Адлия органларида жорий қилинган электрон тизимлар сабабли 2024 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 тонна офис қоғози тежалди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати 25 октябрь куни ўтказилган “Қоғозсиз бир кун” экоакцияси доирасида маълум қилди.
“Ўртача ҳисобда 1 тонна офис қоғозини ишлаб чиқариш учун дарахт тури ва ишлаб чиқариш технологиясига қараб 17-20 та дарахт керак бўлиши мумкин. Шу сабабли 12,7 тонна офис қоғозини тежаш орқали тахминан 240 та дарахтни сақлаб қолишга эришилди”, дейилган расмий хабарномада.
Таъкидланишича, қоғоздан фойдаланишни қисқартириш ва ундан воз кечиш харажатларни, табиий ресурсларга бўлган юкламани, жумладан, сув ва электр энергияси истеъмолини камайтириш ҳамда чиқинди миқдорини қисқартиришга хизмат қилади.
Шунга мувофиқ Адлия вазирлиги қоғоз сарфини камайтириш учун электрон ёзишмага ўтиш, матнларни фақат зарур бўлгандагина қоғозга чоп этиш ва қайта ишланган қоғоздан фойдаланишни тавсия этган.
Адлия идораси 2023 йилда ҳужжатларнинг электрон тизим орқали олиниши йўлга қўйилгач, 20 тоннадан кўпроқ қоғоз, 21 миллиард сўмдан зиёд маблағ тежалганини билдирганди.