Афғонистонда ёғин-сочин ва тошқинлар оқибатида охирги икки кун ичида 7 киши нобуд бўлган, 19 киши жароҳат олган. Бу ҳақда Tolonews нашри хабар қилди.
Нашр қайдича, ёғин-сочин айниқса Бадахшон, Панжшер, Ғазни, Вардак, Пактиё ва Бомиён вилоятларида шиддатли бўлган. Нангарҳор ва Лағмон вилоятлари расмийлар ҳам табиий офат туфайли одамлар ўлгани, уй-жой ва экинзорлар вайрон бўлгани ҳақида маълум қилишган.
“Тошқин натижасида 800 та уй вайрон бўлган, 1600 акр экин майдонига шикаст етган. Сўнгги уч кун ичида уйлар қулашидан тўрт киши вафот этди, яна олти киши тан жароҳати олди”, дея билдирган Нангарҳордаги табиий офатларга қарши кураш департаменти раҳбари Сайфуллоҳ Холид.
Лағмон губернатори матбуот котиби Абдулмалик Ниёзий эса икки бола дохил уч киши нобуд бўлганини билдирган.
“Яна 13 киши жароҳат олган, шунингдек, 515 та уй ва 400 жериб (8 гектар) ер вайрон бўлган”, дея қўшимча қилган мулозим.
Тошқиндан жабрланган вилоятлар аҳолиси ёрдам сўраб Толибон шакллантирган муваққат ҳукумат ва гуманитар ташкилотларга мурожаат қилган.
“Бизга имкон қадар тезроқ ҳар қанақа ёрдам берилишини кутяпмиз. Мўминобод қишлоғи аҳлининг оқшом ейишга нони ҳам йўқ”, деган нангарҳорлик Риди Гул.
Афғонистон Транспорт ва фуқаро авиацияси вазирлиги Метеорология департаменти аввалроқ мамлакатдаги 34 та вилоятнинг кўпида шиддат ёғин-сочин кутилаётганидан огоҳлантирган эди.