Ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминов бешинчи адвокатдан воз кечди. Сабаби яқинларига номаълум

Расмийлар блогер Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсхонада қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Ҳибсдаги блогер Абдуқодир Мўминов оиласи ёллаган бешинчи адвокатдан воз кечган.

Бу ҳақда Озодликка билдирган адвокатларнинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминов судда "ўзини-ўзи ҳимоя қилишига ишонмоқда".

Айни пайтда Мўминов адвокатлардан воз кечиш қарорини ўз ихтиёри билан қабул қилганми ёки босим остидами, номаълум қолаётир.

Расмийлар унинг ҳибсда қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидчиси сифатида танилган 33 яшар Мўминов 8 февраль куни “фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди.

Унинг ҳибсга олиниши - Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистонда фаоллашган ва матбуотдан фарқли, аввалига эркин қўйилган блогерлар ва уларга нисбатан босимларга яна жамоатчилик эътиборини қаратди.



Оиласи: Адвокатдан воз кечиш сабаби бизга номаълум


Абдуқодир Мўминовнинг онаси Сабоҳат Абдуллаевага кўра, ўғли шу вақтгача оиласи ёллаган бешинчи адвокатни рад қилган. У ўғлининг адвокатлардан воз кечиш сабаби ўзи учун қоронғи эканини айтади.

Оила ёллаган сўнгги адвокат эса бир ҳафта уриниб, ҳибсдаги Абдуқодир Мўминов билан учраша олмаган ва адвокатга маҳбус Тоштурма қамоқхонасига ўтказилганини айтишган.

Аммо, Сабоҳат Абдуллаевага кўра, ўғлининг Тоштурмага ўтказилгани ҳақидаги хабардан бир неча соат ўтиб, муқаддам терговчи томонидан ишдан четлатилган адвокатлардан бири кутилмаганда қўнғироқ қилган:

"Ўғлингизни 7 март куни оқшом Тошкент шаҳар ИИББ биносида кўрдим, у яна адвокатдан воз кечди, унга қора чой олиб бориб беринглар", деди менга. Аҳволи қандай десам, "Юзидан кўриниши яхши, лекин кайфияти йўқ", деди. Ўша куни сал олдин киритган бошқа адвокатимизга Абдуқодирни уч кунга Тоштурмага ўтказилганини айтишган экан".

Абдуқодир Мўминов ҳибсга олинганида, уни кўриш учун Сурхондарёдан келганини айтган онаси, ҳануз ўғлини кўра олмагани, ҳанузгача унинг қаерда сақланаётгани ва аҳволи қандай экани ҳақида ишончли маълумотга эга эмаслигини айтмоқда.

Аксинча, Абдуллаеванинг айтишича, у ва келини - Абдуқодир Мўминовнинг хотини яшаб турган ижара уйидан чиқариб юборилган. Касби шифокор бўлган Сабоҳат Абдуллаева, такрор-такрор мурожаатлардан сўнг, 23 февраль оқшом соат 9 да ўғлини бир неча дақиқалик видеоалоқа орқали кўрганди.

Ўшандан буён бу аёл ўғли билан юзма-юз учрашувни талаб қилмоқда.

Абдуллаева энг бошидан буён, ўғлига қўйилган айбловларда асос бўлса, унинг қонуний равишда суд қилиниши кераклиги, аммо мамлакатдаги бугунги судловнинг адолатига ишончи комил эмаслиги, бунга фақат умид қилишини айтиб келади.

Блогер тақдири билан қизиқаётган Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳимояси уюшмаси раҳбари Надежда Отаева, Мўминов атрофидаги бу каби мавҳум вазиятдан хавотирланиш керак, деган фикрда:

“Аввалига, адвокат онаси билан кирсин, деган важ билан рад этишди. Кейин эса байрам келиб қолди, дейишди. Тез орада БМТ Олий комиссарининг Ўзбекистонга сафари бошланади ва бу ҳам адвокатни ўз ҳимояланувчиси олдига киритмасликка сабаб бўладими? Бу орада, "Дарё.уз" нашридаги мақола чиқяпти ва унда Мўминовнинг у билан яхши муносабатда бўлишаётгани, кунига уч маҳал овқатлантиришаётгани ҳақидаги гаплари бериляпти. Ҳибсдаги блогернинг ўзига нисбатан ҳукумат қўллаётган чораларни оқлашга мажбурланаётганининг ўзи - Мўминов ва унинг каби ўз позициясини билдиргани учун таъқибга учраган ҳамкасблари аҳволидан хавотирланишимиз учун етарли асосдир”.

Ҳуқуқ фаоли тилга олган мақола - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги 24 февраль куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасида Абдуқодир Мўминов ва журналистлар учрашувини ташкил этгач, пайдо бўлди.

“Дарё.уз” Интернет нашри ўз мухбири блогер билан тергов жараёнлари қанчалик қонуний кечаётгани тўғрисида қисқача суҳбатлашганини хабар қилди.

“Кўриб турибсизларку, ўзгарганим йўқ, ҳолатим аввалгидай. Нима хато қилган бўлсам, ўша бўйича тергов кетяпти. Барчаси қонуний. Мени кимдир уриб ёки бошқа жисмоний, руҳий қийноқлар қўллагани йўқ. Тергов ҳаракатлари қонун доирасида бўляпти”, дея иқтибос келтирганди блогердан Дарё уз нашри.

Аммо, бу учрашувдан фото ёки видеоматериаллар берилмади. Дарё уз нашри Мўминов билан суҳбат видеога ёзиб олингани, бироқ блогер ўзи акс этган видео, фото ёки аудиони ОАВда эълон қилмасликни сўрагани боис эълон қилинмаганини айтган.

Расмий баёнот

Президент Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган 33 яшар блогер Абдуқодир Мўминов ҳақида шунга қадар 2 марта расмий баёнот берилди.

Аввалига, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани, А.Мўминов процессуал тартибда ушланганини маълум қилди.


Сўнгра, 21 февраль куни тармоқларда блогернинг ҳибсхонада қийноқлардан ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов блогернинг тирик ва соғ омон экани ҳақидаги иккинчи расмий баёнотни берди.

Шундан бери, жамоатчилик катта қизиқиш ва хавотир билан тақдирини кузатаётган бу блогер ҳақида бошқа маълумот бермади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари, тергов ишига таъсир қилмаслик ва шахсга доир маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилмаслик сабаби билан, бу блогер тақдирига оид матбуот сўровларини рад этиб келади.

Мирзиёев даври блогерлари

Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсга олиниши - Ўзбекистонда 2016 йил - Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг бирдан фаоллашган ва мамлакатдаги расмий ёки нодавлат ОАВ берилмаган эркинлик билан сийланган блогерларга оид муҳокамаларни яна кун тартибига чиқарди.

Ўзбекистоннинг диктаторлик режими остида кечган қарийб 30 йиллик ҳаётидан сўнг - ўзини ислоҳотчи президент сифатида тақдим қилган Шавкат Мирзиёевнинг бу гапларидан жамоатчилик - ўзбек матбуотига узоқ кутилган эркинлик берилишини кутган эди.

Аммо нисбий эркинлик асосан, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар билан чекланди.

Тармоқларда матбуот ёзмаган мавзуларни кўтариб, жиддий таҳлил қилаётган ва расмийлардан савол сўраётган блогерлар гуруҳи шаклланди.

Абдуқодир Мўминов эса, кўпгина маҳаллий блогерлар кўтармайдиган элитар коррупция сингари муаммоларга эътибор қаратгани ва шахсан президент Мирзиёев ҳамда унинг оиласига оид жиддий коррупцион иддаоларни илгари сургани билан танилган.

