Ўтган ҳафта Москвада Mercedes-Benz Модалар ҳафтаси бошланди. Тадбирнинг учинчи кунида ўзбекистонлик дизайнер Guli бичган кўйлаклар намойиш қилинди.
Guli бу президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир. Мода, айниқса аёллар либосларида ҳеч вақо тушунмаганим боис Guli бичган кўйлакларга баҳо бера олмайман. Лекин бу кўйлаклар 2 апрел куни Москвадаги Халқаро савдо маркази залида ўтказилган намойишга йиғилганлар томонидан яхши қабул қилинганини айтиш мумкин. Ҳар қалай Guliга шундай туюлгани аниқ. Чунки шоудан кейин Guli “ўз муваффақиятини” Москвадаги энг ҳашаматли ресторанлардан бири ҳисобланмиш “Большой”да “ювиб” берди.
Гулонора Каримова уюштирган базми-жамшидга ташриф буюрган 150 меҳмон орасида, “Большой” ресторани ходимларининг айтишича, Россиянинг энг олди олигарх миллиардерлари Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудов, жиноят оламида “Тайванчик” дея ном чиқарган "авторитет" Олимжон Тўхтаохунов, қўшиқчи Филлип Киркоров, бир нечта сенатор ва депутатлар, “қандайдир турк олифтаси” ва бошқа бойвачча ва корчалонлар бўлган.
“Большой” ресторани ходимларига кўра, хайрия кечаси, деб расмийлаштирилган ва унинг харажатларини Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гулнора Каримова ҳомийлик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси кўтарган. "Хайрия кечасида ё Ўзбекистон маданиятини ривожлантириш, ё етим болаларни сийлаш учун молиявий кўмак йиғилиши айтилган эди", деди “Большой” ресторани официантларидан бири камина билан хос суҳбатда.
Лекин барча меҳмонлар тўплангач етимларга ёрдам бериш мақсадида уюштирилгани айтилган “хайрия кечаси” дизайнер Guli ва айни пайтда Ўзбекистонннг БМТдаги вакиласи Гулонора Каримова ясаган қимматбаҳо тақинчоқлар шоусига айланиб кетган.
Официант қизнинг айтишича, Guli “хайрия кечаси”да меҳмонлар учун тортилган тансиқ мева ва миллий егуликларни Ўзбекистондан махсус самолëтда ўзи билан олиб келган. “Ресторанимиз фақат ичимликларни етказиб берди”, деди официант қиз.
Мезбон ўзбекистонлик, дастурхон ўзбекча, меҳмонлар асосан россиялик бўлса-да, “хайрия кечаси” “Ландон” ёки “Лос Анжелос”нинг энг олижаноб хонадонларида ўтказиладиган зиёфатлардан қолишмаган. Guli ясаган тақинчоқларнинг ҳар бири намойиш қилинганда¸ гулдурос қарсаклару “браво” қичқириқларидан ташқари, “русчасига анча отиб олишган” меҳмонлар ҳар сафар мезбоннинг қўлига ўпичлар қўндиришган. “Лекин бояқишни қўлини ўпишавериб, хуноб қилиб юборишди. Мен кўп кечаларни кўрганман, лекин мунақасини!...”, деди хос суҳбатда официантлик қилган қиз.
Унинг айтишича, “хайрия кечаси”нинг энг асосий “номери” Guli брэнди номи билан қимматбаҳо тошчалар билан “безатилган” iPhone телефонининг тақдим этилиши бўлган. “Ялтир-юлтур” iPhone кўрсатилганидан кейин Guliнинг қўлини, айниқса кўп ўпишгани ва, айниқса¸ Филлип Киркоров унинг олдидан кетмасдан ўпичбозликда жонбозлик кўрсатганини гапириб берди “Большой” рестораниниг яна бир ходими.
“Большой”даги “хайрия кечаси”да намойиш қилинган Guli номидаги iPhone ва тақинчоқларнинг етим-есирларга ёрдам бериш ёки Ўзбекистон маданиятини кўтаришга алоқаси бўлганми, буни айтиш қийин.
Лекин президентнинг тўнғич қизи, айни пайтда Испаниядаги Ўзбекистон элчиси, айни пайтда БМТдаги Ўзбекистон вакили, айни пайтда Ўзбекистон маданияти ва санъати, етим-есирлар ва ёшлар ҳомийси, айни пайтда қўшиқчи Гугуша, айни пайтда дизайнер Guli ва кўплаб бошқа лавозим ва мақомлар соҳиби Гулонора Каримовага алоқадор кўплаб интернет нашрлари Москванинг ҳашаматли “Большой” ресторанида “хайрия кечаси” ўтказилгани ҳақида хабар бермади.
Хабарлари бўлмагандирда...
Сўнгги сўз ўрнида: Ўзбекистон маданияти ва санъатининг бугунги аҳволи ўта аянчли ва ҳақиқатан ёрдамга муҳтожлигига Савицкий номидаги Нукус санъат музейидан рус авангард рассомлари мўйқаламига мансуб 2000 дан ошиқ ноёб ва қимматбаҳо асарларнинг йўқолгани яққол мисолдир.
Куни-кеча эса "Ўзбеккино" миллий агентлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда, Москвадаги киноархивда сақланаётган "Ўзбекфилм" асарларидан нусха олиш учун 1000 АҚШ доллари топилмаётганини айтди.