Жума намоз: Соқолсиз имомлардан Янги йилу 8 март табриги

Жума намозларида диний маърйзалардан кўра "Президентимизнинг боши омон бўлсин!", "Навўзингиз муборак!" каби тилакларни кўпроқ эшитиш мумкин, дейди тошкентлик намозхонлар.

Қурганимиз суҳбатлардан маълум бўлишича, Жума намозида имомлар "юқоридан тасдиқланган" бир мавзудаги маърузаларни ўқиш билан бирга мусулмонларни Янги йил, 8 март, Наврўз билан ҳам қутлайдилар.

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ходимларига иш вақтида, ташкилот биносида намоз ўқиш ва иш вақтида жума намозига боришга чеклов жорий этилгани ҳақида бир неча марта хабар берган эдик.

Шу кунга қадар Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитасига вазиятга ойдинлик киритишни сўраб қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда.

Биз расмийлардан изоҳ олишга уринишда давом этар эканмиз, шу кунларда Тошкент шаҳридаги масжидларда Жума намози қандай ўқилмоқда, маърузада нима гап, деган савол билан Озодликка боғланиб турадиган айрим намозхонларни суҳбатга тортдик.

Қуйида ана шу суҳбатлардан учтасини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Биринчи суҳбат Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги масжидлардан бирига қатнайдиган нафақахўр Неъмат ака билан. У киши жума намозини канда қилмайдиган намозхонлардан.

Жума намозда мусулмонлар илм эмас, дуо сўрашади


Неъмат ака пойтахтнинг ўзи қатнайдиган масжидларида ўқилаётган Жума намози ва у ердаги маърузларда тилга олинаётган мавзулардан кўнгли тўлишини айтади.

Озодлик: Жума намозини қандай ўқияпсизлар ҳозир? Бемалолми, одам кўп келаяптими шу кунларда?

- Одам жуда кўп лекин. Одам кўп. Одатдагидай қанақа ўқилса, шунақа. Ортиқча нарса йўқ.

Озодлик: Намозхонларнинг кўпчилиги ëшларми, ëши катталарми?

- Ëши катталар ҳам бор, ўрта яшарлар ҳам бор, ëшроқлар бор. Ҳар хил тоифадан бор.

Озодлик: Қайсидир қисми кўпроқ деб айтиш мумкинми?

- 40 ëшдан юқорилари жуда кўп. 30 ëшдан юқорилари жуда кўп.

Озодлик: Мактаб ўқувчилари келаяптими?

- Йўқ, мактаб ўқувчилари йўқ. Мактабда ўқиш бор, дарс бор.

Озодлик: Мусулмон киши сифатида сиз нима деб ўйлайсиз, тўғрими дарсни ташлаб чиқмасликлари? Илм олиш керакми ëки фарз намозга келиши керакми?

- Энди намоз ўқиш керагу, лекин, нима дейди, дарсни ҳам ташлаб кета олмайдида. Мана мисол учун бир соатнинг ичида қанча дарсдан қолиб кетиши мумкин.

Озодлик: Демак, сизнингча илм олгани маъқул?

- Энди илм олмаса, бўлмайдида барибир.

Озодлик: Лекин ишчилар келиб бемалол ўқиб кетишаяпти-а намозларини?

- Ҳа. Пенсионерлар, иши йўқлар ҳаммаси келиб ўқишаяпти.

Озодлик: Ишлиларчи? Ташкилотларда ишлайдиган амалдорлар?

- Энди амалдорлар кела олмайдию. Ишлайдиганлар келади. Энди жуда кўпчилик келадида намозга. Ëн-атрофимда асосан пенсионерлар. Йиғилиб олганмизда. Ким қаерда ишлайди, нима қилади мен ажрата олмай қоламанда.

Озодлик: Болалар дарсларини ташлаб жумага келса, уларни қайтарганларига, дарсга боринглар деганларига гувоҳ бўлганмисиз?

- Унақа ҳолатни кўрмаганман. Нимагаки бизлар сал вақтлироқ чиқиб ичкарида ўтирамиз. Шу билан энди, тўғри кирасиз масжидга, ўтирасиз. Ташқарида нима бўлаëтганини била олмай қоласиз.