Абдуқодир Мўминов:

  • YouTube даги Ko'zgu канали муаллифи, 33 яшар Абдуқодир Мўминов сиёсий мавзуларни ёритиб келаётган блогер. Каналида 240 мингдан ортиқ обуначиси бор.
  • У каналида кўпроқ Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий-иқтисодий муаммоларни тилга олади, хусусан президент Шавкат Мирзиёев бошқарувини ҳам танқид қилади.
  • Сафдошларига кўра, ҳибсга олинишидан аввал Мўминов президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси бўйича суриштирув қилаётган эди.
  • Абдуқодир Мўминовнинг асл касби филолог, Ўзбекистон Миллий университети филология факультетини тамомлаган.
  • Оиласидан олинган маълумотга кўра, муқаддам коллежда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган, бундан ташқари “Даракчи”, “Маҳалла” газеталари ҳамда Маданият вазирлигида ишлаган.
  • Оилали.

Яқинлари ва тарафдорлари Абдуқодир Мўминовнинг ҳибсга олиниши ва унга илгари сурилаётган айбловлар унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқ деб ишонишади.

Аммо "фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумон қилиниб, ҳибсга олинган блогер биргина Мўминов эмас.

Сўнгги пайтларда 10га яқин блогер ва мустақил журналист таъқибга олинди, қисқа муддатга ушланди, жаримага тортилди, айримлари қамалди.


Аксар ҳолларда блогерлар “товламачилик”да айбланмоқда ва ҳар бир ҳолатда айбланган блогерлар устидан бир ёки бир неча фуқаронинг шикоят аризаси борлиги айтилади.

Яъни, айбловда кўпроқ, блогерларнинг бошқа шахслардан “товламачилик” йўли билан пул олгани даъво қилинмоқда:

  • - YouTube тармоғидаги “Халқ фикр” каналида маҳаллий ҳокимият органларини коррупция учун кескин танқид қилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 6 ярим йилга қамалган.
  • Ҳокимият идораларидаги коррупцияни танқид қилган, сўз эркинлиги ва ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимоясига чиқиш қилган тошкентлик блогер Миразиз Бозоров аввалига калтаклаб кетилди, сўнгра 3 йилга уй қамоғига ташланган.
  • Ўзбекистон расмийларининг дин бўйича сиёсатини танқид қилган тошкентлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 7,5 йилга қамалган.
  • Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда оиласини непотизм ҳамда коррупцияда айблаган тошкентлик тармоқ фаоли Шоҳида Саломова аввалига ғойиб бўлган, сўнгра ҳибсга олинган.
  • Телеграм тармоғидаги Kompromatuzb канали администраторлари сифатида Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна бир нечта журналист товламачиликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Улар орасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳам бор.
  • 1 март куни ижтимоий тармоқ фаоли, танқидий чиқишлари билан танилган блогер Эмине-Лемара Мирзааҳмедова, Жиноят кодексининг 5та моддаси асосида туҳмат, ҳақорат, товламачилик каби жиноятларда гумон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинди.

Блогерлар қандай пул ишлаяпти?

Айни пайтда ҳозирга келиб, Ўзбекистонда блогерларнинг исталган мавзуни ёки шахсни тармоқларга олиб чиқиб, уларнинг муаммосини ёритиш ёки жамоатчилик фикрини шакллантириб бериш эвазига пул олиши, аксар кузатувчи ва ҳатто блогерларнинг ўзларига кўра ҳам, одатий ҳолга айланмоқда.

Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаровга кўра, аслида блогерларнинг пул олиш ҳоллари кузатилади ва буни қонуний асосда қилиш имкони бор.

Ҳайдаров ҳозир мамлакатдаги аксар блогерлар АОКА - Ўзбекистон президенти маъмурияти қошидаги алоқа ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида ОАВ сифатида рўйхатдан ўтганини қайд этади.

Бу эса уларга мижозлардан реклама мазмунидаги мақолалар ёки видероликлар тайёрлаб бериш эвазига тўловлар қабул қилиш ҳуқуқини беради.


