Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси эълон қилган янги ҳисобот шундай номланади.
Ҳисоботда 2005 йилги Андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган қийноқ усуллари, отишмада ҳалок бўлганларни рўйхатга олиш ва уларни дафн қилиш тартиби, шаҳар ўликхонасида 13 май куни йиғилган жасадлар ҳақида гап боради.
Андижон воқеаларини ўз кўзи билан кўрган ва қийноқлар остида бу воқеаларда иштирокини “тан олган” гувоҳларнинг мактублари ҳам ҳисоботдан жой олган.
“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Отаеванинг Озодлик радиосига айтишича, ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам равишда қўлланиб келинаётгани, тергов ва судловсиз одамларни ўлдириб юборишаётгани ҳақида жамоатчиликни яна бир бор огоҳлантиришни мақсад қилган:
- Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати ўз хавфсизлигини ўйлаб мамлакатдан чиқиб кетган шахсларни экстрадиция қилиш масаласи билан жиддий шуғулланяпти. Тўқима жиноятларда айбланаётган бу шахслар ҳукуматлараро битимлар асосида Ўзбекистонга экстрадиция қилиняпти ҳам. Биз бу шахслар Ўзбекистонга қайтарилганидан сўнг уларни қандай қийноқлар кутаётганини ана шундай қийноқларни ўз бошидан кечирган гувоҳлар кўрсатмалари асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик, дейди Надежда Отаева.
Ҳисоботга сиёсий мотивлар билан Ўзбекистонни 2005-2010 йиллар давомида тарк этган 42 нафар қочқинлар билан бўлган интервьюлар асос қилиб олинган. Шунингдек Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган маҳбусларнинг мактублари ҳам келтирилади.
-Биз халқаро кузатувчилар диққатини яна бир бор Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига қаратмоқчимиз. Бу оддий ҳисобот эмас, балки шафқатсиз қийноқларни ўз бошидан кечирган одамларнинг ҳикоялари. Агар бу ҳикояларни ўқисангиз, танингизни титроқ босади, кўз олдингиз қоронғулашади. Ўзбекистон хавфсизлик хизмати ходимлари маҳбусдан “иқрор” олиш учун жуда шафқатсиз қийноқларни қўллашади. Бизнинг мақсадимиз, қочқинлар яшаб турган мамлакатлар раҳбарлари эътиборини тортиш. Улар яхши билиб қўйишсин, одамларни бу ҳукуматга топшириб бўлмайди, бу ҳукуматга ишониб бўлмайди, дейди Надежда Отаева.
Ҳисоботда Қаршидаги 64/33 жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг асл нусхадаги мактуби келтирилади:
“Ассалому алайкум. Сизга бу хатни 64/33 зонасида жабр чекиб ётган, 159- модда билан ноҳақ қамалган биродарлар ёзмоқдамиз. Бу ерда 159- модда билан қамалганлар 121 кишимиз. Ҳаммамиз турли йилларда қамалганмиз. Ҳаммамиз турли инсонларимиз, феъл-атворимиз ҳам турли, лекин тақдиримиз бир экан. Тақдиримиз шу ерларда инсон боласи тасаввурига сиғмас жабр кунларни кўриш экан. Бу ердаги “хозяин” ва оперларни инсондан туғилганига ишониш қийин. Чунки инсондан туғилган инсон инсон бўлади, булар эса ваҳшийлардир.
Берган қийноқлари, дудубинка билан зўрлашлар, аччиқ қалампир солиб қилинадиган клизмалар, дубинка билан товон тешилгунча уришлар, буларнинг ҳаммаси улар яхши кўрган услублардир. Буларнинг ҳаммаси уларга камлик қилиб, бошқа турли ҳунарлар ҳам ўйлаб топишган. СПИД билан касалланганларнинг орқа тешигига дубинка тиқиб, сўнгра ўша дубинкани бошқа йигитларга тиқади ва ўзлари қотиб-қотиб кулади...”, деб ёзади Қаршидаги 64/33 жазони ўташ муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкум, ташқарига чиқарган ўз мактубида.
Ўзбекистон қамоқхоналарида ва тергов изоляторларида қийноқлар қўлланиб келинаётгани ҳақида инсон ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар мунтазам бонг уриб келади.
Бундай ҳолатни 2002 йилда Ўзбекистонга бориб вазиятни бевосита ўрганган БМТнинг ўша пайтдаги қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен¸ сўнгра унинг салафи Манфред Новак ўз ҳисоботида қайд этган эди.
Ўзбекистонга сафаридан кўп ўтмай Озодликка берган интервьюсида жаноб ван Бовен, жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқлардан Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, шахсан президент Ислом Каримовнинг хабардорлигига шубҳа қилмаслигини айтган эди.
- Биласизми, унинг, яъни Каримовнинг бу ҳақда хабари бўлиши керак. Давлат раҳбари бўла туриб бу нарсалардан хабарим йўқ, деб ўзингизни гўлликка сололмайсиз. Чилининг собиқ диктатори Пиночет ҳам қамоқларда қийноқлар борлигидан бехабарман деганлардан бири эди. Лекин кейинчалик унинг қамоқларда рўй бераётган бедодликлардан хабари бўлгани, чунки ўзининг хавфсизлик хизмати бошлиғи билан ҳар куни гаплашиб, вазиятдан бохабар бўлиб тургани аниқланган эди. Президент Каримов ҳам қийноқлардан хабари борлиги шубҳасиздир ва бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилиши керак, деган эди Тео ван Бовен Озодлик билан суҳбатда.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналари ва тергов изоляторларида қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги иддаоларни мунтазам рад қилиб келади.