Озодлик: Маърузаларда нима гаплар бўлаяпти?

- Баҳорда бўлса, ободонлаштиришга ўхшаган гаплар бўлади. Энди асосан диний томондан ҳам маъруза бўлади. Ўшанинг ичида ободонлаштириш, шунга ўхшаган ҳолатлар гапирилади.

Озодлик: Диний масалалар ҳақида гап кетганда қанақа гаплар бўлади?

- Ахлоқ, одоб.

Озодлик:
Сиëсат ҳақида ҳам гап бўладими? Мамлакатдаги сиëсат ҳақида?

- Йўқ, йўқ.

Озодлик:
Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари?

- Йўқ, энди бу нима дейди дин сиëсатдан алоҳидаю.

Озодлик: Қанақа саволлар бўлади? Оддий саволлар бўладими?

- Савол асосан дуо қилиш тўғрисида хат ëзишади. “Ойим касал. Ўшанга жамоадан дуо олиб беринг” ëки “Ишим юришмаяпти. Жамоадан дуо олиб беринг” ëки бўлмаса “Чет элга операцияга кетаëтган эдим. Худо шифо берсин. Шунга дуо олиб беринг” деган савол-хатлар бўлади.

Озодлик:
Бирор-бир фатво сўрашмайдими? Бир марта қизиқ нарса эшитган эдим. Биттаси шимини бошига қўйиб ëтган эканда. Имомга “Мен билмасдан бошимга шимимни қўйиб ëтдим. Нима бўлади энди?” деб савол берган экан. Имом “Шимини бошига қўйиб ëтган бўладида, нима бўларди?! Шунақа ҳам савол берасизларми? Илм олсанглар бўлмайдими озгина” деган экан. Шунақа қизиқ саволлар ҳам бўладими?

- Йўқ, бунақа саволлар бўлмайди.

Озодлик:
Фақта дуо олиб беринг дейдими?

- Асосан дуо сўрашадида.

Озодлик:
Илм олмоқчи бўлса, намоз ҳақида имомдан сўраладими, ахир?

- Бунақа саволлар ҳеч бўлган эмас.

Озодлик: Одамларда бунақа саволлар йўқми ëки бўлса, қаердан жавоб олади улар?

- Билмадим энди.

Озодлик: Жумада президентни дуо қиласизларми?

- Албатта. Ҳа.

Озодлик:
Президентни ҳар жумада дуо қиласизларми?

- Дуо қилинадида давлатимиз раҳбарлари, президентимиз, олиб бораëтган сиëсатлари, хуллас шу тўғрисида дуо қилинади.

Озодлик: Демак, ҳаммаси яхши. Жума Намозига бориб-келиб, эмин-эркин ўқиб юрибсизлар?

- Ҳа, жуда яхши ўқилаяпти, дейди тошкентлик намозхон Неъмат ака.

Неъмат аканинг сўзларидан эшитдингизки, бугун пойтахтда намозга кўпроқ ёши катталар бормоқда ва улар маърузаларда кўп тилга олинадиган аҳлоқ-одоб, ободонлаштириш каби мавзулардан қониқиш ҳис қиладилар.


Соқолсиз имомлардан Янги йилу 8 март табриги



Иккинчи суҳбатдошимиз - Тошкент шаҳридаги Фирдавс ва бир вақтлар ҳозир муҳожиратда бўлган Обид қори Назаров имомлик қилган Тўхтабойвачча масжидларида жума намозини адо этадиган тошкентлик Абдуллоҳ ҳар жума куни бўладиган маърузаларда тилга олинадиган мавзулардан умуман қониқиш ҳис қилмаслигини айтди.

У, айниқса, 1000-2000 мусулмон йиғилган жума намозида имомларнинг намозхонларни Янги йил, 8 март, Наврўз каби байрамлар билан табриклашларида мутлақо мантиқ кўрмаслигини айтди.

- Бизлар Фирдавс масжидига, Чақичмондаги Тўхтабойвачча масжидларига, Кўкалдош масжидларига борамиз.

