Россиянинг ИФЭПОЗ институтига Ўзбекистонда ҳужжат топшириб¸ 1-семестр ўқишга деб 400 доллардан ортиқ ҳақ тўлаган 2 мингдан ошиқ ўзбекистонлик абитуриент алдов қурбони бўлди.
Маҳаллий телевидениедаги реклама орқали ҳужжат қабул қилган ўртакаш консалтинг ширкати алдов сабабини ИФЭПОЗга Ўзбекистонда лицензия берилмагани билан изоҳлади. Ўртакаш ширкат вакили алданган ўзбекистонликларга қўшимча пул тўлаб Россия ва Қозоғистондаги бошқа олий ўқув юртларида ўқишни тавсия қилди.
ИФЭПОЗ ёки Заҳирадаги офицерлар Молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ институти фақат сиртдан таълим беришга ихтисослашган хусусий таълим муассасасидир.
Озодликка Telegram канали орқали мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонлик абитуриентлар 2018 йил охири¸ 2019 йил бошларида ИФЭПОЗ деб номланган Россия олийгоҳига ўқишга контракт асосида ҳужжат топшириб, алданиб қолганини хабар қилди.
“Мен 2018 йил “Express consulting service”га Россия Федерациясининг нуфузли университети ИФЭПОЗга документ топшириб ўқишга қабул қилиндим. “Улар шу йилнинг ярмидан университет Global деган ном билан Ўзбекистонда очилади”, деб ваъда беришганди. Аммо ўқишдан хабар йўқ. Менга ўхшаган 2000дан зиёд абитуриент бор: ҳаммамиз алдандик, контракт пулини тўлаганмиз. Ҳозирда Қозоғистонга перевод қилиб берамиз¸ деб яна ўйин қилишмоқда Ўзбекистонда филиали очилади¸ деганлиги учунгина рози бўлган эдик, афсус. Илтимос, шу иш билан мутассади ташкилотлар қизиқиб кўрсин,” деб ёзди Озодликка алданганлардан бири.
Шикоят қилган абитуриентнинг билдиришича, ИФЭПОЗ институтига қабул Тарақиёт телеканалида реклама қилинган. Озодликка тақдим этилган шартнома ҳужжатларидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилингани айтилган ҳар бир абитуриентдан биринчи ярим йилликка деб 400 доллардан кўпроқ пул олингани кўрилади.
ИФЭПОЗ ёки Заҳирадаги офицерлар Молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ институтига қабул билан Ўзбекистонда Universal Express Consulting Service ва Advance Consulting ташкилотлари шуғулланиб келган.
Телеграм мессенжерида ИФЭПОЗга ҳужжат топширган ўзбекистонликлар махсус канал ҳам очилган.
Ўзини фарғоналик Зиёдулла деб таништирган йигит¸ Фарғона Давлат университетига ўқишга киролмаган укаси ИФЭПОЗнинг “имтиҳонсиз қабул қиламиз” деган рекламасига учганини айтади:
- Укам имтиҳондан йиқилган ва бизни “имтиҳонсиз оламиз” дегани қизиқтирган. Ҳаммани шунақа деб қизиқтиришган! Фарғона почтасидаги эълон бўйича ҳужжат топширдик. Қўлимизга договор, справкаларни беришди. Биринчи курсда сиртдан ўқийди, укамга “иккинчи курсда Ўзбекистонга Иқтисодиёт ва молия институтига перевод қилиб берамиз”, деган. Лекин улар “лицензия ололмадик”, дейишиб, Қозоғистон ё Россиядаги университетлар рўйхатини ташлашди – шу ерга бориб ўқир экан.
Айтилишича¸ Россия олийгоҳи деб айтилган ИФЭПОЗга ҳужжат топширганларнинг кўпи рус тилини билмайди ва бу "институт" ҳақидаги рекламанинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини бошқа манбалар¸ хусусан¸ Интернетдаги очиқ манбалардан текшириб ҳам кўрмаган.
Зиёдулланинг айтишича, ярим йилликка пул ўтказиб қўйганларнинг аксари иложсизликдан Қозоғистоннинг Мухтор Авезов номидаги университетига сиртқи бўлимга контракт асосида ҳужжатлар топширмоқда. Суҳбатдош¸ Қозоғистонга ҳужжатларни ўтказаётган консалтинг ширкати “хизмат ҳақи” деб қўшимча маблағ йиғаётганини ҳам билдирди.
Зиëдулла¸ Telegramдаги рақамлардан келиб чиқиб¸ укаси каби ИФЭПОЗ рекламасига ишониб алданганлар сонининг 2 мингдан кўпроқ эканини айтади. Озодлик ихтиëрида бу иддаони тасдиқловчи аниқ далиллар ҳозирча йўқ.
Ўқишга кириш масаласида абитуриентлардан келиб тушган эътирозлар муносабати билан Озодлик Universal Express Consulting Service ширкатига мурожаат қилди.
Ўзини Ойбек деб таништирган ширкат вакили ИФЭПОЗ институтига Ўзбекистонда лицензия берилмагани ва консалтинг ширкатининг ўзи ҳам алданиб қолганини билдирди.
- 2017 йили Россия вакиллари келиб, “Талабалар 1 йил масофада ўқийди. Кейин уларни Ўзбекистонга перевод қилиб, бу ерда Global номли университет очамиз”, деб ваъда қилган. Ўқув дастури тўғри келмагани сабабли улар лицензия ололмади! Бизлар ҳам ишониб қолувдик. Пул тўғридан-тўғри институтга тўланган – биз фақат ҳужжат жамлаб бериш билан шуғулланганмиз, деди бу суҳбатдош.
Консалтинг фирмаси вакили ҳозирда талабаларнинг Қозоғистоннинг Мухтор Авезов, “SilkWay” университетлари, Москва ва Сибирдаги қатор олийгоҳларга ҳужжат кўчириш билан машғул эканини ҳам тасдиқлади.
У шунингдек¸ Қозоғистон ва Россияда таҳсил олишни истамаётган абитуриентларга маблағларини бевосита ИФЭПОЗ раҳбариятидан олишни тавсия қилди.
Озодлик Москвада рўйхатдан ўтган Заҳирадаги офицерлар Молия, иқтисодиёт ва ҳуқуқ институти сайтида кўрсатилган рақамлар орқали институт раҳбарияти билан улана олмади.
Институт директори ўринбосари ва институт таъсисчиларидан бири Леонид Александрович Каплиннинг шахсий телефонига қилинган қўнғироқлар ҳам жавобсиз қолди.
Очиқ манбалардан ИФЭПОЗ институтининг 1996 йилда лицензия олгани ва унинг “Россия заҳирадаги офицерлари иттифоқи” жамоатчилик ташкилоти томонидан тузилгани кўрилади.
Россия пойтахтининг Авиамоторная мавзесидаги бинода жойлашган бу институт фақат сиртдан ўқитиш ва асосан заҳирага чиқарилган офицерларни қайта тайёрлаш, қўриқчи ва тан соқчиларни ўқитишга мутахассислашган.
Институт ўз сайтида ўқув корпусига эга эмаслиги ва талабалар “масофавий таълим технологиялари ёрдамида”гани ўқитилишини маълум қилган.
Таъсисчи ширкат эгалари¸ асосан¸ Россиянинг Қорачой-Черкесия республикасидан бўлган собиқ ички ишлар ходимлари ва ҳарбийлардир.