23 сентябр куни Исроил “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳининг Ливан жанубидаги объектларига 300 дан ортиқ зарба берганини маълум қилди. Ливан ССВга кўра, ҳужумлар натижасида 492 киши ўлиб, 1,5 мингдан зиёд киши яраланган. Хабарларда қурбонларнинг қанчаси “Ҳизбуллоҳ” аъзоларию қанчаси тинч аҳоли экани мавҳум қолаётир.
Al Jazeera телеканали хабарига қараганда, “Ҳизбуллоҳ” раҳбарларидан бири Али Караки Байрут шаҳри яқинидаги нишонларга йўлланган зарбалар оқибатида ўлган бўлиши мумкин.
Мазкур ҳужум Ғазо бўлгасида ҳарбий ҳаракатлар бошланган ва Исроил-Ливан чегарасида вазият кескинлашган 2023 йилнинг октябридан бери энг йирик ҳужум бўлди. Душанба куни Исроил илк бор жанубий Ливан аҳолисини ўз уйларини ва “қурол сақланаётган” бошқа биноларни тарк этишга чақирди ва ҳарбийлар радикал гуруҳга қарата “кенг кўламли зарбалар” йўллаши ҳақида огоҳлантирди.
Мавзуга алоқадор Исроил президенти: Ливанда пейжерлар портлашига алоқамиз йўқАммо одамлар кўчиб кетишни бошлагани белгилари кўринмади, деб ёзади Associated Press. Агентлик тахминича, ливанликлар ўз уйларида, Исроил маълумотига кўра “Ҳизбуллоҳ” қуроллари сақланаётганини билмасликлари ҳам мумкин.
Исроил Ливан жанубига зарба бераётган пайтда Исроил шимолида Ливан тарафдан ракеталар яқинлашаётганидан огоҳлантириб тревога янгради. Исроил шимолида ушбу ҳужум натижасида бир киши темир парчаларидан яралангани айтилмоқда.
Ливан жанубига зарбалардан сўнг Эрон Исроилни “хавфли оқибатлар” ҳақида огоҳлантирди. Эрон ТИВ вакили Носир Канаани Исроилнинг авиазарбаларини “телбалик” деб атаб, уларни “қатъиян қоралади”.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац эса “Ҳизбуллоҳ”ни тинч ливанликларнинг уйларига ракеталар жойлаштириб “фуқаровий аҳолидан жонли қалқон ўрнида фойдаланиш”да айблади.