Озодлик: Қандай бўлаяпти энди жума намозлар?

- Энди ҳозирги пайтда енгил-елпи нималар бўлаяптию, ўта жиддий темалар йўқ барибир. Масалан Ғунчадаги Фирдавс масжидига бориб тураман, булар ҳам жуда раҳбарларни дуолар қилиб, шунақа маърузалар қиладилар.

Озодлик: Олдин қанақа эди? Олдин қанақа саволлар беришарди?

- Энди олдин ҳамма ўзининг гапини гапирардида. Ҳозирги пайтда бир хил маърузалар. Мисол учун Наврўз келса, Наврўз тўғрисида, 8-март келса, 8-март тўғрисида, даже 31-декабрларда Янги йил билан табриклашаяпти ҳозирги пайтларда.

Озодлик:
Ким табриклаяпти?

- Бутун диний бошқармадан келади қоғоз фатво. Бу ëқдан домлалар ҳаммаси “Янги йилинглар билан” деб табриклаб кетаяпти жума кунларида. Бу одатий ҳол бўлиб қолдию. 8-март, Наврўз, Янги йил, йўл ҳаракати қоидалари, Оллоҳнинг ҳукмлари у ëқда туриб билмаймиз нималарни гапиришаяпти, ҳайрон қоласиз.

Озодлик: Ўтган жумада нима ҳақда гап бўлди мисол учун?

- Ўтган эмас, ундан олдинги жумаларга борган эим. Унда маҳалла-кўй, кўчаларни обод қилишлик, Наврўзга тайëргарлик бўйича бўлдида. Лекин Чақичмондаги Тўхтабойвачча масжидига собиқ муфтийнинг ўғиллари келиб маъруза қилдилар. Аср сураси билан Ихлос сурасида иккита тажвид хатолари бўлди. Ҳайрон қоласизда. Бунақа имом қанақа қилиб маъруза қилаяпти, биз ҳам ҳайрон қолдик ўша куни. Чунки у ерда бутун жамоат намоз ўқияпти. Жума намозидаги жамоатга жавоб беради имомликка ўтган одам.

Озодлик: Қанчача одам бор эди орқасида?

- 2000 одам чиқиб қолади у ерда.

Озодлик: Маърузада нима ҳақида гап бўлди?

- Маърузада асосан диний бошқармадан қўлларида қоғоз бор экан. Ўшанга қараб туриб Наврўз умумий кун бўлгани учун ҳаммангларни умумҳашарга чақирамиз, кўчаларнинг тозалиги уларни ташвишга солиб қўйган экан. “Кўчаларни тозалаш мусулмонларнинг вазифаси” деб гапириб ўтдилар энди. Байрам ўтгандан кейин ҳеч кимнинг иши йўқ ўзи у нарса билан.

Озодлик: Дуо бўлдими охирида? Дуо қандай бўлди?

- Дуолар асосан деҳқончилик ҳақида, раҳбарларни дуо қилиб қўйишади озгина. Бошқа яна нима бўлиши мумкин?

Сизга ҳозир битта нарса айтиб бераман. Доимий кўп масжидларда бўлаëтган нарса. Ҳар хил балолардан, самовий, арозий балолардан сақласин Оллоҳнинг ўзи, президентимиз омон бўлсинлар, мустақиллигимиз абадий бўлсин – ҳар доим мана шунақа дуо. Дуоларни ҳам ëдлаб олишган бир хилда. Қанақа дуо қилишларигача ëзиб беришган менимча. Чунки ҳаммаси бир хил дуо қилади. Ҳеч ким айтмайди “Эй қаттиқ туринглар, мустаҳкам туринглар. Оллоҳнинг синови келади ҳақиқий мўминга” деб ҳеч қайси олим гапираëтгани йўқ.

Ҳаттоки ҳозир имомларнинг орасида соқол қўйган имомни топиш амримаҳол. Соқолли имомни топишнинг ўзи жуда мушкул. Бармоқ билан санарли. Ҳозир кўзга кўринганларидан, Анвар қорининг ўрнига ўтириши мумкин дейилган имом бор, президент билан жуда яхши дейишаяпти, Одилхон қори. Даже бу одамнинг ҳам соқоли йўқ ҳозирги пайтда.

