Хорижий қўшинлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгани ва мамлакатда ҳокимият ўзгаргани Марказий Осиёнинг қудратли давлатлар билан муносабатларига қандай таъсир қилиши ҳақида турли қарашлар мавжуд.
Баъзиларнинг айтишича, кейинги йилларда Россия ёки Хитойнинг минтақадаги фаоллиги кучаяди, АҚШнинг таъсири эса озаяди.
Аслида эса Марказий Осиёнинг қудратли давлатлар билан муносабатлари деярли ўзгармаслигини кутиш мумкин.
АҚШ
Айримлар АҚШ Афғонистондан чиқиб кетгани Вашингтоннинг Марказий Осиёдаги обрўсига путур етказгани ҳамда Марказий Осиёнинг АҚШ билан муносабатлари сустлашишига олиб келишини айтмоқда.
Лекин Марказий Осиё ҳукуматлари Афғонистонда 20 йилга чўзилган ҳарбий амалиёт улар учун қанчалик аҳамиятли бўлганини унутмайди.
Айниқса, Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қайта қўлга олгани фонида шуни айтиш мумкинки, АҚШнинг Афғонистондаги миссиясидан ҳеч ким Марказий Осиё давлатлари каби наф кўрмади.
1990-йиллар охирида Толибон Марказий Осиё чегараларига етиб борганида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари саросимага тушиб қолганди.
Ўшанда расмий бетарафлик сиёсатини олиб борган Туркманистонгина жангари гуруҳ билан муроса қилишга муваффақ бўлди.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари 2001 йил охирида Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлаганидан сўнг, бу таҳдидлар Марказий Осиёда йўқ бўлди ҳамда Афғонистон шимоли 2013 йилгача нисбатан тинч бўлди.
Бу даврда АҚШ, унинг хорижий иттифоқчилари ва Афғонистон ҳукумати кучларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Афғонистондаги беқарорлик Марказий Осиёга таъсир этмади ва бу мамлакатлар тинч ривожланди.
АҚШ Афғонистондан чиқиб кетгани ортидан содир бўлган ҳодисалар кутилмаган бўлди, бироқ АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш режаси президент Барак Обама томонидан бундан 10 йил олдин эълон қилинган эди. Шундай экан, Марказий Осиё раҳбарлари хорижий кучлар Афғонистонни тарк этишидан хабардор эдилар ва уларда ҳозирлик кўриш учун 10 йил вақт бор эди.
2001–2021 йиллар мобайнида АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистондан келаётган таҳдидларни аниқлаш ва бартараф этиш салоҳиятини ошириш мақсадида қўшма машғулотлар ўтказди, чегара хавфсизлигини таъминлаш учун маблағ ва ускуналар олиб берди. Хусусан, АҚШ бу мамлакатларга квадротцикл, юк машиналари ҳамда зирҳли транспорт воситаларини олиб берди.
Бундан ташқари, АҚШ Марказий Осиёга иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиб келади. Хусусан, сўнгги йилларда АҚШ Марказий Осиё мамлакатларини COVID-19 вакциналари билан таъминлади, иложи борича минтақадаги мамлакатлар билан савдо кўламини оширишга уринди, бу давлатларнинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) каби халқаро ташкилотларга қўшилиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, АҚШ Россия ва Хитойга қарши куч ўлароқ хизмат қилади. Бу эса Марказий Осиёга ўзини Москва ёки Пекиннинг ошиқча таъсиридан ҳимоя қилишга кўмаклашади.
Россия
Баъзилар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонни тарк этгач, Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири сезиларли даражада ошади, деган фикрни илгари сурмоқда.
Россия узоқ йиллардан бери минтақада хавфсизлик соҳасида фаол. Бу фаоллик АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги амалиётларни қўллаб-қувватлаш учун Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда база очишидан анча олдин бошланган.
Россиянинг 201-дивизияси 1940-йиллардан бери Тожикистонда жойлашган. 2012 йилда имзоланган битимга кўра, рус ҳарбийлари камида 2042 йилгача Тожикистонда қолади.
Россия АҚШ кучлари Қирғизистонда жойлаштирилганидан кейин, 2003 йилда Қанд шаҳрида ҳарбий база очди. 2012 йилда имзоланган битимга биноан, Россия кучлари у ерда камида 2027 йилгача қолади.
Техник жиҳатдан, Қанддаги базани Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бошқаради. Аммо у ердаги деярли барча қўшин ва ҳарбий техника Россияники.
