Дўстум: Кеча ва бугун. Ўзбек маршал Афғонистонга қайтди, таҳлилчилар унинг қудрати ҳақида тортишмоқда

Маршал Абдулрашид Дўстум ўз портрети фонида нутқ сўзламоқда. Афғонистон, Жаузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳри - 2020, 19 февраль.

9 август куни Афғонистон пойтахтида мамлакатнинг етакчи сиёсатчилари ва ҳарбийлари иштирокида ўтказилган йиғилишда Толибонга қарши курашда кучларни бирлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Озодликка Афғонистон ҳукуматига яқин манба хабар қилди.

5 августга ўтар кечаси афғонистонлик ўзбеклар етакчиси маршал Абдулрашид Дўстум узоқ давом этган муолажадан сўнг Туркиядан ватанига қайтган ва мамлакатдаги кучларни Толибонга қарши курашда бирлашишга чақирган эди.

Дўстум Кобулга қайтганидан икки кун ўтгач, толиблар шимолдаги уч вилоят- Қундуз, Таҳор ва Сарипул вилоятлари марказларини босиб олгани хабар қилинди.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Афғонистон бўйича тутган позицияси танқидга учрамоқда.

Маршал Дўстум Афғонистонга қайтган куннинг эртасига унинг Шибирғон шаҳридаги (Афғонистон шимоли) уйи ёқиб юборилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди, бироқ бу хабарларни Озодликнинг Кобулдаги мухбири Олим Кўҳкан 10 августда рад этди: унинг сўзларига кўра, Дўстумнинг уйига толиблар бостириб кирган, талон-торож қилган, бироқ ўт қўймаган.

Мавзуга алоқадор Толиблар бир ҳафта ичида Афғонистондаги олтита вилоят марказини босиб олишди

Олим Кўҳканнинг 5 август куни хабар қилишича, Афғонистон собиқ вице-президенти, мамлакат ўзбеклари раҳбари маршал Абдулрашид Дўстум мамлакат пойтахтида ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида “Афғонистонга қарши хавфли фитна давом этаётгани” ҳақида гапирган. У мамлакат раҳбарларини ватанни ҳимоя қилиш учун жиддий қадамлар ташлашга чақирган:

Биз душманнинг машъум режаларини ҳар доим барбод қилганмиз. Худо хоҳласа, бу гал ҳам барбод қиламиз!

“Бу фитна шунчаки оддий, кичик фитна эмас, - деган Дўстум, - Афғонистондаги вазиятнинг қалтислигидан келиб чиқиб, жиддий чоралар кўриш лозим. Биз, сиёсий раҳбарлар ва генераллар биргаликда муҳим қарорлар қабул қилишимиз лозим. Биз бу юртни ҳимоя қилишимиз даркор. Биз душманнинг машъум режаларини ҳар доим барбод қилганмиз. Худо хоҳласа, бу гал ҳам барбод қиламиз!”

Маршал Дўстум “қийин кунларда халқининг ёнида бўлиш учун қайтиб келганини” билдирди. У Туркияда даволанишга шароит яратиб бергани учун президент Эрдўғон ва Туркия ҳукуматига миннатдорчилик изҳор этди.

Маршал Дўстум бундан икки ой муқаддам даволаниш учун Туркиянинг махсус учоғида Анқарага олиб кетилган. Маълумотларга қараганда , Дўстумнинг қандли диабет касаллиги бор.

Кобулдаги Афғонистон ҳукуматига яқин таҳлилчи Ҳафизуллоҳ Фаёз 10 август куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, маршал Дўстумнинг толибларга нисбатан ҳамиша қатъий позицияда бўлганини айтди:

Маршал Дўстумнинг Толибонга қарши куни кеча қилган чақириғи янгилик эмас. У Толибонга қарши муносабатида ҳар доим собит бўлган.

“Маршал Дўстумнинг Толибонга қарши куни кеча қилган чақириғи янгилик эмас. У Толибонга қарши муносабатида ҳар доим собит бўлган. У ҳар доим шундай чақириқларни қилиб келган. Афсуски, расмий Кобул бунга, яъни Толибондан келаётган таҳдидга ўз вақтида етарли эътибор бермади ва натижада мамлакат бугунги аҳволга тушди”.

Ҳафизуллоҳ Фаёзнинг маълум қилишича, маршал Дўстум 6 август, жума куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашган.

“Фикримча, кечаги (9 август) кунги йиғилиш ўша мулоқотнинг маҳсули бўлса керак”, - деди Ҳафизуллоҳ Фаёз.

Унинг сўзларига кўра, душанба кунги учрашувда “Афғонистон президенти ва мамлакатнинг йирик, кўзга кўринган арбоблари иштирокида катта йиғин бўлиб ўтди. Йиғиндан мақсад барча кучлар бирлашиб, Толибонга қарши кураш режасини тузиш эди”. Таҳлилчи айтаётган бу йиғилиш тўғрисида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Бундай йиғин айнан Дўстумнинг ташаббуси билан ўтказилганини нима билан далиллайсиз, деган саволга таҳлилчи “Агар Дўстумсиз ўтадиган бўлса, шу пайтгача ўтказган бўлардилар”, - дея жавоб қайтарди.

Маршал Дўстумнинг Афғонистонга қайтиши мамлакатдаги, хусусан, асосан ўзбеклар яшайдиган шимолдаги вазиятга қандай таъсир қилиши мумкин? Дўстумнинг ортида қандай куч бор?

Олим Кўҳканнинг айтишича, Дўстум Толибонга қарши курашда муҳим "рамз"га айланган:

Дўстум рамздир. Кураш ва ғалабалар рамзидир. Унинг мамлакатда бўлиши унинг тарафдорларига руҳ беради.

