"Қирғизистонлик милиция ходимлари Наврўзбек Турғуновни қишлоғимиздан ушлаб олиб кетганича ҳануз қўйиб юбормаяпти. Уни озод қилиш эвазига ота-онасидан пул талаб қилишмоқда", деди Фарғона туманидаги Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов Озодлик мухбирига. Мухбиримизнинг жаноб Исоқов билан боғланишига 19 апрел куни пайдо бўлган мана бу хабар сабаб бўлди: Ўзбекистон ўз фуқароси Наврўзбек Турғуновни ўғирлаб кетгани учун қирғизистонлик милиция ходимларини Интерпол орқали қидирувга бермоқчи.
Бир неча минг долларга тушиши кутилаётган озодлик
Юқори Водил қишлоғида яшовчи Наврўзбек Турғунов, Регнум ахборот агентлигига кўра, жорий йилнинг 21 февралида қирғизистонлик милиция ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган ва уни озод қилиш эвазига ота-онасидан пул талаб қилишмоқда.
Талаб қилинаётган пул миқдори аниқ эмас, лекин тилга олинган агентликнинг 16 апрел кунги хабаридан бу ҳақда тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Регнумга кўра, Наврўзбек Турғунов ўғирланган куни, “Фарғона туманидаги Полмон қишлоғида яшовчи Аброр Расулов ҳам ўғирлаб кетилган ва уни озодликка чиқариш эвазига Боткен вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ўз воситачилари орқали 9 минг доллар талаб қилмоқда”.
“Наврўзбекни машинага босиб олиб кетганларича қўйиб юборишмаяпти”
Наврўзбек Турғунов билан боғлиқ инцидент тўғрисида айтиб беришини Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқовдан илтимос қилдик.
- Бизнинг қишлоғимиз Қирғизистон билан чегарадош. Ўртада чегара чизиғи тортилгани йўқ. Эскитдан Ўзбекистоннинг фуқаролари қирларда қўй боқиб юрган. Боқиб юрса, ушлаб кетган. Келиб, ушлаб машинага босиб олиб кетганича мана қўйиб юбормаяпти.
Озодлик: Ҳаракат қилдингларми?
- Ҳаракат қилдик. Биз ички ишлар бўлимига мурожаат қилдик, туман ҳокимиятига мурожаат қилдик. Бу идоралар ҳукуматлараро келишув бўлдими, бир ишлар олиб бораëтган бўлса керак. Лекин ҳалигача бизнинг фуқарони қўйиб юборгани йўқ.
Озодлик: Сиз танирмидингиз у йигитни?
- Танийман.
Озодлик: Ëши неччаларда?
- 20 яшар бола. Уйлангани йўқ. Акасининг қўлида яшарди.
Озодлик: Хабарларнинг мазмунига қараганда у йигит мол ўғирлаган эмиш. Бўлиши мумкинми?
- Йўқ, биз ишонмаймиз. Чунки бизга мурожаат қилди ўша боланинг ота-онаси. Онаси келди, акаси келди мурожаат қилди. Бу болага телефон бериб телефон қилдиришаяпти экан ота-онангга айт, пул олиб келсин сени олиб кетишади деб. Булар чиққани қўрқди. “Борманглар. Сизларни ҳам қамаб қўяди” дейилди. Шунинг учун у ëққа бормади. Улар истаган пулни олиб бориб бермади. Милицияга ариза берган. Жиноят иши қўзғатилган бу факт бўйича. Қоидага кўра, Наврўзбекни олиб кетишдан олдин бирор жиноят қилган бўлса, Қирғизистон ҳукуматининг қўлида шунақа ҳужжат бўлса, бизнинг идораларга мурожаат қилиш керак ҳукуматлар келишувига кўра. Улар шунга қараб ушлаб бериш масаласини ҳал қилиши керак. Бунақа бўлмадида. Кўчадан ушлаб кетаяпти. Энди ëш болага нечта айб қўйилди, энди суд бўлармиш дейишаяпти, дейди Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов.
Жаноб Исоқовдан чегараолди қишлоғидаги вазият тўғрисида ҳам сўрадик ва жавобларни бироздан сўнг эшиттирамиз.
Ҳозирча эса, Наврўзбек Турғунов билан боғлиқ изланишларимиз давомини тингланг.
Вазирликлар “информацияни ўрганмоқда”
Мазкур масала юзасидан биз Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига мурожаат қилдик.
Қўмита матбуот хизмати ходими “Бу ҳақда бизда информация йўқ. Буни сиздан эшитиб турибмиз. Айнан бизнинг милиционерлар чегарани кесиб Ўзбекистонга ўтмаган бўлсалар керак”, деди.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан кун давомида 3 марта боғландик.
Хизматнинг ўзини таништирмаган ходими юз берган воқеа тўғрисидаги хабарни дабдурустдан инкор этмади, масалани ўрганиб кўришга ваъда бераверди ва охир-оқибат “Воқеанинг барча тафсилотларини ўрганиб чиқишга улгурмадик. Шунинг учун жавобимиз эртага эрталаб тайёр бўлиши мумкин”, деди.
