Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича шартномани имзолашга тайёрланмоқда, деб хабар берди ТАСС “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвга таянган ҳолда.
“2019 йилда, бизнинг тушунишимиз бўйича, асосий қарорларни қабул қилдик. <…> Пандемия кўп жараёнларни тўхтатиб қўйди, лекин мен ўзбек лойиҳасини тўхтатиб қўйилган лойиҳа деб айта олмайман. <…> АЭС қурилиши юзасидан шартнома устида ишлаш якуний паллага етиб келди”,-деди Лихачёв.
Унга кўра, “Росатом” Ўзбекистон ҳукуматига АЭСнинг кичик қувватли энергоблоклари ва мутахассисларни тайёрлаш юзасидан қўшимча таклифлар ҳам киритилган.
“Шартнома бўйича иш интенсив равишда давом этмоқда. Ўйлайманки, яқин орада шартномани имзолаш арафасида турибмиз”,-деди Лихачёв.
Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашини билдирган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани ҳам хабар қилинган эди.
АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.
Ўтган йил июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратганди.
2022 йил декабрь ойда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистонда АЭС қуриш билан боғлиқ келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини айтган.