Афғонистоннинг Балх вилояти полицияси “Толибон” ҳаракати вакиллари ёш бир аёлни кийими баданига ёпишиб тургани ва кўчага маҳрамсиз чиққани учун ўлдиришганини иддао қилмоқда.
Балх полицияси раҳбари Зиёулҳақ Тўфон Озодликнинг афғон хизматига толиблар ўз назорати остида бўлган қишлоқлардан бирида бир аёлни отиб ташлашганини маълум қилган. Балх полицияси расмийси Одил Шоҳ Одил 4 август куни 21 ёшли мақтул аёлнинг исми Нозанин бўлганини билдирди.
Полиция вакилига кўра, аёл Мозори Шариф шаҳрига бориш учун уйидан чиқиб, машинага ўтирмоқчи бўлган жойида ҳужумга учраган. Полиция ҳужум чоғида аёлнинг эгнида паранжи бўлганини маълум қилган.
“Толибон” вакили Забиуллоҳ Мужоҳид полиция иддаосини рад этиб, толиблар ҳужум юзасидан текширув олиб бораётганини қайд этган.