Ўзбекистонлик дипломатларга қарийб 20 йил раҳбарлик қилган Абдулазиз Комилов президент фармони билан ташқи ишлар вазири лавозимидан бўшатилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, бош дипломат вазифасидан бўшатилган А. Комилов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Аввалроқ Тошкентдаги манбалар Озодликка А. Комилов истеъфога кетиши мумкинлигини айтишган. Улар эҳтимолий истеъфони унинг шу йил 17 март куни Ўзбекистон Сенатида Украинадаги вазият юзасидан қилган баёноти билан боғлашган.
Комилов Сенатда 40 кун олдин берган баёнотида Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаган эди.
Президент Мирзиёевнинг бошқа бир фармони билан Владимир Норов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган ҳамда унинг зиммасига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш юклатилган. Норов 2006-2010 йилларда ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилган эди.