Аҳмад Маъсуд Толибон билан гаплашмоқчи, аммо жанг қилишга ҳам тайёр

Аҳмад Маъсуд Кобулдаги матбуот анжуманида - 27 февраль, 2020

Якшанба куни Афғонистондаги Толибон босиб олмаган ягона ҳудуд раҳбари Аҳмад Маъсуд толиблар билан тинч музокара ўтказишга умид қилаётгани, аммо ўз қўшинлари жанг қилишга ҳозирлигини айтган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар бермоқда.

«Биз толибларга олға қадам ташлашнинг ягона йўли музокара олиб бориш эканини тушунтирмоқчимиз», деган у “Reuters” агентлигига телефон орқали берган интервьюсида.

Маъсуд Кобулнинг шимоли-ғарбида жойлашган Панжшир водийсини ўз жангчилари билан назорат қилиб турибди.

«Биз уруш бошланишини хоҳламаймиз», деган у.

Мавзуга алоқадор Афғонистон: Панжшир Толибонга қарши. НАТО Бош котиби толибларни огоҳлантирди

Аввалроқ Толибон “Twitter”да Панжширдаги «маҳаллий давлат амалдорлари тинч йўл билан ҳокимиятни топширишдан бош тортгани ортидан» вилоятга юзлаб жангчи юборилганини билдирган эди.

Маъсуд 1980–1990 йилларда мужоҳидлар лидери, кейинроқ Афғонистон мудофаа вазири бўлган Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг ўғлидир.

Кенжа Маъсуд агар Толибон кучлари водийга бостириб кирмоқчи бўлса, унинг тарафдорлари жанг қилишга тайёр эканини айтган.

«Улар мудофаа қилиш, жанг қилиш, ҳар қандай тоталитар тузумга қаршилик кўрсатишни хоҳлайдилар».

Толибон кучлари амалиёт бошлагани ёки йўқлиги ҳақида бир-бирига зид хабарлар тарқалди. Толибон расмийларидан бири Панжширга ҳужум бошланганини таъкидлаган. Аммо Маъсуд ёрдамчиси Толибон жангарилари водийга элтувчи тор довонга кирганини тасдиқловчи далил йўқлиги ҳамда тўқнашувлар ҳақида ҳеч қандай хабар келиб тушмаганини айтган.

Ўтган ҳафта Толибонга қарши кучлар Панжшир билан чегарадош шимолий Бағлон вилоятининг учта туманини қўлга олди. Маъсуд тўқнашувларга алоқаси йўқлигини, Толибонга қарши маҳаллий қуролланган гуруҳлар курашганини айтган.

Маъсуд Кобулда Афғонистоннинг барча этник гуруҳларини ўз ичига олувчи кенг қамровли ҳукуматни тузишга чорлаб, «тоталитар тузумни»ни халқаро ҳамжамият тан олмаслиги кераклигини айтган.

Водийда ҳали-ҳануз совет зирҳли техникаси қолдиқлари ётгани Панжширни қўлга олиш ўтмишда нақадар мушкул бўлганини эслатиб туради. Аммо кўплаб кузатувчилар Маъсуд кучлари ташқи ёрдамсиз узоқ вақт қаршилик қила олишига шубҳа билдирмоқда.

Мавзуга алоқадор Афғонистон вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ Толибонга қарши курашишини билдирди

Маъсуднинг ўзи ҳам жанглар бошланиб кетса, халқаро ёрдамга муҳтож бўлишини айтган.

Унинг ёрдамчиси аскарлари 6000 дан ортиқ эканини айтган. Маъсуднинг сўзларига кўра, унинг жангчилари фақат панжширлик эмас.

Панжширда асосан этник тожиклар яшайди ва улар толиблар ҳаракатининг асосий қисмини ташкил этувчи паштунлар билан узоқ вақтдан бери чиқишмай келади.