Ишончли манбалардан олинган маълумотларга қараганда, водиллик Наврўзбек Турғунов Қирғизистон ҳудудида Қадамжой туман ички ишлар бўлими ходимлари туманидан гаровда ушлаб турилибди.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг тилга олинган бўлимдан маълумот олиш йўлида қилган ҳаракатларидан ҳам бугунча иш чиқмади.
Биз Наврўзбек Турғунов масаласида Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳам боғландик.
Вазирликнинг ўзини Нодирбек деб таништирган масъул ходими “Водиллик Наврўзбек Турғуновни ўғирлаб кетган қирғизистонлик милиция ходимларини чиндан ҳам Интерпол орқали қидирувга бермоқчимисизлар”, деган саволимизга мана бундай жавоб қилди:
- Сарвар ака, мен сизга ҳозирчи тўлиқ бу тўғрисида маълумот бера олмайман. Чунки шуғулланганлар бошқа бўлиши мумкин. Бу тўғрисида маълумот бера олмайман, дейди Вазирликнинг ўзини Нодирбек деб таништирган масъул ходими
Вазирликнинг айнан шу ходими саволимизга аниқ жавоб беролмаслигини тушуниш мумкин – масала билан чиндан ҳам бошқа масъуллар шуғулланган бўлиши табиий.
Лекин Наврўзбекнинг шу кунда Қирғизистонда қирғиз милиционерлари қўлида ушлаб турилганини ўзбекистонлик бошқа расмий - Фарғона туманидаги Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов эшиттиришимиз бошида тасдиқлади.
Йўллардаги талончилик
Полмонлик Аброр Расулов ва юқори-водиллик Наврўзбек Турғуновнинг қирғиз милиционерлари томонидан ўғирланиши ва уларни қўйиб юбориш эвазига катта миқдорда пул талаб қилиниши шунчаки бир тасодифий воқеами?
Хабарларга қараганда, тасодиф эмас, балки қирғиз милиционерларининг систематик равишда амалга ошираётган қонунбузарликларидан бир кўриниш холос.
Мана ўша хабарлардан бири: Регнум ахборот агентлигининг 16 апрел куни хабар қилишича, қирғиз милиционерлари бозор бўладиган сешанба ва шанба кунлари Риштон-Сўх йилидан ўтувчи ўзбекистонликларни талаш билан шуғулланмоқда.
“Қирғиз милиционерлари қурол ва “муаммолар” билан қўрқитиб, Ўзбекистоннинг тилга олинган йўлдан ўтувчи ҳар бир фуқаросидан 5 минг ўзбек сўми олмоқда”, деб ёзди Регнум.
Чегараолди ҳудудларидаги вазият оғир
Икки қўшни республиканинг чегараолди ҳудудларидаги муаммолар қирғиз милиционерлари билангина боғлиқ эмас. Келинг, шу ўринда Фарғона туманидаги Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов билан суҳбатга қайтайлик.
Озодлик: Ўзи умуман Қирғизистон билан чегарада эканда сизларнинг қишлоғинглар. Вазият қандай ўзи? Бунақа воқеалар тез-тез бўлиб турадими ë бу истисно бўлдими?
- Йўқ, бунақа воқеалар бўлиб туради. Аҳолининг норозилиги ҳам бор. Мана Қирғизистон сувни тўсиб олаяпти. Ҳозир айнан сув ичадиган пайт қишлоқ хўжалик экинларига. Сувларни тўсиб олаяпти. Аҳолига сув тақчиллиги бор. Ҳар куни шу муаммо бизда. Хоҳлаганда тўсиб олаверади уларга керак бўлса. Катта сел келиб қолса, тўплаб туриб очиб юборади. Бир ëқни уриб кетади. Мана ҳозир ҳам сув йўқ.
Озодлик: Мана сиз қишлоқ йиғинининг раиси экансиз. Қирғизистонда ҳам бор қишлоқ йиғини бор. Ўзингларнинг даражангларда гаплашиб олса бўладиган масала эмасми бу?
- Йўқ, буни келиша олмаяпмиз. Ўртада чегара бор. Чегарачилар умуман у ëққа борди-келди йўқ. Ҳатто битта техникани ҳам олиб ўта олмаймиз. Чегарадан ўтиш керак у ëққа. Бизнинг ерларимиз бор чегаранинг у ëғида. Имкон йўқ. Сув масаласи ҳам қийин бўлаяпти.
Озодлик: Бу муносабатларга Ўш воқеалари қандай таъсир қилди?
- Ўш воқеаларининг қанча таъсири бор мен буни билмайман. Муносабат яхши эмас. Қўшинимизку, муносабатимиз яхши эмас сув масаласида. Мана шунақа бўлар-бўлмас воқеалар бўлаяпти. Қонунни оëқ ости қилиш ҳолатлари бўлаяпти, дейди саволларимизга жавоб берган Фарғона туманидаги Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов.