Афғонистон расмийлари мамлакатнинг аҳоли сони бўйича иккинчи ўриндаги шаҳри — Қандаҳор толиблар назорати остига ўтганини тан олишди. Шу номдаги вилоят маркази бўлмиш 600 минг кишилик ушбу шаҳар мамлакат жанубидаги муҳим стратегик жой саналади. Қандаҳор бир пайтлар “Толибон”нинг таянч истеҳкоми вазифасини ўтаган.
Мамлакат бўйлаб ҳужум бошлаган радикал ҳаракат ўтган куни катталиги бўйича учинчи шаҳар бўлмиш Ҳиротни босиб олганини эълон қилган эди, бугун эса яна бир муҳим стратегик маскан — Лашкаргоҳ таслим бўлгани тасдиқланди.
Бу воқеалар манзарасида АҚШ ўз элчихонаси ходимларини кўчириш учун Кобулга қўшин киритмоқда.
2021 йил августига қадар толиблар фақат аҳоли кам яшаган ҳудудларни назорат қилишарди. Бир ҳафта олдин улар 34 та вилоят марказидан биринчиси — 160 минг аҳоли истиқомат қиладиган Заранж шаҳрини эгаллашди. Айни пайтда ҳудудий маъмурий марказлардан тахминан учдан бири уларнинг назоратига ўтган.
Афғонистондан АҚШ контингентининг чиқиб кетиши толибларга кенг кўламда ҳужум бошлашга имкон берди. Халқаро тан олинган ҳукумат бирин-кетин мағлубиятга учраётгани манзарасида америкалик ҳарбийлар Кобул шаҳри толиблар томонидан босиб олинишининг тахминий муддатини қайта кўриб чиқди. Эндиликда Пентагон Афғонистон пойтахти яқин 90 кун ичида таслим бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.
11 август куни мамлакат президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толибларга қаршилик кўрсатиш ишини уюштириш мақсадида шимолдаги Мозори Шариф шаҳрига келди. Икки вице-президентдан бири, маршал Абдулрашид Дўстум ҳам ўша ерга етиб борган.
90-йиллар бошлари-ўрталарида Дўстум Мозори Шариф ва унинг теварагидаги туманларни ўз назоратида сақлаган ҳолда толибларга жиддий қаршилик кўрсатган. Ўшанда минтақа Дўстумистон номини олган эди. Дўстумнинг мунтазам армияси ва ўз пул бирлиги бўлган.