Ўзбекистонда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Қатъий ва ўзгармас ушбу конституциявий тамойилдан ҳеч қачон воз кечилмайди. Адлия вазирлиги 7 сентябрь куни ана шундай баёнот тарқатди.
Вазирлик мамлакатда ахлоқий-диний нуқтаи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, миллий қадриятларга зид, инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари олиб бориш ҳолатлари аниқланганини урғулаган.
“Хусусан, диний мавзуда чиқишлар қиладиган ва шу соҳада фаолият юритадиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”, дейилган баёнотда.
Жамиятнинг муайян қатлами бошқаларнинг қарашлари, хатти-ҳаракатлари, турмуш-тарзига фақат битта ўлчам – ўзларининг ахлоқий-диний қарашлари мезони билан баҳо беришига тоқат қилиб бўлмаслигини қайд этган Адлия вазирлиги “шахсларга диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, тарғибот-ташвиқот жавобгарликни келтириб чиқаришини таъкидлаган.
“Ўзбекистон халқи бундан 30 йил олдин ўзининг тараққиёт йўлини танлаб олган – у дунёвийликка асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлайди. Ушбу ҳақиқатни шубҳа остига олишга, мутаассиб ғояларни тарғибот қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейилган вазирлик баёнотида.