Буни мазкур ширкат ходимаси Валентина Катишева ҳам тасдиқлади:
- Мобилография лойиҳаси Мегаполис мавзуида олинган фотосуратлар қатнашмоқда. Егор Абатуров ўзи хозир Москвада яшайди, шу боисдан унинг отаси бизга ёрдам берди. Кўргазмада етмишдан ортиқ “Sony Ericsson” мобил телефонига 2 мегапиксел ҳажмида олинган фотосуратлар қўйилган. Кўргазма “Илҳом” театри биносида ўтказилиши кутилаяпти, - деди кўргазма ташкилотчиларидан бири Валентина.
Тошкентлик фотосураткаш Умида Аҳмедова фикрича, Егор олган расмлар одатий фотосуратлардан фарқ қилади:
- Кўпроқ суратга санъат сифатида қараб келган болалардан у. Шунинг учун суратга олганда ҳам ўзини олдига мақсад қилиб олган. Кўп расмларида сифати қандай чиқишини ўйламаган, дилидаги нарсани, ҳис этганини олган. Кўпроқ бир йўналишда олган, - дейди фотосураткаш.
Умида Аҳмедовага кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик ёшлар орасида мобил телефон орқали суратга олиш анча оммалашган.
- Лекин мобил телефон орқали олинган расмлардан кўргазма қилиш биринчи марта бўлаяпти. Кўпинча “кўргазма қиламан” деган мақсадда эмас, балки кўрган нарсасини олаверади. Телефонида фотоаппарат борми, кўраман, жуда кўп олишади, - дейди фотосураткаш.
Ўзини Лайло дея таништирган бухоролик суҳбатдошимизнинг айтишича, мобил телефонида фотоаппарати бор ёшлар аксар холларда эсталик учун ўзларини суратга олишади. Шу билан бирга, ўғил болаларда чор-атрофдаги турли воқеаларни видеосуратга олиш ҳам оммалашган.
- Кўпинча қизлар қўрқади бундай нарсалардан. Лекин эътибор берганман, ўғил болаларнинг кўпчилиги шундай ҳолатларни суратга олган. Масалан, авария бўладими ёки бошқа бир нимами - фақат ўғиллар олади, лекин қизлар эмас, - дейди бухоролик Лайло.
Айни пайтда “Youtube” интернет порталида ўзбекистонлик ёшлар томонидан мобил телефонга олинган видеолавҳалар ҳам кўпайиб бормоқда. Уларда талабаларнинг ўқитувчи устидан қилган ҳазиллари ва шу каби воқеалар акс этган.
Ўзбек расмийлари мамлакатдаги реал воқеъликни яширишга уринаётган бир пайтда мобил телефонлар орқали олинаётган фото ва видеосуратлар интернет тармоғига қўйиб борилиши кучайиб бораяпти.
Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда сиёсий мавзудан ташқари бўлган хусусий ва маиший мавзуларда суратга ва видеога олиш холатлари рухсат этилганлигини айтади.
Унга кўра, мобил телефонларга фақат давлат назоратидаги иншоотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини суратга олиш таъқиқ остида.
- Ёки, масалан, илгариги Навоий ярмаркаси. Шундай жойларни йиғиштириб ташлагани ёки ҳамма телефонларни тортиб олиб, маълум даражада кучли назоратлар ўрнатилганлигидан хабаримиз бор. Бу дегани, оммалашиши кераги бўлмаган тасвирлар одамлар томонидан тарқатилса, буни давлат, ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари кучли назорат остига олади. Лекин одамлар ўзаро ахборот олиш мақсадида хусусий ва маиший холатларни тасвирга олиб, тарқатиб юришади. Чунки Ўзбекистонда бундан бошқа ахборот алмашиш йўли қолмади ва кундан кунга чекланиб бораяпти, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.