“Дўстум рамздир. Кураш ва ғалабалар рамзидир. Унинг мамлакатда бўлиши унинг тарафдорларига руҳ беради. Бироқ амалда бугунги Дўстум кечаги Дўстум эмас. Унинг қўлида аввал бўлган танклари, учоқлари йўқ”.

Бироқ кобуллик таҳлилчи Ҳафизуллоҳ Фаёзнинг фикрича, Толибон таҳдиди умумий вазиятни, шу жумладан, Дўстум билан марказий ҳукумат ўртасидаги муносабатларни ўзгартирди. “Дўстумнинг қудрати - унинг режаси мамлакат президенти томонидан қабул қилиниб, кечаги йиғиннинг ўтказилишида”, - деди афғонистонлик таҳлилчи.

Олим Кўҳканнинг хабар қилишича, маршал Дўстум Афғонистонга Тошкент орқали қайтган. Айни пайтда Туркиядан Афғонистонга мунтазам ҳаво қатнови мавжуд. Дўстумнинг Тошкент орқали қайтгани борасида бирон расмий маълумот мавжуд эмас.

2020 йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ЎзА ахборот агентлиги маршал Абдурашид Дўстумга минбар берган.

Унда Дўстум Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида ўзбек тилида қилган нутқини “Афғонистондаги ўзбекларни чин маънода ғурурлантиргани”ни айтган эди.

Ўтмишда расмий Тошкент Дўстумнинг Ўзбекистон билан ришталарини рад этиб келган, марҳум президент Ислом Каримов 1998 йилда Абдулрашид Дўстумни “ўзбек генерали” деб аташга қаршилигини айтган эди.

Толибон ҳаракати АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка ҳарбийлари 11 сентябргача олиб чиқиб кетилишини эълон қилганидан сўнг ҳужумларини кучайтирди. Бу ҳужумлар Афғонистоннинг шимолий қўшнилари, жумладан Ўзбекистонда ҳам ташвиш уйғотди.

Толибон Марказий Осиё давлатлари чегараларига чиққан бир пайтда Тошкентда йирик минтақавий анжуман - “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.

Мавзуга алоқадор Тошкент, Толибон ва темир йўл. Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашга умид қилмоқда

Афғонистон ва Покистон президентлари иштирок этган анжуманда Толибон вакиллари қатнашмаган, аммо Тошкент сўнгги йилларда толиблар билан фаол мулоқот олиб бораётгани маълум.

Конференция арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ThisisAmerica TV мухбири Dennis Wholey билан суҳбатда "шахсан ўзи Толибонни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслиги" ҳақида баёнот берган эди.

Бугунга келиб, Толибон ўз ҳужумларини кучайтириб, шимол ва жанубдаги бир неча вилоят марказларини ишғол қилиши фонида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Тошкентнинг Афғонистон масаласида тутаётган позицияси танқидга учрамоқда.

Хусусан, Телеграмдаги Bakiroo канали муаллифи Отабек Бакиров 10 август куни "Толибонни тинчлантириш сиёсати касодга учрагани" ҳақида ёзди:

Толибларни "тинчлантириш" сиёсати касодга учраганини, афсуски, ҳеч бир ташқи куч тан олмаяпти.

“Толибларни "тинчлантириш" сиёсати касодга учраганини, афсуски, ҳеч бир ташқи куч тан олмаяпти. 2 ой аввал толиблар Афғонистон ўтиш ҳукумати таркибига киришга қарши эмасди. Бугун эса бу таклифни очиқдан-очиқ рад этишмоқда. "Ўтиш даври ҳукуматини тузиш - бизнинг режамизда йўқ", демоқда толиблар вакили Забиҳулла Мужоҳид. Бошқача айтганда энди толибларга бутун Афғонистон керак, улар ҳеч ким билан Афғонистонни бўлишмоқчи эмас. Толибларнинг вақтинчалик иттифоқчилари, шимол ва шарқдаги ҳомийларига бераётган бошқа ваъда-ю, ишонтиришлари ҳам ҳеч қандай қийматга эга эмас. Улар ҳар қандай келишувдан аввал қандай рози бўлган бўлса, худди шундай предлог билан чиқиб кета олишни ўзлари осон эп кўра олишади”.

Афғонистонда зўравонликлар кучайганига қарамасдан, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Америка кучларини олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган жадвал - шу ой охирида якунланиши кутилаётган муҳлатга қатъий амал қилишини айтмоқда.

Айни пайтда Толибон музокара чақириқларини рад этган ва АҚШни Афғонистонга қайта ҳарбий аралашувнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантирган.

Афғонистондаги вазият 7 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Туркманистонда ўтган учинчи маслаҳат учрашуви кун тартибидаги асосий мавзулардан бўлган.

Айни пайтда Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара ҳудудида Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийларининг қўшма машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон ҳарбийлари Термиз полигонида қўшма ҳарбий машқларни ўтказган. Айрим таҳлилчилар Россия Толибон таҳдидидан минтақадаги позициясини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланиши мумкинлигини айтишмоқда.

Россия расмийлари Толибон Марказий Осиё давлатлари чегараларига таҳдид солмаслигини айтишган.

«Толибон» Марказий Осиё давлатлари чегараси бузилмаслигига, Афғонистон ҳудудида хориж давлатларининг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари хавфсизлиги бўйича кафолат берди", дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги 8 июль куни тарқатган баёнотда.

Ўтган вақт мобайнида толиблар Афғонистон бўйлаб ҳужумларни янада кучайтирди. Ўтган жумадан буён Толибон мамлакат шимолидаги 6 та вилоят марказини қўлга киритди.