Адлия вазирлиги TikTok тармоғида ўз саҳифасини очди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги TikTok ижтимоий тармоғида “Huquqiy axborot” саҳифасини очди.

Вазирлик маълумотига кўра, мазкур саҳифа “аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш, хусусан ёш авлод вакилларининг ҳуқуқий билим ва тушунчаларини ошириш мақсадида” ташкил этилган.

“Сиз tiktok.com/@huquqiyaxborotuz ҳаволаси орқали мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, янги тартиб-қоидалар, ҳуқуқий янгиликлар акс этган қизиқарли видеолавҳалар билан танишиб боришингиз мумкин”, дейилган хабарномада.

Хитойнинг “ByteDance” ширкатига тегишли TikTok қисқа видеолар сервисининг халқаро версияси 2018 йилдан ишга тушган. Бу платформа сўнгги пайтларда ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам жуда оммалашганини аввалроқ Озодликка SММ-менеджер Ноила Қутлиева эътироф этганди.

Баъзи тенгдошларим ҳатто сайт нималигини ҳам билмайди. Улар TikTokда вақт-умр ўтказишади. Икки йил олдин TikTok йўқ эди, биз Инстаграм ва Однода эдик. Бугун TikTokдамиз. Мен шахсан 6 та тармоқда фаолман. Булар ФБ¸ Ютюб¸ Инста¸ Твиттер¸ Телеграм ва TikTok”, деганди Н. Қутлиева.

Айни пайтда ўзбек расмийларида TikTok сервисида ёйинланаётган видеоконтент ёшлар онгига салбий таъсир этиши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги TikTok фойдаланувчиларини ва уларнинг ота-оналарини “фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланиши ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланиши” тўғрисида огоҳлантиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шунга қарамай, ИИВ вакилларининг ўзлари ҳам мазкур платформа хизматидан фойдаланиб туришади.