Россия Қирғизистон ёки Тожикистонда ўз ҳарбий кучларини кўпайтиришни режалаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, ҳозирча Россия Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида база очмоқчи экани ҳақида ҳам хабар йўқ.
Яқинда Россия Тожикистон ва Ўзбекистон билан Афғонистон чегараси яқинида қўшма ҳарбий машғулот ўтказди. 24 августда эса Қирғизистонда КХШТ машғулотлари бошланди.
Аммо Россия 1990-йилларнинг охирида ҳам худди шундай иш тутган эди. АҚШ Афғонистонда бўлган йиллар давомида ҳам Москва Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан мунтазам равишда машқ ўтказди. 2016 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайланганидан сўнг, Россия Ўзбекистон билан ҳам ҳарбий машғулот ўтказа бошлади.
Табиийки, Москва ўз фойдасини кўзлаб Афғонистоннинг минтақага соладиган таҳдидлар билан боғлиқ хавотирларга урғу бериши мумкин. Аслида ҳам Кремль 25 йил давомида бу қўрқувлар ҳақида бонг уриб келди. Шундай экан, Москва Марказий Осиё давлатларини Россияга яқинлашишга ва Ғарбдан ёки ҳатто Хитойдан узоқлашишга чорлаб, босим ўтказиши мумкин.
Россия, шунингдек, Тошкентни КХШТга қайта қўшилишга кўндириши мумкин. Бугунга қадар Ўзбекистон ташкилотга икки марта аъзо бўлиб, чиқиб кетган (1992–1999 ва 2006–2012). Қолаверса, Москва ҳатто Туркманистонни изоляциядан чиқариб, ўз таъсир доирасига киритиши мумкин. Бу жараён сўнгги йилларда аллақачон йўлга қўйилган.
Аммо Москва сўнгги пайтларда Афғонистоннинг минтақада туғдираётган таҳдидлари ҳақида турли хил фикрлар билдирмоқда.
Айни дамда Россия расмийлари Толибон соладиган таҳдидни кичрайтириб кўрсатмоқда. Айрим Россия расмийлари ҳатто Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш қулаган собиқ ҳукуматга қиёслаганда осонроқ бўлади, дея таъкидлади.
Россия расмийлари Афғонистондаги афғон бўлмаган исломий экстремистлар асосий таҳдид экани, бундай гуруҳлар аъзолари орасидаги Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ватанларида беқарорлик келтириб чиқариши мумкин, деб даъво қилмоқда.
Марказий Осиё ҳукуматлари бу фикрга қўшилишини кутиш мумкин.
Аммо бу тахмин тўғри бўлганда ҳам, Россия Марказий Осиё давлатларига қанчалик ёрдам бера олган бўларди?
Афғонистондаги экстремистик гуруҳлар бемулоҳаза иш тутиб, чегарани оммавий равишда кесиб ўтишга уринмаса, Россия Марказий Осиё давлатларига кўп ҳам ёрдам бера олмайди.
Террор хуружларини амалга ошириш учун кичик экстремистик гуруҳлар ёки индивидуал террорчилар Марказий Осиёга ўтиши олдини олиш мушкул бўлади. Қолаверса, бу ҳар бир давлат учун ички таҳдиддир.
Икки ёки кўп томонлама мудофаа шартномалари хорижий ёки ташқи таҳдидларга асосланади. Бундай шартномани имзолаган мамлакатлар бирор аъзо мамлакатга ички душманларга қарши курашишда ёрдам беришга мажбур эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиёда шу кунгача ҳеч бир мамлакат бундай қилгани йўқ.
Хитой
Пекин АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетишидан фойдаланиб, Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтириши мумкин, деган тахминлар ҳам бор.
Аммо Хитойнинг минтақадаги таъсири асосан иқтисодий характерга эга. Шундай бўлса-да, шубҳасиз, Пекин Марказий Осиё давлатларига таҳдидлар билан курашишга ёрдам бериб келади (энг аввало, бундай таҳдидлар Хитойга тарқалиши олдини олиш мақсадида).
Хитой Марказий Осиёда қурол сотади ҳамда ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида, ҳам индивидуал давлатлар билан тўғридан-тўғри қўшма ҳарбий машғулот ўтказиб туради.
Пекин, шунингдек, Тожикистон шарқидаги чекка ҳудудда кичик ҳарбий базани юритади.
Айримларнинг фикрича, агар минтақа Афғонистондан келаётган кучлар таъсирида беқарорлашса, Хитой Марказий Осиёга ёрдам бериш учун қўшин юбориши мумкин.
