Тошкентлик адвокат Сергей Майров президент, бош прокурор ва ички ишлар вазирига қилган видеомурожаатида Нукус воқеалари бўйича асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратовни сиёсий маҳбус сифатида тан олишга чақирди.
“Шубҳасиз, уни сиёсий маҳбус сифатида тан олиш керак. Мен ҳозир у айбдор деб топилган айбловлар бўйича айбсиз эканини исботлаш ниятида эмасман. Бироқ унга сиёсий рақиб сифатида ҳурмат билан муомала қилинишини сўрайман”,-деган Майоров.
Адвокат сўзида давом этар экан, Тажимуратов ноинсоний муносабатларга дучор этилаётгани тўғрисида гапирди.
“6 апрелда уни Тошкентга олиб келишиб, биринчи қилган ишлари сочларини қириб ташлаш бўлди. Ҳали суд ҳукми кучига кирмаган ва у ҳали айбдор экани исботланган жиноятчи ҳисобланмас эди. Бу ноқонуний ҳаракат бўлди. Балки унга камерада чидаб бўлмас шароитларни яратиш тўғрисида ҳукуматдан буйруқ бордир? Унга эски, йиртиқ, пахтаси йўқ матрас беришган. Унга сассиқ болиш ва даҳшатли чойшаб беришган. Буларнинг барчаси уни хўрлаш ва таҳқирлаш учун намойишкорона амалга оширилмоқда. Уни камерани йиғиштиришга мажбур қилишмоқда, у ҳам камерани тозалашдан бош тортаётгани йўқ, аммо унга супурги, латта ва челак беришмаяпти. Ҳеч нарса беришмаяпти”,- деди адвокат.
Майоров камерадошлари Тажимуратовга руҳий ва жисмоний босим кўрсатаётганини ҳам таъкидлади. Адвокатга кўра, 6 апрель куни Тажимуратов Олий судга ўз иши билан таништирилиши учун олиб борилган. У суд биносида “ўз ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилгани ортидан конвой томонидан калтакланган”.
Нукус воқеалари бўйича шу йилнинг 31 январида якунланган илк судда 22 кишига нисбатан ҳукм ўқилган. Хусусан, судда асосий айбланувчи сифатида кўрилган “Ел хизметинде” нашри асосчиси Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган эди.
Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.