Озодлик: Соқолли намозхонларчи?

- Улар саноқли. Улар давлат назоратида туришади. Миллий хавфсизлик рўйхатида туришади.

Озодлик:
Булар нима тазйиқ бўлишидан қатъий назар соқолини қўйиб юраверадиган диндорларми?

- Улар юраверади. Ҳеч ким бош оғриғи ҳам қилмайди барибир. Чунки шусиз ҳам улар рўйхатда туради.

Озодлик: Ўзи жумада одам кўпми?

- Ҳозирги пайтда одамлар динга маҳкам бўлишга қўрқиб қолган. Чунки суннатни тирилтириб соқол қўйиш ҳозир жуда қийин масала бўлиб қолди. Кафтда чўғ ушлаб туриш билан баробар бўлиб қолди. Аëллар ҳам ҳижобни ечиб кетаяпти мисол учун тирикчилик қилмоқчи бўлса.

Ҳозир мисол учун ҳижобли аëлга на ўқишда, на ишда ҳеч қандай имкон йўқ. Мана мисол учун ишга кирмоқчи бўлса битта одам, “Мен намоз ўқийман. Шунга қанақа шароит бор?” деса, ҳеч ким олмайди уни ишга, аëлни ҳам, эркакни ҳам.

Озодлик:
Ишхонада намоз ўқигани учун жаримага тортилганларга гувоҳ бўлдингизми?

- Жаримага тортиш қонуни чиққан. Лекин кўпчиликнинг жаримага тортилган жойи йўқ. Албатта билиб қолса тортади жаримага.

Озодлик:
Жаримага тортилсин деган қонун қачон чиққан?

- Эшитганим бўйича 6-7 ойча бўлиб қолган.

Озодлик:
Иш вақтида жумага бормасин деган қонун, деяпсиз. Сиздан олдин ҳам бир-икки киши билан гаплашдим. Улар ҳам қонун, деб гапирдида. Аниқ биласизми шундай қонун борлигини?

- Одамларнинг тилида юрибди. Мана шу нарса бор эканда.

Озодлик: Қонун дейишаяптими шуни?

- Ҳа. Чунки кўп ишхоналар огоҳлантирилган экан бу нарса бўйича. Огоҳлантириш бўлган, деб биз унақа нима қилиб ўтира олмаймиз деб ишсиз ўтирибди бечора намозга қаттиқ турган одамлар.

Озодлик:
Ишлайдиганлар жумага бора олаяптими ëки бора олмаяптими?

- Жумага боришадику амаллаб. Энди беш маҳал намозни адо этиш қийин бўлиб қолди ҳозирги пайтда ишлайдиган одамга. Биласизми бу нимага ўхшайди? Бу яҳудларнинг услуби, тактикасига ўхшайди. Чунки ëшлар исломдан чиқарилса, исломнинг келажаги бўлмайди келажакда. Дин бўлмайди бу юртда.

Мана ҳозирги пайтда бизларда ҳам худди шу аҳволда. Ëшлар учун дин, шариат йўллари тўсилган. Келажакда, валлоҳу аълам, нима бўлади бу кетишда, дейди Тошкент шаҳридаги Фирдавс ва Тўхтабойвачча масжидларида жума намозини адо этадиган тошкентлик намозхонлардан бири.



Жумага борсанг, конспирация қоидаларига амал қил


Учинчи суҳбатдошимиз эса тошкентлик намозхон, собиқ маҳбус Нозим ака.

У киши жума намозларида жамоатнинг катта эканидан қувонишини, аммо, бу жамоатнинг эҳтиёжига яраша ибодат бўлмаяпти, деб ҳисоблашини айтди.

Нозим ака суҳбатни ўзи бир гал 6 ёшли жияни билан Жума намозига борганида уларни масжидга киритишмаганидан гап бошлади.

- Яқинда жумага чиқдим. Жияним билан борган эдим. Киргазишмади.

Озодлик: Қайси масжидга?

