Словакияга янги президент сайланди. У Украинага қурол беришга қарши.

Кеча Словакияда президентлик сайловлари бўлиб ўтди ва унда сўл партиядан номзод Питер Пеллегрини ғалаба қозонди.

Пеллегринининг ғалабаси амалдаги россияпараст бош вазир Роберт Фиконинг мамлакат сиёсатидаги таъсирини янада кучайтириши айтилмоқда.

Питер Пеллегрини президентлик фаолиятида ҳукумат кун тартибидаги масалаларга ечим топиш ҳамда «оппортунистик мухолифат куч маркази» дан воз кечишини таъкидлади:

"Мен халқаро мажбуриятларимизни изчил бажарувчи, Словакия Республикаси ва унинг фуқаролари манфаатларини ҳимоя қиладиган президент бўлишга интиламан. Бу мақсадга эришиш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга ва словакияликларнинг ҳаётини яхшилаш бўйича барча саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлашга ваъда бераман”.

Ўтган йилнинг октябрь ойида тўртинчи марта бош вазирликка тайинланган Роберт Фико Словакия ташқи сиёсатини Россия томонга бурди, жиноят қонунчилиги ва оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш борасида ислоҳотлар бошлади. Бу эса мамлакатда қонун устуворлигига путур етказиши ҳақида хавотирларни уйғотди.

Сайлов натижаларига кўра, Пеллегрини 53,26 фоиз, ғарбпараст мухолиф номзод Иван Коркок эса 46,73 фоиз овоз тўплаган.

Пеллегрини бошчилигидаги партия ва бош вазир Фико коалицияси Словакиянинг Украинага қурол-яроғ етказиб беришини тўхтатди.

Фико Ғарбнинг можарога аралашувини танқид қилиб, славян халқларини бир-бири билан урушмасликка чақирган.