Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши Эроннинг аралашувини қоралади

Араб давлатлари етакчилигидаги Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши Эронни ташкилотга аъзо давлатлар ички ишларига аралашаётганини қоралади.

Шу ҳақдаги баёнот асосан сунний мазҳабида бўлган Кўрфаз ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг якшанба куни Риёд шаҳрида бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишидан кейин эълон қилинди.

Кенгаш аҳолисининг аксари шиа бўлган Эронни Баҳрайнда маҳзабий бўлиниш ҳосил қилишга уринаётганликда айблаган.

Баҳрайнда шиа мусулмонлар бир неча ҳафтадан буён мамлакатнинг сунний монархия тузумига қарши намойишлар ўтказиб келмоқда.

Эрон Баҳрайн ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида бу мамлакатга қўшин жўнатган Саудия Арабистонини танқид қилган.

Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши Кувайтда жосуслик тармоғи тузганлик учун ҳам Эронни қоралади. Ундан аввал Эрон ҳукумати бу иддаони рад қилган эди.