Аммо бундай бўлиши эҳтимоли жуда оз.
Асосан мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда ҳукуматни дастаклаш учун Хитой кучлари сафарбар қилиш Марказий Осиё давлати дучор бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай хавфсизлик муаммоларини янада мураккаблаштирган бўларди, чунки бундай ҳолат жиҳодчиларни ўзига жалб қилган бўларди.
Пекин ўз мусулмонлари – уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқаларга қарши бошлаган шафқатсиз кампания аллақачон Хитойнинг обрўсига путур етказди ва кўплаб хорижликлар қаҳрини келтирди.
Қолаверса, Хитой сўнгги 25 йил ичида даҳшатли армия тузган бўлса-да, коммунистлар ҳокимият тепасига келганидан буён Хитой хорижда амалга оширган ҳарбий амалиётлар кишида катта ишонч туғдирмайди.
Хитой қўшинлари 1950-йилларнинг бошларида ва 1969 йилда Уссури дарёси бўйича совет қўшинлари билан содир бўлган қисқа жангда, шунингдек, 1979 йилда Вьетнамга бостириб кирганда катта мағлубиятга учраган. Пекин сўнгги 40 йил ичида қўшинларини бошқа мамлакатга жанг қилиш учун юбормаган.
2016 йилда Жанубий Суданда икки хитойлик тинчликпарвар аскар ўлдирилди. Бу хабар Хитойда жамоатчиликни ларзага солди. Бошқа бир хорижий амалиёт давомида ўнлаб хитойлик аскар ҳалок бўлганини изоҳлаш Пекин учун муаммоли бўлган бўларди.
Бунга қарамасдан, Хитой Марказий Осиёда йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида катта миқдорда сармоя ётқизди ва йирик миқдорда нефть, табиий газ, уран, темир каби хомашёларни қазиб олишга муваффақ бўлди.
Минтақа ҳукуматлари бу лойиҳалардан фойда кўрганини хулоса қилиш мумкин. Қолаверса, кўпчилик Хитой лойиҳалари туфайли иш билан таъминланди.
Аммо Хитойнинг Марказий Осиёдаги улкан лойиҳалари – нефть ва газ қувурлари, янги темир йўллар ва автомобиль йўллари, нефтни қайта ишлаш заводлари ва бошқа инфратузилма лойиҳаларининг куни битмоқда.
Хитой Марказий Осиёга сармоя киритишда ва қимматли ресурсларни қазиб олишда давом этади. Аммо Пекин минтақада 10 ва 20 йил олдингидек маблағ сарфламайди. Бу орада Марказий Осиё ҳукуматлари Хитойдан олган кредитларни қайтариш вақти келиб қолди. Бу эса Марказий Осиё давлатлари учун бошоғриқ бўлмоқда.
Шуни айтиш жоизки, Марказий Осиёда Хитойга қарши кайфият кучайиб боряпти. Фуқаролар орасида ўз ҳукуматлари Пекинга сотилгани ҳақидаги қараш тарқалар экан, Пекинга қарши кайфият янада кучайиши мумкин.
Марказий Осиёга ёрдам керакми?
Марказий Осиё ҳукуматлари Афғонистон борасидаги хавотирлари туфайли келгуси ойларда хорижий ҳамкорлик тўғрисида шошма-шошарлик билан турли қарорларни қабул қилиши мумкин.
Аммо, аслида улар ташқи ёрдамга умуман муҳтож бўлмаслиги мумкин.
Толибон илк маротаба Марказий Осиё остонасига келганида Марказий Осиёнинг бешта давлати мустақилликка эришганига атиги беш йил тўлган, Тожикистонда фуқаролар уруши давом этаётган эди.
Ўша пайтда бу мамлакатлар етакчилари хавотирланишига асос бор эди.
Бу орада мустақилликка 30 йил тўлди, Тожикистондаги фуқаролар уруши ўтмишда қолди. Бугунги кунда Марказий Осиё, умуман олганда, барқарор минтақа ўлароқ кўрилади. Қолаверса, минтақадаги мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустақилликнинг дастлабки йилларига қараганда анча яхши.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари армиялари кенгайиб, яхши жиҳозланди, Афғонистон билан чегара яхшироқ ҳимояланмоқда.
Қолаверса, бу мамлакатларнинг барчаси толиблар ҳақида 1990-йилларнинг иккинчи ярмига қараганда анча кўпроқ билади.