Фейсбукдаги сирли профил. Собиқ ходим Адлия вазирлигини тармоқда сохта аккаунтлар юритишда айблади

Тошкентдаги Адлия вазирлиги биноси.

Тошкент шаҳар судида ижтимоий тармоқда Адлия вазирлигини обрўсизлантиришда айбланган собиқ мулозимнинг иши кўрилди.

Озодликка келиб тушган айблов хулосаси ва ҳукм нусхасига кўра, вазирлик собиқ мулозими Ҳусан Равшанов судда ўзига қўйилган айбни рад этган.

Бундан ташқари, Равшанов судда Адлия вазирлиги раҳбарларига қарши кўрсатма беришга мажбурлангани, тергов изоляторида ўзига нисбатан руҳий босим қўлланганини айтган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, судланувчининг кўрсатмалари судда инобатга олинмаган.

19 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция ҳайъати Адлия вазирлиги собиқ мулозими Ҳусан Равшановга оид қуйи инстанция суди ҳукмини кучда қолдирди.

Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ ходими Равшанов шу йил 11 сентябрда ЖКнинг 139-моддаси ("туҳмат") билан айбланиб, 2 йилга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинганди.

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти тузган айблов хулосасига кўра, Ҳусан Равшанов Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан ишлаш бўлимида етакчи мутахассиси бўлиб ишлаётган пайтида, Facebook ижтимоий тармоғида “Sanjar Karimov номи билан саҳифа очган”.

Айблов хулосаси ва бу хулосани қарийб тўлиқ тасдиқлаган суд ҳукмида айтилишича, Ҳусан Равшанов 2022 йилнинг апрель ва май ойларида эълон қилган постларида “ғараз ва паст ниятларда вазирлик ва унинг шаъни, қадар-қиммати ва обрўсини ерга урувчи мақолаларни яширин тарзда ижтимоий тармоқ саҳифаларига сиздириб келган”.

Айбловда жумладан, Равшановнинг ўз саҳифасида Андижон вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Абдумуталиб Дадажоновни обрўсизлантирадиган мақола ёзгани айтилади.

Мазкур мақолада, гўёки Андижон вилояти нотариусларидан йиғилган пора пуллари вазирликнинг нотариал идоралар устидан назорат бошқармаси бошлиғи Дилмурод Умаровга берилиши иддао қилинган.

Ҳусан Равшанов устидан чиқарилган суд ҳукми нусхаси.

Судда маълум бўлишича, Sanjar Karimov профилидан мазкур мақолаларни кўчириб босган ёки улашган Facebook тармоғидаги “Халқ назорати”канали админларининг “профил эгаси вазирликнинг ўзида” қабилидаги шарҳлардан сўнг Адлия вазирлиги текширув ўтказган.

Текширувларда Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими фаолияти кўздан кечирилганда бўлим ходимларининг компьютерларидан, гўёки Sanjar Karimov профили услубидаги ёзувлар топилган.

Адлия вазирлиги тасарруфидаги экспертиза марказлари ва судга оид адабиётшунослик экспертизалари матнларнинг водий шевасига хос услубда ёзилгани, профил эгаси эҳтимолий водий шевасига мансуб ижодкор экани ҳақида хулоса берган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Абдумуталиб Дадажонов ҳам Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, Sanjar Karimov профили эгасига нисбатан чора кўришни сўраган.

Судда маълум бўлишича, Адлия вазирлиги Коррупцияга қарши кураш бўлими томонидан ўтказилган текширувларда Sanjar Karimov саҳифасида Дадажоновга нисбатан мақолада келтирилган иддаолар тасдиғини топмаган.

Аммо айни экпсертиза хулосалари асосида Ҳусан Равшанов қамоққа олинган ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси билан туҳмат ҳамда 237-моддаси билан ёлғон гувоҳлик бериш айби қўйилган.

Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ ходими Ҳусан Равшанов.

Ҳусан Равшанов суд жараёнларидаги кўрсатмаларида, 2023 йилнинг 3 февралида қамоққа олингани, Ички ишлар вазирлигининг ертўласига жойлаштирилгани ва тергов ҳаракатлари жараёнида руҳий босимларга учрагани ҳақида кўрсатма берган.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқий нормаларга кўра, жиноятда айбланаётган шахснинг ҳузурига тергов органи, процессуал ҳаракатларнинг иштирокчиларидан бошқа шахсларнинг кириши мумкин эмас.

Аммо, Адлия вазирлигининг собиқ ходими Ҳусан Равшановнинг судда айтишича, ИИВнинг тергов изоляторига доимий равишда Адлия вазирлиги мулозимлари киришиб, унга босим ўтказган.

Ҳусан Равшанов кўрсатмасига кўра, ИИВ изоляторига дастлаб Адлия вазирлигининг Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Узоқов кирган, унга айбни тан олишни “маслаҳат” берган.

Шунингдек, 2023 йилнинг 12 февралида Адлия вазирлигининг Кадрлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қўчқоров ҳам кириб, ишдан бўшаш ҳақидаги компьютерда ёзилган аризага имзо чектириб олди, деб кўрсатма берган.

Равшановнинг судда айтишича, ундан Адлия вазири ўринбосарлари Музраф Икрамов ҳамда Ахтам Муҳаммадиевларга қарши кўрсатма беришни талаб қилишган.

Судланувчи Ҳусан Равшановнинг судда иддао қилишича, Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева унинг қўлга олинишида "фаол қатнашган".

“Уйга борсам, мелисалар кутиб турган экан. Кишан солиб олиб кетишди, мени олиб кетишаётганида негадир уйим олдида Севара Ўринбоева ва Вазир ўринбосари Худоёр Мелиевлар турганди”, деган суд мажлисида Равшанов.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди ҳам, Тошкент шаҳар суди ҳам Равшановнинг бу кўрсатмаларини эътиборсиз қолдирган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: Ўликдан кафан ёки “Ишчанлик обрўсига” блогер “путур этказган” ҳоким


Фаолнинг айтишича, судда сўроқ қилинган вазирлик мутасаддиларининг барчаси тергов изоляторига кирганини тасдиқлагани ҳам инобатга олинмаган.

Суд ҳукмига муносабат билдирган Равшанов, Озодликка ишни кўрган судялар "шунчаки тергов органи хулосаларини қатъийлаштириб бергани"ни айтди.

Равшановга кўра, судда берилган илтимосномалар қаноатлантирилмаган, далиллар ўрганилмаган, Адлия мулозимларининг кўрсатмаларига эса ҳуқуқий баҳо берилмаган.

“Мен аввало Facebook ижтимоий тармоғида Sanjar Karimov номли профил эгаси эмасман. Бу борада терговнинг ҳам, суднинг ҳам қўлида менинг ноҳақлигимни исботлайдиган далил йўқ. Бу профил мен қамоқда бўлган пайтимда ҳам, ҳозир ҳам ишлаб турибди. Истасангиз, текшириб кўринг”, дейди Равшанов.

Фейсбукдаги сирли профил эгаси ким?

Ҳусан Равшанов суддаги кўрсатмасида Адлия вазирлиги мулозимларини ижтимоий тармоқлардаги қатор сохта профилларни юритганликда айблаган.

Шундай профиллардан бири Фейсбукдаги "Исмигул Шайхуддинова" саҳифасидир.

"Мисол учун Севара Ўринбаевани (Алия вазизининг матбуот котиби - таҳр.) менинг тахминим бўйича "Зарнигор Халилова номли "Facebook" ижтимоий тармоғида аккаунти ва "Телеграм" мессенжерида канали мавжуд. Ушбу аккаунт ва каналда турли ҳил (орфография сақланди - таҳр.) мавзуларда мақолалар ва постлар жойлаштириб борилади, уларнинг орасида Адлия вазирлиги тизими билан боғлиқлари ҳам мавжуд. "Исмигул Шайхуддинова" номли аккаунт мавжуд, ушбу аккаунтни адашмасам Д.Р (суд материалларидан тўлиқ исм-шарифи келтирилган Ф.Т ёки Ю.Ш ва бошқалар юритиши мумкин. Лекин шуни аниқ билиманку (орфография сақланди - таҳр.) ушбу аккаунтнинг эгаси Адлия вазирлиги тизимида ишлайди. "Адолат" ҳуқуқий ахборот марказида ишловчи журналистларнинг ҳам барчасида яширин аккаунтлар мавжуд бўлиб, уларда ҳам Адлия вазирлиги тизими билан боғлиқ мақолалар жойлаштирилиб туради", дея кўрсатма берган Адлия вазирлигининг собиқ ходими.

