Ўзбекистон ваколатли давлат органларининг Гулнора Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш бўйича амалга ошираётган ишлари натижасида яқинда Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилган. 15 февраль куни ана шундай баёнот тарқатган Ўзбекистон Адлия вазирлиги мазкур сумманинг мамлакатга қайтарилиши санасига аниқлик киритган эмас.
Вазирлик 2020 йилнинг май ойида ҳам Г. Каримовага тегишли 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Франциядан Ўзбекистонга қайтарилганини эслатиб, айни пайтда ўзбек расмийлари Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан Г.Каримова ва унинг шериклари томонидан жиноий фаолиятдан орттирилган ва қонунга хилоф равишда мамлакатдан ташқарига олиб кетилган мол-мулкларни қайтариш бўйича фаол иш олиб бораётганини қўшимча қилган.
Хабарномада жорий йил 11 февралида Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтгани очиқланган.
“Унда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Мазкур Жамғармадан Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш юритуви доирасида тўлиқ мусодара қилинган активларни қайтариш учун фойдаланилади. Шунингдек, Жамғарма Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун хам хизмат қилади. Ҳозирги кунда тахминан 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр”, дейилган Адлия вазирлиги хабарномасида.
Қайд этилишича, мазкур жамғарма бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади. Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади.
“Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади”, дея билдирган Адлия вазирлиги ушбу лойиҳалар жамғарма фаолиятида иштирок этувчи БМТ тизимидаги ташкилотлар томонидан бошқа ижрочи шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилишини, барча лойиҳалар БМТнинг қоида ва низомлари асосида тузилган жамғарманинг мониторинг ва баҳолаш тизимига мувофиқ назорат қилиб борилишини, фуқаролик жамияти институтлари жамғарма фаолиятида маслаҳатчилар сифатида иштирок этишини урғулаган.
Қайд этилишича, жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлайди. “Ушбу келишув имзоланганидан кейин Жамғарма ва унинг фаолияти ҳақида қўшимча батафсил ахборот берилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Адлия вазирлиги Ўзбекистон судларининг Г.Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари Москва шаҳар суди ҳам томонидан тан олинганига эътибор қаратиб, ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистонга қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилаётганини ҳам маълум қилган.
Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 2020 йилнинг 18 март куни 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Каримова жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
У 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.