Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Қўнғиротбой Авезимбетович Шарипов Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига Қўнғиротбой Шарипов номзодини кўриб чиқиб, маъқуллаганлари хабар қилинган эди.
Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида туғилган 60 ёшли Қўнғиротбой Шарипов вазирликка тайинлангунига қадар Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимида ишлаб келган. Техника фанлари доктори Шарипов ундан ҳам аввал (2019 й.) олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.
Аввалги олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўтган йилнинг октябрь ойи охирида қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган эди.