Доғистоннинг Дарбанд шаҳрида номаълум қуроллилар синагога ва черковни ўққа тутган. Ҳужум ортидан синагогада ёнғин содир бўлган. Бир вақтнинг ўзида Махачқалъада номаълум шахслар ЙПХ постига ҳужум уюштирган. Камида 6 нафар полиция ходимлари ҳалок бўлган.
Махачқалъадаги ҳужум оқибатида 16 киши шифохонага ётқизилган, улардан 13 нафари полиция ходимлари. Республика муфтиятининг маълум қилишича, Дарбанд ва Махачқалъада жаъми 9 киши ҳалок бўлган, улардан 7 нафари полиция ходимлари, яна 25 одам жабрланган.
"Даҳшатли террорчилик ҳужуми оқибатида ҳуқуқ-тартибот идоралари, руҳонийлар, оддий фуқаролар ҳалок бўлди", – дейилади хабарда.
Ҳужум қилганларнинг шахси ҳозирча номаълум, улар оқ рангдаги Volkswagen Polo русумли автомобилда ҳодиса жойидан яширинишга муваффақ бўлганлар. Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Аҳмад Қулиевнинг сўзларига кўра, барча хавфсизлик кучлари шай ҳолатга келтирилган.
Доғистон Жамоатчилик кузатув комисияси раиси Шамил Хадулаевнинг билдиришича, Дарбандда бир руҳоний ўлдирилган, шунингдек Махачқалъадаги черков қўриқчиси ҳалок бўлган.
Миллий аксилтеррор қўмитаси маълумотларига кўра, якшанба куни Махачқалъада икки православ ибодатхонаси, шунингдек синагога ва ЙПХ постига ҳужум уюштирилган. Тергов қўмитаси террорчилик ҳужуми бўйича жиноят иши қўзғатган.
Дарбанд ва Махачқалъада отишмалар давом этаётгани хабар қилинмоқда. Минтақада аксилтеррор режими эълон қилинган.
Миллий аксилтеррор қўмитаси Москва вақти билан соат 23.00 ҳолатига аксилтеррор амалиётининг фаол босқичи ниҳоясига етгани, икки нафар ҳужумчи ўлдирилганини маълум қилган.