6 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати “Кўзгу” интернет нашри муҳаррири, блогер Абдуқодир Мўминовга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборот хизмати маълум қилди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовга кўра, апелляция суди жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 4 август куни Абдуқодир Мўминовни 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд баёнотида судланувчи Абдуқодир Мўминовнинг юқори инстанция судига кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи борлигини тушунтирган.
Маҳкамани яқиндан кузатган фаолларга кўра, апелляция суди ҳам худди қуйи инстанция судидаги каби очиқ, аммо кузатувчилар ва фаоллар киритилмаган ҳолда ўтказилган.
Апелляция суди Абдуқодир Мўминовнинг адвокатлари томонидан киритилган важларнинг бирортасини инобатга олмаган, гувоҳларни қайта сўроқ қилмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Суд адвокатларнинг дастлабки тергов даврида Мўминовга нисбатан қийноқ қўлланилганига оид иддаоларининг исботланмаганини айтган.
Ишда иштирок этган давлат қораловчисига кўра, қуйи инстанция суди Мўминовнинг жиноят ишига оид барча эпизодларнинг тўғри малакалангани ва ҳукмнинг адолатли чиқарилганини иддао қилган.
Мўминовнинг ҳимоячилари Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация судлов ҳайъатига тегишли тартибда шикоят киритилишини айтди.
Абдуқодир Мўминов шу йилнинг 4 августида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукми билан 3 йилгача журналистлик фаолиятни чеклаш билан 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Ҳукм билан у жазо муддатини умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Шунингдек, Мўминов зиммасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридаги жарима ҳамда 900 миллион сўмдан ортиқ моддий зарарларни қоплаш юклатилган.
Суд блогерни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган блогер Абдуқодир Мўминов иши шу йил 25 июлидан 4 августигача жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўрилган.
YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов жорий йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Беш ойдан буён ҳибсда сақланаётган, дастлабки тергов ва қуйи инстанция судида адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзи қўйилаётган айбловларни қисман тан олган.
Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.