Афғонистондаги қақшатқич зилзила оқибатлари суратларда

Ота фарзандининг жонсиз танасини кўтариб бормоқда. Ҳирот вилояти, Зинда Жон туманининг Сарбуланд қишлоғи, 8 октябр.

Гуманитар ташкилотлар ходимлари Ғарбий Афғонистоннинг зилзиладан жабр кўрган айрим ҳудудларига етиб бориб, озиқ-овқат тарқатишга киришганлар. Қутқарув ишлари давом этмоқда. Кетма-кет содир бўлган кучли зилзилалар камида 2000 кишининг умрига зомин бўлди.

Зинда туманида зилзила қурбонларини излаш.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури вакили Воҳид Омоний Озодлик радиосига айни пайтда Ҳирот вилоятида бир неча юз кишига шошилинч ёрдам юклари етказилганини маълум қилди.

“Биз тахминан 20 000 кишига энг зарур озиқ-овқат ёрдамини етказиб бера оламиз”, деди Омоний. Унинг қўшимча қилишича, агентлик ушбу рақамни 70 мингга оширишга тайёр.

 Икки эркак яқинларидан жудо бўлган ҳамқишлоғини юпатишга уринмоқда.

Жигари қабри бошида ўтирган азадорлар.

Ҳиротнинг ер силкинишидан энг кўп жабр кўрган ҳудудларига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ходимлари ҳам йўл олишди.

Афғонлар зилзила қурбонларига қабр қазишмоқда.

ЖССТ маълумотига кўра, жабрланганлар сони 11 000 кишидан ошган.

Зинда Жон тумани. Афғонлар қидирув-қутқарув ишларини вақтинча тўхтатиб, намоз ўқишмоқда.

Ушбу ҳудудларга етиб бориш қийин. Маҳаллий мулозимлар қурбонлар сонига доир баҳсли рақамларни келтиришмоқда. 8 октябр куни Толибон ҳукумати вакили энг сўнгги маълумотга кўра қурбонлар 2000 кишидан ошганини билдирди.

Вайрон бўлган уйи ёнида мушугини тиззасига олиб ўтирган ўспирин.

Толибон ҳукуматининг Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш вазирлиги вакили Мулла Жанан Саик матбуот анжуманида журналистларга 2440 киши ўлиб, қарийб 10 000 киши жароҳат олганини ва 2000 дан ортиқ уй шикастлангани ёки вайрон бўлганини айтди. Афғонистон фавқулодда вазиятлар агентлиги эса 8 октябрдаги хабарномасида қурбонлар сонини 2053 киши деб кўрсатган.

Ушбу маълумотларнинг ҳеч бирини мустақил манбалар орқали текшириш имкони йўқ.

Харобалар остидан жасадларни ва тирикларни қидириш.

Зилзила натижасида жуда кўп уйлар мана шундай чордеворга айланди.

Биринчи ер силкиниши маркази Ҳиротдан шимоли-ғарб томон тахминан 40 километр нарида бўлган. Шаҳарда ва унинг атрофида 700 мингга яқин аҳоли яшайди. Биринчи зилзила ортидан яна камида уч марта қаттиқ силкиниш бўлди.

Афғонистонликлар вайроналар орасидан жасадларни қидиришда давом этишмоқда.


 

Кетма-кет зилзиладан деярли харобага айланган уйлардан бири.

Мотамсаро афғон аёллари.

Қидирув ишлари қош қорайгунча тўхтамайди.

АҚШ геология хизматига кўра, энг кучли силкиниш магнитудаси 6,3 балл бўлган, энг охирги силкиниш Зинда Жон шаҳридан 30 километр шимоли-шарқда рўй берган.

Вайроналар орасида кимнидир излаб юрган афғон йигит.

Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш вазирлиги вакили Муҳаммад Абдулла Жон энг кучли силкинишлар Зинда Жон туманидаги тўртта қишлоқда содир бўлганини айтди.

Халқаро ёрдам ташкилотлари Афғонистон ғарбида содир бўлган бир неча кучли зилзиладан жабр кўрганларга ёрдам етказишга ҳаракат қилмоқда. Охирги йилларда содир бўлган энг кучли зилзила 2000 дан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган.