Қирғизистон Энергетика вазирлиги Россиянинг “Русатом Энержи Прожект” (“Росатом”) ширкати билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Энергетика вазирлигининг билдиришича, шартномага асосан “Росатом” Қирғизистонда қуриладиган кичик атом электр станциясининг техник-иқтисодий асосламасини тайёрлайди. Мазкур шартнома Сочида ўтган "Атомэкспо-2022" халқаро форуми доирасида имзоланган. Унга Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва “Росатом” вакили Андрей Рождествин қўл қўйган.
Жорий йил бошида Энергетика вазирлиги Россиянинг “Росатом” ширкати билан биргаликда Қирғизистонда кичик АЭС қуриш бўйича меморандумни имзолагани айтилган эди. Ҳозирча бу лойиҳа ҳақида бошқа маълумотлар мавжуд эмас.
Ўзбекистон ҳам 2018 йил сентябрда Россия билан АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолаганди. Унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуради. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Мавзуга алоқадор Ўзбек мулозими Россиянинг АЭС қуриш лойиҳаси “жуда қиммат” эканидан баҳс этдиЙирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган. Бу ҳудудда АЭС қурилиши учун тайёргарлик ишлари ҳам бошлаб юборилган эди.
2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган. Аммо бу ҳужжат ҳозиргача имзолангани йўқ.
“Ўзатом” бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовга ишонилса, АЭСнинг биринчи блоки 2028 йилда, иккинчиси эса 2030 йилда иш туширилади.