Озодликка маълум бўлишича, Ҳусан Равшанов жорий йилнинг 12 февралида судда берган кўрсатмасида Фейсбукдаги "Исмигул Шайхуддинова" профилига собиқ Адлия вазири ва ҳозирда президент маслаҳатчиси бўлган Русланбек Давлетовнинг ҳам алоқаси борлигини иддао қилган, аммо унинг бу ҳақдаги кўрсатмаси "суд протоколига киритилмаган".

Суддаги кўрсатмадан кўп ўтмай "Исмигул Шайхуддинова" профили Фейсбук тармоғидан йўқолиб қолган. Айни номдаги профил Телеграм мессенжерида ҳануз мавжуд, аммо унинг айни профил экани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Фейсбукдаги ушбу сирли профил ортида ким тургани биринчи марта муҳокама мавзусига айланаётгани йўқ.

Олий Мажлиснинг собиқ депутати Расул Кушербаев 2020 йил май ойида Фейсбукдаги “Исмигул Шайхуддинова” номли профил эгаси устидан Ички ишлар вазирлигига арз қилган. Депутатнинг мурожаатида профиль эгаси Кушербаевнинг ўзга миллатга мансублигини айтиб, миллий адоват уйғотишга уринганини таъкидлайди.

Собиқ депутатга кўра, Ички ишлар вазирлиги унга профил эгасининг топилмагани ҳақида жавоб хати йўллаган.

“Исмигул Шайхуддинова” профилининг эгаси кимлиги тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.

Сайёр қабулдаги жанжал

Адлия вазирлигининг собиқ мулозими Ҳусан Равшанов билан боғлиқ иш шу йилнинг 2023 йилнинг 4 май куни жамоатчилик эътиборига тушганди.

Ўшанда Бош прокуратура сайёр қабулида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Равшановнинг оиласи билан баҳслашиб, ҳужжатларни йиртиб ташлагани акс этган видео тармоқларда тарқалган.

Ортиқова Миллий гвардия ходимларига Равшанов оиласини чиқариб ташлашни буюрганди. Бу сайёр қабулдан сўнг Ҳусан Равшанов озодликка чиқарилган.

Равшанов устидан судловни кузатаётган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг қайд этишича, ўша пайтда собиқ мулозим қамоқда процессуал қонунчиликка зид равишда сақланаётганди ва унга нисбатан айблов хулосасини Светлана Ортиқова тасдиқлаган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Оилавий етимхонами ёки оилавий бизнес? - Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг муаммолари

Адлия вазирлиги ҳолатни "ўрганмоқчи"

Озодлик Ҳусан Равшановнинг судда янграган кўрсатмалари юзасидан Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Вазирликнинг Озодликка йўллаган расмий изоҳида кўрсатмаларнинг "айрим қисмлари терговга оидлиги ва Адлия вазирлиги унга муносабат бера олмаслиги" айтилган.

"Иқтибосда номлари келтирилган адлия ходимлари бўйича аниқ гап айтиш учун ўрганиш талаб этилади. Расман бизда бундай ишлар мумкин эмас, одоб-ахлоқ қоидаларига зид. Ҳолатни батафсил ўрганиб жавоб берамиз", дейилади Адлия вазирлигининг расмий изоҳида.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги аввалроқ педофилия билан боғлиқ можаро марказида бўлган эди.

Дастлабки суд инстанциясининг шу йил ёзида вояга етмаган қизларни жинсий алоқага мажбурлашда айбдор деб топилган Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва вилоятнинг Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи Анвар Курязовларга чиқарган 1,5 йиллик озодликни чеклаш ҳукми жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган.

Бунинг ортидан 19 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати Хоразмда содир этилган педофилия жинояти бўйича суд муҳокамаларини қайта бошлаган.

Шу йилнинг 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг апелляция судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) билан айбланган Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ мулозимларни суд залидан қамоққа олган.

Адлия вазирлиги собиқ мулозимнинг жиноятини ҳаспўшлагани ҳақидаги танқидларни рад этган.