Аммо Ҳайдаров каби Интернет оммавий ахборот воситасини очмаган ва мижозларидан пулни ноқонуний равишда олаётган блогерлар сони ҳам озчилик эмас.

Шундай хулосани, ҳозирда таъқибларга учраётган блогерлар ҳуқуқий ҳимоясида қатор муаммолар юзага чиқаётганини таъкидлаган ҳуқуқ ҳимоячиси - Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳимояси уюшмаси раҳбари Надежда Отаева тилга олади:

“Ҳар бир блогернинг таъқиб қилинишига оид вазиятни алоҳида ўрганиш керак... Кўплаб блогерлар хавфли вазиятда ва бунинг турли сабаблари бор. Масалан, ҳанузгача блогерларнинг асосий ҳуқуқлари ва мажбуриятлар белгиланмаган ва бунақа ҳуқуқий асоснинг йўқлиги, кўплаб блогерларнинг нафақат реклама материаллари, балки фактларга асосланган, ҳурмат ва мутлақо принципиал позицияда ёзилиши керак бўлган темалар учун ҳам молиялаштирилиши кузатила бошлади”.

Аксар таҳлилчи ва хорижлик ҳуқуқ ҳимоячиларга кўра, айнан шу мураккаб ҳамда қонунчилик билан тартибга солинмаган вазият сабаб, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини кузатиб келаётган ташкилотлар, айниқса сўнгги ойларда ҳибсга олинаётган блогерлар масаласига бироз эҳтиёткорлик билан, шошилмасдан ёндашмоқда.

АОКАнинг жавоби


Давлат ва нодавлат ахборот воситаларига эркинликни ваъда қилган, аммо улар қолиб бир ҳовуч блогерга эркинлик берган Шавкат Мирзиёев ҳокимияти нега ҳануз бу блогерларнинг фаолиятини қонун билан тартибга солмаётир?

Ўзбекистонда давлат идоралари бу саволларга расман жавоб бергани йўқ.

Жумладан, АОКА - Ўзбекистонда электрон оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олувчи ва уларнинг фаолиятини тартибга солувчи давлат органидир.

Гарчи блогерларнинг фаолияти қонунчилик билан тартибга солинмаган бўлсада, уларнинг фаолиятини айнан шу идора назорат қилиши айтилади.

Агентлик матбуот котиби Азамат Акобиров ўтган йил декабрида Озодлик билан суҳбатда буни қисман тан олган эди:

“Фақат ёлғон ахборот беришса, хабарномалар жўнатилади (ВМҚ-707 ва ВМҚ-807 асосида). Мазкур тарақатилаётган кунлик ахборотлар блогерларнинг шахсий фикри ёки вазиятга шахсий қараши сифатида қаралади ва улардан оммавий ахборот воситаларига бўлгани каби маълумотни текшириш, холисликни талаб этиш шартлари сўралмайди. Баъзан бу каби эркин ахборот тарқатиш жараёнларида вазиятдан жумбушга келган блогерлар томонидан ахборотда ёлғон, камситувчи, сўкиниш ва бошқа қонунчиликка зид сўзлар ифодаланган бўлса, комментларда жамоатчиликка таҳдид солувчи сўзлар, ҳақоратлар ёзилган бўлса, жойлаштирилган постини ўзгартириш ёки қонунчиликка асосан модерация қилиш талаб этилади”.

Матбуот эркинлиги аҳволини кузатаётган халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистон ҳукуматини сўз эркинлиги борасида берилган ваъдалар ва эълон қилинган ислоҳотларни тилда такрорлаш эмас, амалда бажаришга чақириб келмоқда.

2021 йил октябрида иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти ўтган йили ўзининг сўз эркинлиги индексида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 133-ўринга қўйган. Ташкилот ўз ҳисоботида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазиятини “мураккаб” деб атаган.