- Шайхонтоҳурдаги Камолон масжидига. Мумкин эмас экан киргизиш. “Нимага? Қаерда ëзилган? Оллоҳнинг уйику бу” десам, “Бу ерда камерага олинаяпти. Ҳозир мумкин эмас болаларни олиб кириш бу ëққа” деб айтди.

Озодлик: Жиянингиз неча ëш?

- Ҳали мактабга чиқмаган, энди чиқадида. Сентябрда биринчи синфга чиқади.

Озодлик: Ўзи хоҳлаб борган эдими у?

- Ҳа. Шунақа нарсаларга қизиқадида.

Озодлик: Демак, уни киргизишмади?

- Ҳа. Мен ҳам қайтиб кетдим кейин.

Озодлик: Ундан олдинги жумага чиққанмидингиз?

- Ҳа. Кўкчага бораман, Чорсудаги масжидга.

Озодлик: Нимага битта масжидга бормайсиз?

- Битта масжидга боришни хоҳламайман. Нимага деганда у ерда ким чиқаяпти, ким келаяпти ҳаммасини маҳалла комитети чиқиб ëзиб, ҳаммасининг ҳисобини ИИВгами, СНБгами беришаркан. Шунақа деб эшитганман.

Озодлик: Сизни танимайдиган жойларга борасизда? Сиздан олдин битта бола айтиб берди: "Биз бошқа районларга намоз ўқигани борамиз. Чунки ҳамма районнинг ўзида ўзининг маҳалласининг одамлари туради. Улар бир-бирини танийди" деб.

- Шунақа, тўғри. Маҳалла раиси чиқиб, унга ҳам чиқиш юклатилган. Ўша ерда бўлиши керак. Бўлмаса бўлмайди. Ўзи чиқиб ким келаëтганининг ҳаммасини отчëт бериб туради.

Озодлик: Отчëт қиладиганларнинг ўзлари ҳам намоз ўқийдими кейин?

- Ўқийдигани ҳам бор, ўқимайдигани ҳам бор. Эшикнинг тагида туради.

Озодлик:
Ўзи жумага кимлар чиқаяпти ҳозир? Одам кўп бўладими жумада?

- Жумада жуда кўп бўлади. Мактаб ўқувчиларини ҳам бир кўриб қоламан. Бир хил пайтларда кўчаларгача чиқиб кетиб қолади жойнамозларни қўйиб.

Озодлик: Мана болалар кирмасин, бошқа деса ҳам нимага одам кўп жумада?

- Чунки инсоннинг шунақа хусусияти бор дейманда. Бир марта инсонни қайтарса, ўша нарсага интилаверади инсон. Физика қонуни бор дейишадида. Ўшанга мен шунақа деб тушунаман. Қилма, деса, одамлар қизиқиб, қизиқиши янада ошаркан.

Озодлик: Балки бу аксинчадир Нозим ака? Балки эркинлик берилгани учун одам кўп бўлар?

- Йўқ, йўқ. Бу ерда эркинлик берилмаган. Чунки у ерда гапирилаëтган нарса ҳеч кимни қизиқтирмайди. Масалан мен ухлаб қолай дейман у ерда гапирилаëтган нарсалардан.

Озодлик: Масалан сиз бўлган охирги жумада нима гаплар бўлди?

- Салом тўғрисида гапирилди. Салом одоби ҳақида гапирилди.

Озодлик: Саломлашиш ҳақидами?

- Ҳа.

Озодлик: Қанча жамоат бор эди ўша ерда?

- У ерда кўп эди. Аниқ билмайманку.

Озодлик:
1000 киши бормиди?

- Ҳа, 1000 киши бор эди. Ҳамма жойда программа бир хил. Бошқа жойдагилардан сўрасам, худди ўша тўғрисида гапирилган дейди. Асосан бир хил тема берилади. Бир амаллаб вақтни ўтказиш учун чўзиладиган саволлар.

Озодлик: Жамоатдан саволлар ҳам тушдими имомга?

- Йўқ, унақа савол-жавоб бўлмайди.

Озодлик: Саломлашиш одоби ҳақида ҳам савол бўлмадими?

- Йўқ, бўлмади.

