Абхазия лидери Аслан Бжания истеъфога чиқди

Аслан Бжания

Ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилиб олган Абхазия республикаси президенти Аслан Бжания мухолифат билан музокаралар чоғида эришилган келишувга мувофиқ ҳолда истеъфога чиққанини эълон қилди. Бу ҳақда Бжаниянинг матбуот хизмати маълумот тарқатди. Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, ҳукумат раҳбари Александр Анкваб ҳам лавозимдан кетган.

Томонлар тарафидан имзоланган келишувга мувофиқ, Бжания истеъфога чиқади, мухолифат тарафдорлари эса норозилик намойишлари чоғида ўзлари эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этишади. Келишувнинг бу банди бажарилмаган тақдирда, Бжания истеъфога оид баёнотини қайтариб олади.

Абхазия парламенти Бжаниянинг истеъфога оид аризасини 19 ноябрь куни кўриб чиқади. Давлат раҳбари вазифасини вақтинча вице-президент Бадра Гунба бажариб туради. Бош вазир лавозимига Абхазия парламентининг собиқ раиси Валерий Бганба тайинланади.

Бжанияни истеъфога чиқишга мухолифат мажбур қилган. 15 ноябрь куни Сухумида Россия билан Абхазия ўртасида тузилган “инвестиция шартномасига қарши чиққан намойиш иштирокчилари ҳукумат бинолари мажмуаси атрофидаги деворнинг бир қисмини бузиб ташлашган ва парламент биноси олдидаги ҳудудга, кейин эса Абхазия парламенти ва президент маъмурияти биносига кириб олишган.

Абхазия расмийлари Россия билан тузилган шартномани маҳаллий иқтисодиёт учун туртки ўлароқ кўришмоқда. Мухолифат эса буни Абхазия “манфаатларини тўғридан-тўғри сотиш” деб ҳисоблайди.

Айни пайтда мухолифат лидерлари норозилик чиқишлари Россияга қарши эмас, Бжания сиёсатига қарши эканини бир неча бор таъкидлашган. Улар Россияни “стратегик ҳамкор” ва “хавфсизликнинг ягона кафолатчиси” деб аташган.

Норозилар расмийларнинг аксилроссия кайфиятига оид айбловларига жавобан Россия байроқларини ҳилпиратишиб, “Россия!” дея ҳайқиришган.

Норозилик намойишлари манзарасида парламент Москва билан инвестицион шартномани ратификация қилиш масаласи бўйича овоз бериш ўтказилиши лозим бўлган сессияни бекор қилган, президент маъмурияти эса уни чақириб олишни ваъда қилган.

Абхазияда президентлар мухолифатнинг норозилик чиқишлари туфайли икки марта муддатидан илгари истеъфога кетишган. 2014 йилнинг 1 июнида Александр Анкваб президентлик лавозимидан истеъфо берган. Ўша пайтдаги норозиликларга республиканинг шарқий ҳудудларидаги грузин миллатига мансуб кишиларга Абхазия паспорти берилиши сабаб бўлган эди.

2020 йил 12 январида Абхазия Олий суди 2019 йилги президент сайлови натижаларини бекор қилганидан кейин Раул Хажимба истеъфога чиққан эди. Ўшанда Аслан Бжания соғлиғидаги муаммолар туфайли президент сайловида иштирок этолмаганди (Бжаниянинг тарафдорлари сиёсатчи заҳарланган, деб ҳисоблашади).

Абхазия ва Жанубий Осетия 1990-йиллар бошидаёқ Грузиядан мустақил бўлиб ажралиб чиққанларини эълон қилишган. Грузия билан 2008 йилдаги урушдан сўнг Россия уларнинг мустақиллигини тан олган – ҳар икки республика ҳудудларига россиялик ҳарбийлар жойлаштирилган. Тбилиси Абхазия ва Жанубий Осетияни Россия армияси томонидан ишғол қилинган ҳудуд, деб ҳисоблайди. БМТ ҳужжатларида ҳар икки республика ҳудуди Грузиянинг минтақалари ўлароқ кўрсатилган.