бўлганинг сиёсий келажагини аниқлашга, минтақада узоқ муддатли тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган ҳаракатларни мувофиқлаштиришга тайёр. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 8 январда маълум қилди.
Энтони Блинкен минтақа бўйлаб сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонида бўлди. 8 январда Блинкен Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ал Сауд билан учрашди. Блинкен учрашувдан сўнг валиаҳд шаҳзода Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатилишига қизиқиш билдиргани тўғрисида баёнот берди. АҚШ давлат котибига кўра, валиаҳд шаҳзода бунинг учун Исроил Ғазодаги урушни тўхтатиши ва Фаластин давлати тузиш учун амалий иш бошлаши лозимлигини шарт қилиб қўйган.
Associated Press агентлигининг ёзишича, араб давлатлари ва Туркиянинг Ғазони қайта тиклашни бошлашга бўлган қизиқиши уларнинг позициялари ўзгарганини англатади. Бунгача бу давлатлар АҚШнинг Ғазо бўйича чақириқларини қўлламаётган ва Ғазода ўт отишни тўхтатишни, бўлгадаги фаластинликлар вазиятини яхшилашни талаб қилаётганди.
Энтони Блинкен 9-10 январь кунлари Исроил ва Фаластин мухторияти раҳбарлари билан учрашади. Унда Туркия, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия таклифлари муҳокама этилади. Блинкен сафари Миср президенти билан ўтадиган учрашувдан сўнг якунланади.
Бу Блинкеннинг сўнгги уч ойда Яқин Шарққа қилган тўртинчи сафаридир. АҚШ экспертларининг айтишича, Оқ Уйнинг асосий мақсади Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш минтақавий конфликтга айланиб кетиши олдини олишдир.