Озодлик: Неча минут маъруза қилди имом?

- Ярим соатга боради. 12:30да бошласа, биргача гапирилади.

Озодлик: Дуоси қанақа бўлди?

- Дуоси энди шу давлатимиз тинч бўлсин, президентимиз омон бўлсин, шунақа нарсалар. Шу тинчлик, мустақиллигимиз абадий бўлсин.

Озодлик: Демак, ҳар бир дуода президент, давлатимиз мустақиллиги, тинчлигимиз деган сўзлар бор?

- Шунақа. Яхши бўлаяпти ҳамма ëқ, гуллаяпти, яшнаяпти.

Озодлик: Ўзи умуман олганда бунинг ҳеч ëмон жойи йўқку-а? Битта давлат бирлашиб юртбошисига дуо қилса. Сизга маъқулми шу?

- Агар бу нарсалар қалбдан чиқиб гапирилганда, ростдан ҳам, ҳақиқатан ҳам ўхшар эди дейманда. Булар ҳаммаси номига нима бўлиб кетадиган нарсалар.

Озодлик:
Имомлар юрагидан чиқариб айтмайдими шу дуоларни?

- Йўқ, мен ўйлайман буларнинг ҳаммаси кўриниш холос.

Озодлик: Ўзлари шу сиëсатни юракдан маъқуллайдими ëки мажбурликданми?

- Менимча йўқ. Мен ўзим жазони ижро этиш муассасасида бўлганимда, ўша ерда домла билан ўтирганман. Самарқанднинг имоми билан. Наркотик билан қамалган.

Озодлик:
Ўзи ростдан ҳам аралашганми наркотикка?

- Наркотикка аралашганлигини бўйнига олган. “Нимага деганда бу нарсани ҳамма имомлар қилади бизларда Самарқандда” деган.

Озодлик: Сиз гаплашган имом сал лофчироқ эмасмиди мабодо?

- Йўқ, соппа-соғ эди. Чунки қамоқхонада одам ичидаги ҳамма бор нарсани гапиради, бўлган нарсани. Мен шунақа деб ўйлайман. Чунки яширадиган нарсаси йўқ. Келадиган жойига келди. “Нимага унақа қилгансиз?” десам, “Ҳа, шайтон йўлдан урди” деб қўяди ўзига ўзи.

Озодлик: Сиз бориб орқасида туриб жума намози ўқиëтган имомлар яхшими?

- Ҳозирги имомларнинг ҳаммаси министрга тобе имомлар. Айтганини қилади, ўшаларга бориб нима қилади. 100 фоиз деб айта олмайман. Ўшани барибир хоҳламаганда ҳам қиладида.

Озодлик: Мана сиз унинг риëкорлигини, жиноятчилигини, баъзи айтаëтган нарсаларингиз жиноятда энди, ëки фирибгарлигини биламан, деяпсиз. Барибир ҳам иқтидо қилиб намоз ўқийверасизми?

- Ҳа, ўқийверамиз. Бир-иккита нималардан сўраганимда “ўқилмайди” дейилганда. “Ўқилаверади” деганини ҳам эшитганман, “ўқилмайди” деганини ҳам эшитганман. Нима қиламиз энди? Биз илмсиз оддий бир банда бўлсак. Масжидга бориб гуноҳларимни кечирсин деб Оллоҳга ибодат қиламиз, имомга эргашиб иқтидо қиламизда энди, нима қилайлик, дейди тошкентлик намозхон, собиқ маҳбус Нозим ака.

-------------------------------------------
Тошкентдаги йирик масжидларда ўқилаётган жума намозида кузатилаётган бу ҳолатлар муштарийларимиз учун қизиқарли ва янгилик бўлди, деган умиддамиз.

Аммо, бу атига уч намозхондан эшитганимиз.

Агар тингловчиларимиз орасида ҳам бу ҳақда фикр-мулоҳазаларини билдириш истагида бўлганлар бўлса, марҳамат, бизга боғланишингиз мумкин.

Телефонларимиз: +420 602 61 27 13 ëки ++420 773 26 72 30

E-mail манзилимиз: uzbekweb@rferl.org