Ўзбекистон Адлия вазирлиги дори воситаларини ноқонуний равишда давлат рўйхатига олгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди, дея маълум қилди вазирлик таркибидаги Интеллектуал мулк департаменти.
Адлия идоралари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари ноқонуний давлат рўйхатига олингани аниқланган.
Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган “Магне B6”, “Имудон”, “Смекта”, “Дуспаталин”, “Элевит” каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дориларнинг контрафакт нусхалари “Магне B6”, “Nest Imudon”, “Smecta”, “Grand Imudon”, “Меr Dusрatanim”, “Элемалвит” кўринишида турли фармацевтика корхоналари номига ноқонуний давлат рўйхатидан ўтказилган.
Адлия вазирлиги ССВга хат киритиб, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказишда қонунчилик талаблари бузилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолат такроран содир этилганда тегишли жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантирган.
Қонунчиликка мувофиқ, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда нафақат сифат, шу билан бирга, интеллектуал мулк ҳуқуқларига ҳам қатъий риоя этилиши керак. Қалбакилаштирилган ва аввал рўйхатдан ўтказилган дориларнинг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади.
Ўзбекистонда 2023 йили ўнлаб бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан вафот этгани ортидан дори-дармон ширкатлари устидан назорат кучайтирилгани айтилади.
Жумладан, жорий йил 1 июлдан дори савдоси устидан GVP (good pharmacovigilance practice) назорат амалиёти кучга кирган. Мазкур стандарт дори маҳсулотлари хавфсизлигини доимий мониторинг қилиш ва ножўя таъсирлари ҳақида назорат қилувчи органларга мунтазам ҳисобот бериб боришни кўзда тутади.