Ўзбекистонга турмушга чиққан қирғиз аёллари депортация қилинди

Ўзбекистондан депортация қилинган қирғиз келинлари сони қанча экани аниқ маълум эмас.

10 йилдан бери Ўзбекистонда яшаган уч қирғиз аёли "пропискаси йўқ"¸ деган асосда депортация қилинди.
Аëлларга кўра, уларнинг паспортида яшаш жойидан пропискаси бўлмагани учун депортация қилинган.

- 2011 йилгача Ўзбекистонда яшаб келдик. 2011 йилгача биров хеч нарса демаган. Яқинда уйимизга боришиб, паспортларимизни текширишди, - дейди Ўзбекистондан депортация қилинган Олтиной Қобулова.

1998 йили ўзбекистонлик қирғиз йигитига турмушга чиқиб, уч боланинг онаси бўлган қирғизистонлик Олтиной Қобулова ҳозиргача Ўзбекистон фуқаролигини ололган эмас.

Олтиной шу пайитгача бу ҳақда ўйланган ҳам эмас, бунинг зарурати ҳам бўлмаган.

Бундан икки ой аввал Ўзбекистоннинг Оқтомир қишлоқ милицияси келиб, унинг фуқаролигини ва қаерда рўйхатда туришини текшириб, унга Ўзбекистон ҳудудида қолиш мумкин эмаслиги ва мамлакатдан чиқиб кетмаса жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирган.

Олтиной шундан кейин иложсизликдан Қирғизистоннинг Боткен вилояти Мингчинор қишлоғига келиб яшаётганини айтади.

- Нима мақсадда Ўзбекистондан чиқарганини билмайман. “Ўша ёққа боринглар”, деди. “Бишкекка борасизлар. Бишкекдан Тошкенга ўтиб, ўша ёқдан келсанглар кейин паспорт берамиз”, дейишди. Шу пайтгача бизга паспорт берилмаган, - дейди Олтиной опа.

Боткен вилоятининг биргина Мингчинор қишлоғида отаси Ўзбекистонда, онаси Қирғизистонда яшаб, фарзандлари ўртада сарсон бўлаётган 4 оила бор.

Ҳозирча Ўзбекистондан чиқариб юборилган ва Қирғизистонда яшаётган бундай оилалар қанчани ташкил қилиши тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Бунга уларнинг Қирғизистон расмий идораларига ариза билан мурожат қилмагани ёки рўйхатдан ўтмагани сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистондаги ўзининг уйидан айрилган аёллардан яна бири Санобар Бакирова ҳам уч боласи билан Қирғизистонда яшамоқда. У агарда Ўзбекистонга қайтса, судга берилиши тўғрисида огоҳлантирилганини айтади:

- “Мелисахонага борасизлар”, дейишди. “Буйруқ келди, Қирғизистонингларга чиқасизлар”, деб барчамизи мелисахонага олиб боришди. Кейин мелисахонада ўзимиздан ариза ёздириб олишди. “Ўзбекистонга яна келсанг беш йилга қамаб қўяман”, дейишди,- дейди Санобар Бакирова.

Боткен вилояти давлат маъмурияти расмийси Таштемир Эшалиевнинг журналистларга маълум қилишича, депортация қилинган аёлларнинг тақдири фақат давлатлараро даражада ҳал қилиниши мумкин ва аёлларнинг муаммоси тўғрисида Қирғизистон ҳукумати расмийлари ҳабардор қилинган.

Боткен вилояти Оқтурпоқ қишлоқ округи раҳбари Алчинбай Имаров эса, Ўзбекистондан мажбуран кўчиб келган аёлларга Мингчинор қишлоғига яқин ҳудудлардан уй қуриш учун ер ажратиб, аёлларнинг куёвлари Қирғизистонга келса, турмушини давом эттиршга кўмаклашиш ниятида эканини айтади:

- “Мен участка берай. Сизларнинг куёвинглар ҳам қирғиз болалар. Агарда улар ҳам рўйхатдан чиқиб, Ўзбекистондан бу ерга келса, биз бу ерда ёрдам бериб Қирғизистон фуқаролигини олиб берайлик, шу ерда турмуш қилиб, яшанглар”, деган таклифимни киритдим,- дейди Алчинбай Имаров.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар изга тушгунча, Ўзбекистонда ўз оиласини ташлаб Қирғизистонга қайтишга мажбур бўлган одамларга Қирғизистон қанчалик даражада ғамхўрлик қила олиши номаълум бўлиб қолмоқда.